«Бавария» бош мураббийи Томас Тухел Бундеслига 18-турида «Вердер»дан учралган мағлубиятдан (0:1) сўнг ўз фикрларини билдирди.
«Яхши тайёргарлик кўргандик, дейишдан чарчаганман. Ҳеч ким барибир ишонмайди. Футболчиларга саволлар бор. Яхши ўйнамадик. Ҳақли мағлубият.
Очиғи, 70 дақиқа давомида ғалаба қозониш учун ҳаракат қилаётганимизни ҳис қилмадим. Буни фақат охирги 20 дақиқада кўрдим.
Биринчи бўлимда ўта ҳаракатсиз эдик, тўпни кўп йўқотдик, қарши ҳужумларни ўтказиб юбордик, яккакурашларда эҳтиётсизлик билан ҳаракат қилдик. Мағлубиятга лойиқ эдик, 20 дақиқа яхши ўйин етарли эмас.
Шундай ўйнадикки, худди турнир жадвалида 10 очколик фарқ билан пешқадаммиз ва сешанба куни Чемпионлар Лигасида ўйинимиз бор. Аммо «Байер» кеча ютганини ҳисобга олсак, бошқача кўринишда бўлишимиз керак эди.
Баҳсни жуда агрессив бошламоқчи эдик, дарҳол юқори планка қўймоқчи эдик, аммо ўйиннинг ҳеч қайси қисмида буни уддалай олмадик.
Жамоани айблашнинг ҳожати йўқ, аммо ечим топиш керак. Мен ечимларни топишим зарур. Бу бизнинг амбиция даражамиз эмас», — дея Тухелнинг сўзларини келтиради Bayern Germany.
«Бавария» турнир жадвали 41 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди ва пешқадам «Байер»дан 7 очкога ортда қолмоқда. Мюнхенликлар захирасида бир ўйин бор.