31.01.2024 19:22
1742
Бухородаги стадион бошқа жойга кўчирилади. Туризм маркази дастлабки режалаштирилган жойида қуриладиган бўлди

31 январ куни Wyndham Bukhara меҳмонхонаси мажлислар залида Бухоро шаҳрида туризм шаҳарчаси барпо этилиши юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги анжуман ҳақида тадбир бошланишидан 30 дақиқа олдин эълон берган.

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Бухоро шаҳри марказидаги 32,6 гектар ҳудудда бино-иншоотлар бузилиб, ўрнида этнографик туризм маркази қурилишини эълон қилди. Лойиҳа ўтган йили жамоатчилик эътирозларидан кейин тўхтатилган, ЮНЕСКО туризм маркази учун бошқа жой танлашга чақирган эди. Kun.uz хабарига кўра, шаҳардаги стадион ҳам бузилиб, бошқа жойда янги ўйингоҳ қурилади.

“Ўтган йилги эътироз билдирувчилар қаторида Бухоро марказий стадионини сақлаб қолишни сўраб президентга мурожаат йўллаган бухороликлар ҳам бор эди. Маълум бўлишича, 31 январ куни бўлиб ўтган анжуманга стадионда фаолият юритувчи тренерлар киритилмаган. Бу ҳақда анжуман вақтида “Потрибетел Бухара” нашри журналисти Учқун Турсунов маълум қилиб, қўриқчилардан норози эканини айтди”, - дея келтирилади нашрда.

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов 20 минг кишилик янги марказий стадион Бухородаги 6-микрорайон ҳудудида қурилишини айтиб, 5-6 гектар ер автотураргоҳлар учун ажратилишини маълум қилган.

“Қолган қисмига стадион билан боғлиқ бўлган кичик футбол майдонлари жойлаштирилади, тўрт томондан стадионга кириш мумкин бўлади.

Халқлар дўстлиги кўчасида минтақавий футбол академияси қуриляпти. Жами 70 млрд сўм маблағ ажратилди. 5 минг томошабинга мўлжалланган трибуна, 200 ўқувчига мўлжалланган ётоқхона инобатга олинган”, – деди у.

Бош архитектор Зуҳриддин Муҳиддинов ҳам янги стадион борасида қўшимча маълумот берди.

“Бу стадион халқаро андозаларга мос 25 минг томошабин сиғимига эга бўлади. Атрофида автотураргоҳлар ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилади. 28-болалар ва ўсмирлар футбол мактаби негизида Бухоро футбол академияси қурилади. Бу шу йилнинг ўзида бўлади. Бухоро спорт мажмуаси эскирган, юқори балкон қисми авария ҳолатида. Деворида ёриқлар пайдо бўлган. Катта ҳажмдаги томошабинларни жойлаштириш хавф туғдиради.

Янги стадион лойиҳасида эса конференция заллари, спорт соғломлаштириш комплекслари бўлади, ижтимоий имконияти чекланганлар учун имконият яратилади”, – дея вилоят бош архитектори сўзларини келтирган Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, “Бухоро” клубининг уй стадиони саналмиш ушбу арена 2022 йилда Ўзбекистон кубоги финалига мезбонлик қилганди. “Бухоро” клубидан ташқари, Про лиганинг “Ғиждувон” клуби ҳам уй ўйинларини ушбу стадионда ўтказиб келаётганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар