«Интер Майами»нинг Ҳонгконг чемпионати юлдузларига қарши ўйини (4:1) можарога олиб келди.
South China Morning Post хабарига кўра, ҳукумат Лионел Мессининг ўйинда иштирок этишини ўз бўйнига олган ташкилотчилардан жавоб талаб қилган ва берилган кўп миллион долларлик тўловнинг бир қисмини қайтаришни сўраб таҳдид қилган. Ўйин учун 15 млн Ҳонгконг доллари (деярли 2 млн АҚШ доллари) сарфланганди.
Ҳонгконг маъмурияти раҳбари Жон Ли Качхиуга аргентиналик футболчининг майдонга тушиши айтилганди. Эрталаб расмийларга Месси сардорлик боғичини тақиб ўйнаши ҳақида хабар берилганди. Шартномада форвард камида 45 дақиқа майдонга тушиши шарт эди. Ҳукуматга футболчининг жароҳати туфайли вазият ўзгаргани ҳақида маълумот берилмаган.
Баҳс охирида раҳбарият ҳеч бўлмаганда Месси кубокни олиш учун чиқишини ва вазиятни тушунтиришини сўради, аммо бу ҳам амалга ошмади. «Интер» раҳбари Дэвид Бекҳэм жамоатчиликдан узр сўрашга ваъда берди, бироқ буни ҳам амалга оширмади.
Ташкилотчилар — Tatler Asia'нинг айтишича, уларга Месси ҳам, Луис Суарес ҳам майдонга тушмаслиги борасида ҳеч қандай маълумот берилмаган.
«Интер Майами» бош мураббийи Херардо Мартино кейинроқ вазиятни тушунтириб, ҳонгконгликлардан узр сўради.
«Ҳонгконгдан миннатдормиз, бизга жуда яхши муносабатда бўлишди ва халқнинг очиқкўнгил эканлигини ҳис қилдик. Бизга бугунги ўйин ҳам ёқди, лекин Луис Суарес ва Лионел Мессининг йўқлиги кўпчилик мухлисларнинг ҳафсаласини пир қилганини тушунамиз.
Бу тиббиёт штабининг қарори эди. Футболчиларнинг жисмоний ҳолатини текширдик. Агар майдонга туширсак, уларнинг саломатлигини хавф остига қўйган бўлардик.
Мухлисларнинг хафа бўлганини тушунамиз ва улардан кечирим сўраймиз. Биз футболчиларга бироз ўйнашга рухсат беришни истагандик, аммо хавф жуда катта эди. Мессида сон мушакларида оғриқ бор, бу ҳолат кўп кундан бери кузатилмоқда. МЛС олдида ҳам мажбуриятларимиз бор, шу туфайли бу ўйинда таваккал қила олмаймиз, деган хулосага келдик», — деди Майами клуби устози.