Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси Остон Ўрунов Осиё кубогидаги иштирокидан кейин фаолиятини Эрон чемпионатида давом эттирадиган бўлди.
23 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи «Персиполис» клуби билан 1,5 йиллик шартнома имзолаган. Ўрунов 2023 йил охирида «Навбаҳор»ни тарк этганди ва эронликлар сафига эркин агент сифатида қўшилди.
«Остон Ўрунов – қизил армия аскарига айланди», - дейилади Теҳрон клуби расмий сайти хабарида.
Шунингдек, форс клуби Ўруновнинг Осиё кубогидаги иштироки ва ЖЧ-2026 саралаши доирасидаги Ўзбекистон – Эрон ўйинида гол ва ассистга муаллифлик қилганини ёдга олган.
Аввалроқ, ўзбекистонлик футболчи 1,5 йиллик шартномага кўра, Теҳрон клубида умумий 900 минг АҚШ доллари маош олиши ҳақида хабар берилганди.
Маълумот учун, «Персиполис» Эрон чемпионатида 15-турдан кейин 3-ўринда бормоқда. Клуб 30 очко билан пешқадам «Истиқлол»дан 2 очкога ортда қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Остон Ўруновнинг «Спартак»даги йиллик маоши 600 минг АҚШ долларини ташкил этарди.