У мерсисайдликлар жамоасини 2015 йилдан буён бошқариб келаётганди.
Германиялик мутахассис Юрген Норберт Клопп жорий мавсум якунида «Ливерпул» бош мураббийлигини тарк этишга қарор қилганини маълум қилди.
«Буни биринчи марта эшитиш кўпчиликни карахт ҳолатга тушириши мумкинлигини биламан, аммо мен буни тушунтира оламан ёки камида тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Мен бу клубдаги мутлақо барча нарсани севаман, шаҳардаги барча нарсани севаман, мен мухлисларимизни, жамоамизни, ходимларимизни севаман. Барчасини. Аммо мен барибир бу қарорни қабул қилганим, шундай қарор қабул қилишим кераклигига ишончим комил бўлганини билдиради.
Гап шундаки, буни қандай айтсам экан, менинг энергиям тугамоқда. Менда ҳозир ҳеч қандай муаммо йўқ, албатта, мен буни қачондир эълон қилишим кераклигини олдиндан билардим, аммо ҳозир мен бутунлай яхши ҳолатдаман. Биламанки, бу ишни яна ва яна, қайта ва қайта бажара олмайман», дея унинг сўзларини келтирган «Ливерпул» расмий сайти.
Маълумот учун, Юрген Клопп «Ливерпул» бошқарувига 2015 йил 8 октябрида келганди. 56 ёшли мутахассис ўтган вақт мобайнида «қизиллар» билан ўнта соврин ютганди. «Ливерпул» Юрген даврида Чемпионлар лигасида, Англия чемпионатида, Англия Лигаси кубогида, Англия Кубогида, УЕФА Суперкубогида ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган.