30.01.2024 18:24
4012
Осиё кубоги-2023. Ўзбекистон Таиландни мағлуб этиб, чоракфиналга йўлланма олди

Осиё кубоги-2023 нимчоракфинали доирасида Ўзбекистон миллий жамоаси Таиландни мағлуб этиб, чоракфиналга йўлланма олган 5-жамоага айланди.

Доҳадаги «Ал-Жануб» ўйингоҳида кечган баҳс олдидан жароҳати сабабли Игор Сергеевнинг майдонга тушмаслиги аниқ бўлиб улгурганди, учрашув арафасида эса яна бир ўйинчи – Отабек Шукуров тумов сабабли ўйинни ўтказиб юбориши маълум қилинди.

Учрашувни ҳужумкор бошлаган вакилларимиз 37-дақиқага келиб ҳисобни очишди. Шу куни Шукуровнинг ўрнига майдон марказидан жой олган Диёр Холматовнинг ажойиб узатмасини Азизбек Турғунбоев чиройли зарба билан рақиб дарвозасига киритди – 1:0. Бу Азизбекнинг турнирдаги иккинчи голи бўлиб, Таиланднинг Қатарда ўтказиб юборган илк голига айланди. 

Иккинчи бўлимни хотиржам бошлаган Сречко Катанец шогирдлари 59-дақиқада жазоланишди. Супачокнинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбасини Ўткир Юсупов қайтара олмади – 1:1.

Голдан кейин яна ҳужумкорликка эътибор қаратган вакилларимиз 65-дақиқада стадионни навбатдаги марта ларзага келтиришди. Машариповнинг узатмасини Аббосбек Файзуллаев жарима майдони ташқарисидан рақиб дарвозасининг узоқ бурчагига йўллади – 2:1.

Шу тариқа, Ўзбекистон миллий жамоаси қийин ғалабага эришиб, чоракфиналга йўлланма олган 5-жамоага айланди. Бунгача Австралия, Тожикистон, Иордания ва Қатар 1/4 финалга чипта олганди. Ўзбекистон кейинги босқичда мезбон Қатарга қарши майдонга тушади. Ўйин 3 феврал куни бўлиб ўтади. Дарвоқе, Таиландга қарши учрашувнинг сўнгги дақиқаларида Абдуқодир Ҳусанов қўполлиги учун ҳакам томонидан огоҳлантирилди ва ҳимоядаги етакчимиз Қатарга қарши ўйнамайдиган бўлди.

Осиё кубоги-2023 1/8 финал
Ўзбекистон – Таиланд – 2:1

Бош ҳакам: Назми Насаруддин (Малайзия)
Голлар: Азизбек Турғунбоев 37, Аббосбек Файзуллаев 65 – Сарачат Супачок 59.
Ўзбекистон: Ўткир Юсупов, 4. Фаррух Сайфиев, 5. Рустам Ашурматов, 6. Диёр Холматов, 9. Одил Ҳамробеков, 10. Жалолиддин Машарипов, 11.Остон Ўрунов (Ҳожимат Эркинов, 67), 15. Умар Эшмуродов, 19. Азизбек Турғунбоев, 22. Аббосбек Файзуллаев (Жамшид Болтабоев, 90+1), 25. Абдуқодир Ҳусанов.
Таиланд: 23. Пативат Хаммаи, 3. Тератхон Бунматхан, 4. Элиас Долах, 6. Сарачи Йооен, 9. Супачаи Жайдед, 12. Микелсон Лук, 14. Рунграт Пхумичантук, 17. Панса Хемвибон, 18. Вееартхеп Помпхун, 19. Патхомпон Чароентраттанапиром (7.Сарачат Супачок, 46), 24. Ворачи Канитсрибумпен ( 10. Муента Супханат, 46).

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар