«Насаф» ва «Андижон»нинг Туркия йиғини доирасидаги Украина клублари билан белгиланган ўртоқлик учрашувлари бекор бўлди.
Украинанинг «Черноморец» клуби «Андижон»га қарши учрашуви бекор қилинганини маълум қилган бўлса, «Ворскла» клуби «Насаф»га қарши ўйин ўтказишни истамаган.
«Черноморец» матбуот хизмати хабарига кўра, клуб «Андижон» жамоасини агар улар Россиянинг ЦСКА клубига қарши ўйин ўтказса, учрашув бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирган. Ўзбек клуби Москва жамоасига қарши майдонга тушгач (0:2), украиналиклар водий жамоаси билан баҳсни бекор қилган.
Полтаванинг «Ворскла» клуби эса «Насаф»га қарши Туркиядаги ўртоқлик ўйинини бекор қилган. Бунга Қарши клубининг ушбу ўйингача Россиянинг «Факел» жамоасига қарши ўртоқлик баҳсида (2:1) майдонга тушгани сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Россия ва Украина ўртасидаги уруш сабабли рус жамоалари еврокубоклар ва халқаро турнирлардан четлатилган.
Маълумот учун, «Насаф» куни кеча Туркиядан Ўзбекистонга қайтган бўлса, «Андижон» Анталияда ўқув-машғулот йиғинини давом эттирмоқда.