Ўзбекистон миллий жамоаси 18 январ куни Осиё кубоги 2-турида Ҳиндистонни Аббос Файзуллаев, Игор Сергеев ва Шерзод Насруллаевнинг голлари эвазига йирик ҳисобда мағлуб этди — 3:0.
Эътиборлиси, ҳиндлар дарвозасини ишғол этган уч футболчи ҳам 1-турдаги Сурия билан ўйинда (0:0) асосий таркибда туширилмаганди. Бош мураббий Сречко Катанец схемани 3-4-3дан 4-2-3-1га ўзгартириб, юқоридаги уч футболчини асосий таркибга киритди ва бу ўз самарасини бермай қолмади.
Шу куни «Насаф» чап қанот ҳимоячиси Насруллаев дебют голини урди, «аждарлар»нинг ўнг қанот ҳимоячиси Зафармурод Абдураҳматов эса иккинчи бўлимда майдонга тушиб, миллий жамоа сафидаги дебютини ўтказди.
Доҳада бўлиб турган Tribuna.uz мухбири Ҳасан Юсупов Ўзбекистонни 1/8 финалга яқинлаштирган баҳсдан экслюзив фотожамланма тайёрлади.