03.02.2024 16:39
1742
Мадридда дерби, «Арсенал» - «Ливерпул», «Интер» «Юве»га қарши. Ҳафта ўйинлари анонси

Осиё кубогидан бўш вақтларда албатта, Европа футболидан ҳам баҳра олиш ранг-баранглик учун зарар қилмайди. Зеро январдаги кичик танаффусдан сўнг янгиланган кучли бешлик чемпионатларида бир қатор муҳим учрашувлар кутиб турибди. Англияда чемпионлик учун даъвогар икки клуб орани очиқ қилса, Германия ва Испанияда пешқадам клублар ўзи учун энг ноқулай рақибларга қарши майдонга тушади.

БАВАРИЯ – БОРУССИЯ М (3 феврал, 19:30)

Агар «Бавария» Бундеслигада фақат ушбу «Боруссия» билан ўйнаганда, турнир жадвалининг иккинчи ярмида юрарди. Бу ҳазил эмас, зеро қаторасига охирги етти мавсумда «Бавария» камида бир мартадан менхенгладбахликлардан мағлубиятга учраган. Охирги 34 учрашувни олсак ҳам, ғалабалар сони икки томонда ҳам тенг – 12тадан. 10 учрашув дуранг билан якунланган. Биринчи даврадаги ўйинда «Бавария» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганини эътиборга олсак, анъана бўйича бу сафар меҳмонлар ғалаба қозониши керак бўлади. Мюнхендаги охирги икки ўйинда мезбонлар ғалаба қозона олишмаган, бир дуранг ва бир «Боруссия»нинг ғалабаси қайд этилган. Қизиғи, ундан олдинги Мюнхендаги учрашувда «Бавария» 6:0 ҳисобида устун келган. Мана шундай, ҳар қандай сценарий кутиш мумкин бўлган тўқнашув.

«Боруссия» нафақат «Бавария», бошқа пешқадамлар билан ҳам муносиб ўйнаганини эътироф этиш лозим. Масалан, ўтган турда жамоа Леверкузенда дуранг ўйнаб, қайсидир маънода «Бавария»га ёрдам бериб юборди. Ундан олдинроқ «Штутгарт» устидан ҳам ишончли ғалабага эришилган.

«Бавария»нинг айнан шу турда очко йўқотишга умуман ҳаққи йўқ. Маълумки, келаси турда Леверкузенда «Байер» ва «Бавария» ўйини бўлиб ўтади. Ҳозирда жамоалар ўртасида 2 очколик фарқ сақланиб турибди. «Байер» устидан ғалаба қозониб, турнир жадвали пешқадами бўлиб олиш имконияти сақланиб туриши учун ҳам Тухел шогирдлари ушбу учрашувда ғалаба қозониши шарт. «Байер» бу турда «Дармштадт» меҳмони бўлади ва катта эҳтимол билан очко йўқотмайди. Бундан ташқари, келаси ҳафтадан еврокубоклар бошланади. Тўғри, «Байер» ҳам Европа Лигасида иштирок этмоқда, аммо юклама ва босим юзасидан Чемпионлар Лигаси жиддийроқ турнир ва баҳорда «Байер»нинг Бундеслига ўйинларига яхшироқ тайёрланиш имконияти юқорироқ бўлиши табиий.

Таркиблар борасида мезбонларда йўқотишлар кўпроқ. Ким Жанубий Корея сафида Осиё кубоги яримфиналига чиқди, Гнабри, Лаймер, Коман, Киммих каби футболчилар камида бир ойдан кейин машғулотларга қайтиши мумкин. Шунингдек, Дайот Упамекано ҳам ҳали тўлиқ тикланиб улгурмаган. «Боруссия» сафида эса Волф, Омлин, Улрих, Херманн, Хак каби футболчиларда турли шаклдаги жароҳатлар бор. Ко Итакура эса Япония миллий жамоаси сафида Қатарда бўлиб турибди.

ЖИРОНА – РЕАЛ СОСИЕДАД (4 февралга ўтар кечаси, 01:00)

«Жирона»да яна камида бир кунга турнир жадвалини бошқариб туриш имкони бор. «Реал» якшанба оқшомида «Атлетико»га қарши дербида майдонга тушишини эътиборга олсак, пешқадамлик муддати чўзилиши ҳам мумкин. Албатта, баскларнинг анча ноқулай ва жиддий рақиб эканини ҳам таъкидлаш керак. «Сосиедад» кўп дуранг ўйнаб юборгани учун ҳам турнир жадвалида бироз пастроқда жойлашган, аммо жамоа барча мусобақалардаги охирги 15 ўйиндан фақат бир марта мағлубиятга учрагани ҳам ўйиннинг анча муросасиз кечишидан далолат қилиб турибди. Жамоаларнинг биринчи даврадаги баҳсида 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилганди.

