Наманган вилояти ҳокимининг тегишли фармойишлари билан «Навбаҳор» футбол клубига вилоят бюджети захира жамғармасидан дастлаб 500 млн сўм, кейин эса яна 2 млрд сўм ажратилди. Бу маблағлар футбол клубининг молиявий ҳолатини тиклаш, мавсум олди йиғинларини юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун йўналтирилади.
Наманган вилояти ҳокимлиги бюджети захира жамғармасидан «Навбаҳор» футбол клуби учун 2,5 млрд сўм ажратилади. Бу ҳақда 19 ва 25 январ кунлари вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг тегишли фармойишлари имзоланган.
«E-qaror» ягона электрон тизимга жойлаштирилган ҳужжатларга кўра, вилоятда футболни ривожлантириш ва бош жамоа бўлган «Навбаҳор лочинлари» профессионал футбол клубини молиявий ҳолатини тиклаш, мавсум олди йиғинларини юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун дастлаб 500 млн сўм, олти кундан кейин эса яна 2 млрд сўм ажратилган.
Аввалроқ, Тошкент шаҳар ҳокимияти «Пахтакор» клубига иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, коммунал хизматлар ва ўйин ўтказиш харажатларини қоплаб бериш учун 7 млрд сўм ажратгани хабар қилинганди.
Маълумот учун, «Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига кўра, 11 та футбол клуби хусусийлаштирилади. Хусусан, «Ўзбекнефтгаз» ташкилоти томонидан «Насаф», «Бухоро», «Машъал» клублари, «Ўзбекистон темирйўллари» томонидан «Локомотив» клуби, «ЎзМеткомбинат» томонидан «Металлург» клуби, Олмалиқ тоғ-кон комбинати томонидан ОКМК футбол клуби, Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан «Пахтакор» ва «Бунёдкор» клуби, Самарқанд вилояти ҳокимияти томонидан «Динамо» клуби, Наманган вилояти ҳокимияти томонидан «Навбаҳор» клуби, Қашқадарё вилояти ҳокимияти томонидан «Шўртан» клубидаги давлат улуши тўлиқ сотувга чиқарилади.