Таиландда ўзини Хаби Алонсо деб таништирган фирибгарлар фаолият юритмоқда.
Таиланд полицияси мамлакатдаги «Ливерпул» мухлисларини онлайн фирибгарликнинг янги тури ҳақида огоҳлантирди.
Фирибгарлар инстаграмда «Байер» бош мураббийининг сурати билан аккаунт очиб, унга тай тилида қуйидаги хабарни жойлашди: «Салом, мен Хаби Алонсоман. Кейинги мавсумда «Ливерпул»ни бошқараман. Лекин Англияга бориш учун чипталарга пулим етарли эмас. Агар менга ёрдам беришни истасангиз, 300 бат юборинг (тахминан 8 евро)».
Таиланд полицияси фуқароларни фирибгарларга ишонмасликка, шубҳали хабарлардан қочишга, пул ўтказмаларини амалга оширмаслик ва фирибгарлар хабарларидаги ҳаволаларни улашмасликка чақирди.
«Ливерпул» мухлислари, тинчланинг. Хаби ҳали сизнинг клубингиз мураббийи эмас, лекин фирибгарлар бор», — деб ёзади полиция.
Маълумот учун, «Ливерпул» бош мураббийи Юрген Клопп мавсум сўнгида жамоани тарк этишини маълум қилди. Унинг ўрнига номзодлар қаторида леверкузенликлар устози Алонсо ҳам бор.