Ҳамробеков: «Тожикистон — БАА баҳси ҳам кўрсатдики, бир ўйинда исталган жамоа муаммо туғдириши мумкин»

Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Одил Ҳамробеков Осиё Кубоги 1/8 финалидан ўрин олган Таиландга қарши баҳс олдидан ўз фикрларини билдирди. 

«Турнир қизғин палласига кирди. Бу босқичга етиб келган барча жамоани табриклайман. Бизни тартибли жамоага қарши баҳс кутиб турибди. Мураббийимиз таъкидлаганидек, ўйинга тайёрмиз. 

Қуръа сеткаси омадли келди? Ҳозир фақат эртанги ўйин ҳақида ўйлаяпмиз. Кечаги БАА-Тожикистон баҳси ҳам кўрсатдики, бир ўйинда исталган жамоа исталган рақибни мағлуб этиши мумкин. Кўпчилик арабларни фаворит деганди, акси бўлди. Тожикистонни ғалаба билан табриклайман. Максимал натижани кўзлаганмиз. Бунинг учун босқичма-босқич одимлашимиз керак. 

Жароҳатланган футболчилар? Уларнинг биз билан бирга эканлиги руҳий жиҳатдан ёрдам беради. Ҳусниддин Алиқулов Туркияга — клубига («Ризеспор») қайтди. Тузалиши мумкин бўлган бошқа футболчилар биз билан бирга. Физиотерапевтлар уларнинг тикланиши ва бизга кейинги ўйинларда ёрдам беришлари учун ҳаракат қилишмоқда. 

Ҳужумчиларсиз қолганимиз? Ҳа, бу бироз муаммо келтирмоқда. Аммо вазиятдан чиқишга уриняпмиз. 

Қўшимча бўлимлар? Унга ҳам жисмоний жиҳатдан тайёрмиз», — дейди Ҳамробеков матбуот анжуманида.

Ўзбекистон — Таиланд ўйини эртага, 30 январ куни бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан 16:30да бошланади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар