«Реал» бош мураббийи Карло Анчелотти Испания Кубоги 1/8 финалида «Атлетико»дан учралган мағлубиятдан (2:4) сўнг ўз фикрларини билдирди.
«Боримизни бердик, менда футболчиларни айблайдиган ҳеч нарса йўқ. Бу — дерби. Барча дербилар каби эди.
Винисиусга биринчи бўлимда ўйнаш қийинроқ бўлди, лекин иккинчи бўлимда у асосий рол ўйнади, доимий равишда рақиб дарвозасига таҳдид қилди ва жуда яхши ўйин ўтказди.
Айрим футболчиларнинг ҳаракатларини таҳлил қилишни истамайман. Дуранг билан баҳсни яхшироқ назорат қилишимиз мумкин эди. Таваккал қилишнинг ҳожати йўқ эди. Бу — ёшлик айби.
«Реал» «Атлетико»га қараганда унчалик қулай ҳолатда эмасди, чунки рақибда ўйинга тайёргарлик кўриш учун бир ҳафта вақт бор эди. Аммо жамоамиз курашди ва чарчагандек кўринмади. Қўшимча вақтда жисмоний жиҳатдан ютқазганимиз йўқ.
Ла Лигада ҳимояда ишончли ўйнаяпмиз, кубокларда эса унчалик эмас. «Атлетико» жуда кўп гол уради, айниқса, ўз уйида. Биз тўп ўтказиб юбордик, аммо кўп голлар ҳаМ урдик.
Винисиус ҳакам билан баҳслашиб карточка олгани? Аста-секин у ҳамма нарсани ўрганади. Бу жуда тенг ва қизғин ўйин бўлди. Кўп дуэллар кузатилди. Баъзан бундай ҳолатларни тушунса бўлади», — дея мадридликлар устозининг сўзларини келтиради Marca.