Бугун, 7 феврал куни «Насаф»га Суперлига-2023 кумуш медалларини топшириш ва янги футболчиларни таништириш маросими бўлиб ўтди.
Бугун «Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов» номидаги Қашқадарё вилоят академик-драма театрида «Насаф» жамоасига тантанали равишда Суперлига-2023 кумуш медаллари топширилди.
«Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов сўзга чиқиб, вилоятимиз аҳлини ўтган мавсумда жамоамиз томонидан қўлга киритилган ютуқлар билан табриклади ва Қашқадарё халқи анчадан буён севимли жамоамизнинг Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритишни орзу қилаётгани ва жорий йилда ушбу орзуни ушалишига бор кучимиз билан ҳаракат қилишимиз кераклигини таъкидлаб ўтди. Жамоамиз олдидаги мақсад ва вазифаларни бажариш учун вилоят раҳбарияти ҳар қандай ёрдамни аямаслигини таъкидлаб ўтди.
Сўнгра клубимиз президенти, «Шўртан газ-кимё мажмуаси» бош директори Шуҳрат Асланов сўзга чиқиб, «Насаф» футбол клуби ўтган мавсумда катта ҳажмдаги ишни амалга оширганини ва жамоа бу билан тўхтаб қолмаслигини қайд этди. Жамоа совринлардан ташқари футболни аёллар, футзал, турли ёшдаги кичик терма жамоалар ҳамда Ўзбекистон Миллий терма жамоасига ҳам футболчиларни етказиб берадиган катта механизмга айланганини эътироф этди. Клубимиз президенти жамоанинг шу даражага етиши учун хизмат қилган барча ишчи-ходимлар, мухлислар, вилоят раҳбарияти ва «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятига ўз миннатдорчилигини билдирди», - дейилади клуб хабарида.
Жамоа номидан сўзга чиққан бош мураббий Рўзиқул Бердиев йил давомида «Насаф»ни қўллаб-қувватлаган барчага ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди ва янги мавсумда жамоа олдига қўйилаётган мақсад йўлида бирлашиб, вилоят аҳли узоқ кутган чемпионлик учун курашишга ваъда берди.
Шундан сўнг жамоага янги келиб қўшилган Виктор Да Силва, Зоран Марушич, Темур Чогадзе, Игор Голбан, Ислом Кенжабоев, Шароф Муҳитдинов, Бобир Абдихолиқов ва Зафар Сафоев мухлисларга таништирилди.