04.02.2024 11:34
3268
Теглар
«Бу қойилмақом саёҳат бўлди». Феллайни фаолиятини якунлаганини эълон қилди

«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ футболчиси Маруан Феллайни 36 ёшида фаолиятини якунлади.

Белгиялик яримҳимоячининг фаолиятини якунлаш ҳақидаги қарори ноябр ойида маълум бўлганди — ўшанда Феллайни ўйнаган «Шандун Тайшан» устози бу ҳақда хабар берганди. 3 феврал куни Маруаннинг ўзи буни тасдиқлади.

«Мен ушбу постни 18 йилдан сўнг профессионал футболдаги фаолиятимни якунлаётганимни эълон қилиш учун ёзяпман.

Ҳаммаси анча олдин бошланган. Болаликдаги илк ўйинларимни, дадам билан чексиз машғулотларни, «Стандард»га илк бор киришимни, Белгия миллий жамоасига чақирувни худди кечагидек эслайман. Вақт учиб кетмоқда!

Бу ақл бовар қилмайдиган саёҳат бўлди! Ўзим яхши кўрган спорт турини юқори савияда ўйнай олганимдан жуда миннатдорман. Белгияда «Стандард», Англияда «Эвертон» ва «Манчестер Юнайтед», Хитойда «Шандун Тайшан» клублари шарафини ҳимоя қилганимдан фахрланаман. Белгия миллий жамоаси сафида 2008 йилги Олимпиада, Евро-2016, 2014 ва 2018 йиллардаги жаҳон чемпионатларида иштирок этиш шараф эди.

Дунёнинг энг яхши мухлислари қаршисида ўйнадим. Фаолиятим давомида доимий қўллаб-қувватлаганликлари учун уларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Сизнинг қўллаб-қувватлашингиз ва иштиёқингиз мен учун доимий илҳом манбайи бўлди. Сизнинг севгингиз, ёрдамингиз ва дўстлигингиз бебаҳодир. Раҳмат!

Ҳаётимнинг янги бобига кирган сари янги синовларни интиқлик билан кутяпман. Ажойиб футболни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этаман. Тезда кўришамиз!» — деб ёзган Феллайни.

Фаолияти давомида Маруан «Стандард» билан Белгия чемпионлиги ва Суперкубогини қўлга киритган. «МЮ» билан 4та совринни ютган — Англия Кубоги ва Суперкубоги, Лига Кубоги ва Европа Лигаси. Белгия билан 2018 йилги жаҳон чемпионатида бронза медалига сазовор бўлган.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар