Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Аббосбек Файзуллаевга «Бавария» клуби қизиқмоқда. Бу ҳақда россиялик футбол агенти Антон Смирнов телеграмдаги каналида хабар берган.
Манба хабарига кўра, «Бавария» клуби Аббосбек Файзуллаевга Ўзбекистон U23 сафидаги ўйинларидан кейин эътибор қарата бошлаган. Файзуллаев немис клуби скаут хизматининг диққат марказида турибди.
20 ёшли яримҳимоячи Ўзбекистон ёшлар жамоаси сафида Осиёда чемпион бўлиб, ЖЧда иштирок этгач, 2023 йилнинг август ойида «Пахтакор»дан 500 минг евро трансфер пули эвазига ЦСКА клубига кўчиб ўтиб, ўтган ярим йил ичида Москва жамоасида 4 марта ойнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. У бу орада клубида 18 ўйинда 2та гол ва 9та ассистга муаллифлик қилди. Transfermarkt портали Файзуллаевни 4 миллион еврога баҳолаган.
Аввалроқ, португалиялик футбол агенти Паулу Барбоза Файзуллаев Европа кучли бешлик чемпионатига кўчиб ўтишга тайёрлиги ҳақида гапирганди.