«Пахтакор» раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Лолазор» подкасти меҳмони бўлиб, клуб ва стадионнинг келажаги борасида ўз фикрларини билдирди.
«Аслида футболга қизиқмасдим. Лекин жамоа ҳомийси кетгач, «Пахтакор»ни ярим йўлда ташлаб кетишни хоҳламадим.
Ўтган мавсум куз ойларига келиб, чемпион бўлавериб чарчаб кетган 5-6 катта футболчилар саботаж қилишди. Ўшанда футболни ташлашга қарор қилдим. Кейин 200га яқин мухлис уйимга келиб, ўтириб олди. «Ярим йўлда ташлаб кетманг, давом эттиринг» деб сўрашди. Клубнинг ички ишларига аралашишимни ва бунга қаршилик қилмасликларини сўрадим. Рози бўлишди. Кечаси 23:30да Максим Шацких ва Диёр Холматовни чақирдим. Диёр сардор бўлишини, қарияларни майдонга туширмасликни айтдим. Кетма-кет 3 ўйинда («Турон» 3:0, «Бухоро» 1:0, «Аҳал» 3:0) ютдик. Саботаж қилганларга «Кўрдингларми, сенларсиз ҳам эплай оламан» дедим. Якунда яна чемпионга айландик. Умуман олганда, 2 йилдан бери чемпион бўлиш қийин бўляпти.
«Пахтакор» клубининг сотувга қўйилиши? 100 долларга ҳам олмайман, текинга олишим мумкин. Ўзи ҳозиргача 70-80 млрд пулим кетди шу клубга.
Стадионни бузиш? 12 ёшимдан «Пахтакор» стадиони олдида чипта сотганман. Бу ер менга ҳам қадрли. Уйни қурасиз-кетасиз. Номингиз қолмайди. Тадбиркорни бир тарафлама кўравериш керак эмас.
Клублар хусусийлаштирилса, футболимиз зўр бўлиб кетади дегани эмас. Шундай бўлса, Саудия Арабистони клублари ёки Кореянинг «Улсан Ҳюндай»и дунёда энг зўри бўлиб кетарди.
Хўш, мен «Пахтакор» билан нима қилмоқчи эдим? Стадион олдини чиройли қилиб, кўнгилочар масканга айлантирмоқчи эдим. Мақсадим — одамлар дам олгани келиб, шу баҳона футболга ҳам кирса. Кейин Қибрайдаги базага 100-200 ўринлик меҳмонхона қуриб, вилоятлардан ёш футболчиларни ва хорижан мураббийларни олиб келмоқчи эдим. Ёшларни 3 йил казарма ҳолатида тарбиялаб, зарур витаминлар билан таъминлаб «Пахтакор»да ўйнатиб хорижга сотмоқчи эдим. Шунда харажатларим қопланарди. Мана, кеча 18 ёшли болани АПЛ клубига сотдик (Муҳаммадали Ўринбоев «Брентфорд»га). Бунақаси илк бор бўлди. Келажакда миллий жамоадаги 11 футболчи Англия, Франция, Португалияда ўйнаётган йигитлар бўлса ёмонми? Аммо сўнгги воқеалар, мен ҳақимдаги гаплардан сўнг ўйланиб қолдим».
Шунингдек, Ортиқхўжаев Аббос Файзуллаев ва Диёр Холматовнинг «Пахтакор» асосий таркибига киришига сабабчи эканлигини айтди.
«Қибрайдаги базага бориб, машғулотларни кузатдим. Қарасам, бир кичкина бола (Аббос) югуриб юрибди. Ҳаракатлари яхши. Кейин ўша вақтдаги бош мураббий Питер Ҳюистрани чақириб, «шу болани асосий таркибга қўй» дедим. «Йўқ, олмайман. Катталарнинг оёғи остида қолиб кетади» дейди. Илтимос қилдим, кўнмади. Кейин мажбурладим. Шу болада нимадир сездим-да. Мана, шундан кейин ўйнаб кетди. Диёр Холматов ва Шаҳзод Азмиддинов билан ҳам шундай бўлди. Азиз Турғунбоевни ҳам сал четлаштириб қўйишган экан».