Таркиблардаги йўқотишларга келсак, меҳмонларнинг ҳолати бироз ёмонроқ. Асосий футболчилардан Амари Траоре Африка Миллатлар кубогида, Такефуса Кубо эса Япония билан Осиё кубогида иштирокини давом эттирмоқда. Мартин Маркеланс, Киран Тирни, Захарян, Луна, Барренечеа, ҳамда Айен Муньос каби футболчиларда жароҳатлар бор. «Жирона» сафида эса Хуанпе, Рока ва Давид Лопес каби футболчилар шерикларига ёрдам бера олишмайди.

Юқорида сўнгги ўзаро ўйин ҳақида тўхталдик, умуман олганда, «Жирона» ва «Сосьедад» ўртасидаги учрашувларда баскларнинг устунлиги катта. Хусусан, Примерага чиққанидан буён каталонияликлар бирор марта ҳам «Сосиедад» устидан ғалаба қозона олишмаган. Беш ўйинда дуранг қайд этилган бўлса, икки марта «Сосиедад»нинг қўли баланд келган. Айниқса, ўтган мавсум Жиронада бўлиб ўтган ўйин ҳамманинг ёдидан чиқмаган бўлса керак. Ўшанда меҳмонлар 5:3 ҳисобида иродали ғалабага эришган эди.

АРСЕНАЛ – ЛИВЕРПУЛ (4 феврал, 21:30)

Лондонда нафақат турнинг, балким мавсумнинг ҳам марказий учрашувларидан бири бўлиб ўтади. «Арсенал» бир қатор мағлубиятлардан сўнг, турнир жадвалидаги позициясини бой бериб қўйди, аммо танаффусдан сўнг яна ғалабали йўлга тушиб олганини кўришимиз мумкин. Зеро «Кристал Пэлас» (5:0) ва «Ноттингҳем»га (2:1) қарши ўйинларда Артета шогирдлари доимгидек рақибдан яққол устунлик қила олишди. Бу ўйиндаги ғалаба «Арсенал»нинг пешқадам билан фарқини 2 очкогача қисқартириши мумкин.

«Ливерпул» эса сўнгги учрашувларни янада кўтаринки руҳда ўтказаётганини кўришимиз мумкин. Аслида Клоппнинг ёзда кетиши жамоа кайфиятини тушириб юборгани шубҳасиз, аммо бошқа тарафдан, мураббийнинг сўнгги мавсумида ҳам унга чемпионликни тортиқ қилиш истаги футболчиларга қўшимча мотивация берса, не ажаб. «Ливерпул»нинг сўнгги ўйинлари айнан шу жиҳатни исботлаётгандек – ҳатто Эндо, Салоҳ каби футболчиларнинг йўқлиги ҳам деярли сезилмаяпти. Ўтган турда «Челси»га қарши баҳсда «Ливерпул» мавсумдаги энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди. «Арсенал»га қарши ўйинда ҳам меҳмонлар сентябрдан буён АПЛда давом этиб келаётган мағлубиятсиз серияни давом эттиришга ҳаракат қилиши табиий.

Таркибларга келадиган бўлсак, юқорида тилга олинган Салоҳ ва Эндодан ташқари, Цимикас ва Байжетичларда жароҳат бор. Аммо яхши хабар шуки, Тяго Алкантара умумий гуруҳда шуғулланишни бошлаган ва испаниялик яримҳимоячи мавсумда илк маротаба майдонга тушиши мумкин. Мезбонлардан эса Такехиро Томиясу Осиё чемпионатига кетган. Томас Парти эса Артетанинг айтишича, жароҳатини янгилаб олган ва унинг сафга қайтиши яна кечикиши мумкин.

Ушбу учрашув жамоаларнинг мавсумдаги учинчи тўқнашиши бўлади. Премьер-лига доирасида кечган ўйинда 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилганди. Икки ҳафта олдин эса жамоалар худди шу стадионда Англия кубоги илк босқичида куч синашишганди. Ўйинда «Ливерпул» сафарда тўп сурганига қарамай, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

ИНТЕР – ЮВЕНТУС (5 февралга ўтар кечаси, 00:45)

Англияда йил ўйинларидан бири бўлиб ўтса, Италияда умуман мавсумнинг энг муҳим учрашуви шу ҳафтага белгиланган. «Интер» ва «Ювентус» деярли мавсум бошидан бери қадамма қадам биргаликда боришмоқда ва йўқотилган очколар бўйича миланликлар 4 очколик устунликка эга. Ўзаро ўйин эса табиийки, «Ювентус» учун яхши имконият. Орадаги фарқни қисқартириш ва чемпионлик пойгасини янгича босқичга олиб чиқиш учун. Аммо ўз навбатида, «Интер» учун ҳам ғалаба жуда зарур, биринчидан ўйин Миланда бўлиб ўтишини инобатга олсак, мезбон сифатида уч очко учун ўйнаш шарт, иккинчидан, орадаги фарқни катталаштириб, бироз босимни камайтиришнинг айни вақти. Зеро келаси ҳафтадан еврокубоклар бошланади ва «Интер» Чемпионлар Лигасидаги курашини давом эттирмоқда. «Ювентус»да эса ҳеч қандай қўшимча турнирлар йўқ. Шуни эътиборга олсак, баҳорда «Ювентус»нинг жисмоний томондан имкониятлари ошиб кетиши ва янада барқарорроқ ўйин кўрсатишини кутсак бўлади.

