Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Шерзод Насруллаев Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда жароҳатдан ҳали тўлиқ тузалмагинини маълум қилди.
«Ҳали жароҳатдан тўлиқ тузалиб, сафга қайтганим йўқ. Жароҳатим ҳали яхшиланмаган. Машғулотларни бошлаган бўлсам-да, ҳали 100 фоиз ўйинга тайёрман дея олмайман. Ҳозирча тайёр эмасман.
Рақиблар ҳақида? Худо хоҳласа, Таиланддан ўтиб олганимиздан кейин кейинги рақиблар ҳақида гапирсак бўлади. Жамоада кайфият яхши, тайёргарликни бошлаб юборганмиз. Халқимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.
Таиланд ҳақида? Олдин бу рақибни унча кучли эмас деб ўйлардим. Уларни Саудияга қарши ўйинини кўрдик, билмадим, Саудия шу куни ўйнай олмадими ёки Таиланд шунча кучайганми, очиғи билмадим. Аниғи шуки, ҳозир ҳамма кучайган. Уларга қарши ўйнаш осон бўлмайди.
«Ас-Садд»нинг қизиқиши? «Ас-Садд»га қарши ўйиндан кейин Доҳада қолганим сабаби оилам билан дам олиш эди. Ҳа, уларнинг менга нисбатан қизиқиш билдиргани рост, аммо ҳеч қандай музокара олиб бормагандим», - дейди «Насаф» клуби ва Ўзбекистон миллий жамоаси чап қанот ҳимоячиси.
Маълумот учун, Осиё кубоги 1/8 финали доирасидаги Ўзбекистон – Таиланд учрашуви 30 январ куни бўлиб ўтади.