А Серия доирасида айнан Миланда кечган ўзаро ўйинларга эътибор берсак, охирги 7 учрашувда мезбонлар атиги бир марта ғалаба қозонган холос. Демак «Ювентус» одатжа «Интер»га қарши сафар ўйинларини анча ишончли ўтказади ва бу сафар ҳам анча муросасиз тўқнашув кутишга ҳақлимиз. «Интер» бу ўйиндан кейинги баҳсни Римда «Рома»га қарши ўтказади. Индзаги шогирдлари кейинги турларда ўзини анча бемалол ҳис қилиши учун «Ювентус»га қарши ўйинда ижобий натижа қайд этиши шарт.

Ўтган турда «Ювентус» кутилмаганда «Эмполи» билан дуранг қайд этди ва албатта, бунинг асосий сабаби Аркадиуш Миликнинг ўйин бошларида ҳакам томонидан майдондан четлатилгани бўлганди. Полшалик ҳужумчи «Интер»га қарши ўйинни дисквалификация туфайли ўтказиб юборади. Аммо Мойзе Кин машғулотларга қайтди ва бу ўйинда қайдномадан жой олиши мумкин. Мезбонлар сафида эса барча футболчилар сафда. Фақат собиқ «юве»чи Хуан Куардадонинг жароҳатдан тикланишига яна камида бир ой вақт бор.

РЕАЛ МАДРИД – АТЛЕТИКО (5 февралга ўтар кечаси, 01:00)

«Реал» ушбу мавсумда барча мусобақаларда фақат икки марта мағлубиятга учради. Ҳар иккисида ҳам айнан Симеоне жамоаси «қироллик клуби»дан устун келди. Чемпионат ўйинида ҳам, Испания кубоги баҳсида ҳам ўйин «Метрополитано»да бўлиб ўтган ва мезбонлар ғалабаси билан тугаган. Тўғри, чемпионатдаги мағлубият учун «Реал» қасос олиб улгурди ва яқинда суперкубок баҳсида 5:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Энди иккинчи мағлубият учун ўч олиш навбати келди ва «Реал» мезбон сифатида фақат ғалаба учун ўйнаши шубҳасиз. Зеро айнан «Бернабеу»да кечадиган ўйинларда «Реал»нинг устунлиги яққол сезилади. Симеоне шогирдлари бу ерда охирги марта 2016 йилда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эдилар. Қизиғи, ўша ўйиндаги ягона гол муаллифи Антуан Гризманн ҳали ҳам «Атлетико» сафида. «Оқлар»дан Тони Кроос, Лука Модрич ва Дани Карвахал ўша мағлубиятда иштирок этгандилар.

Бу сафарги дербига ҳар икки томон ҳам жиддий муаммолар билан келмоқда. Милитао ва Алабанинг жароҳатини Анчелотти бир амаллаб ёпа олганди, аммо «Хетафе»га қарши ўйинда яна бир марказий ҳимоячи Антонио Рюдигер ҳам жароҳатланиб майдонни тарк этди. Вазиятдан келиб чиқиб унинг ўрнини эгаллаган Орельен Тчуамени эса, ўйин охирларида сариқ карточкага лойиқ кўрилди ва дисквалификация туфайли навбатдаги ўйинни ўтказиб юборадиган бўлди. Мураббий ҳимоядаги муаммоларни бу сафар қандай ҳал қилиши қизиқ бўлади. Меҳмонлар таркибида ҳам етакчи марказий ҳимоячи Хосе Хименесда кичик жароҳат бор. Шунингдек, Алваро Мората, Тома Лемар каби футболчиларнинг бу ўйинда иштирок этиши сўроқ остида қолмоқда. Аспиликуэта, Витоло, ҳамда Паулоларнинг жароҳати жиддийроқ ва ушбу учрашув қайдномасидан ташқарида қолишлари аниқ.

Кейинги турда «Реал» «Жирона»ни қабул қилади. Пешқадамларнинг ўзаро ўйинида руҳий устунликда бўлиш учун ҳам ушбу учрашувда очко йўқотмаслик жуда зарур.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

3 феврал. Эвертон – ТОТТЕНҲЭМ (17:30), Дармштадт – БАЙЕР (19:30), НЬЮКАСЛ – Лутон (20:00), Фрозиноне – МИЛАН (22:00), Алавес – БАРСЕЛОНА (22:30),

4 феврал. ЧЕЛСИ – Вулверҳэмптон (19:00), МЮ – Вест Ҳэм (19:00), АТАЛАНТА – ЛАЦИО (22:00).

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар