17.01.2024 13:24
3022
Теглар
«Пахтакор» клуби Ортиқхўжаев бошқарувида қолиши маълум қилинди

Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси матбуот хизмати клуб раҳбариятида ўзгариш содир бўлмагани, Жаҳонгир Ортиқхўжаев клуб президенти сифатида қолишини маълум қилди.

«Жуда кўплаб ижтимоий тармоқларда «Пахтакор» футбол клуби раҳбариятида ўзгариш бўлгани тўғрисида хабарлар тарқатилди. «Пахтакор» футбол клуби шуни маълум қиладики, клубимиз бошқарувида ўзгариш содир бўлмади ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев клуб раиси сифатида фаолиятини давом эттирмоқда», - дейилади клуб расмий баёнотда. 

Бироз аввал, Давлат активларини бошқариш агентлиги «Пахтакор футбол клуби» МЧЖнинг 100 фоиз давлат улуши савдога чиқарилгани, талабгорларнинг аризалари 2024 йил 15 феврал куни соат 18:00 га қадар қабул қилинишини эълон қилганди. 

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил август ойида «SFI Management Group» инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан «Пахтакор» ФК МЧЖ устав фондидаги 80 фоиз улушни сотиб олган эди. Клубнинг 20 фоиз акцияси Тошкент шаҳар ҳокимлигида қолганди. Ўшанда SFI гуруҳи «Пахтакор»га 5 йил давомида камида 200 миллиард сўм сармоя киритиб, тарихий стадион ўрнида янги стадион қуриши эълон қилинганди. 2019 йилда «Пахтакор» стадиони бузиш ва ўрнида янги стадион қуриш учун ёпилганди. Бироқ 2021 йил феврал ойида SFI гуруҳи «Ўзметкомбинат», ОКМК ва «Ўзиккиламчиранглиметалл» компанияларидаги ишончли бошқарувини тўхтатгач, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, компания қўлидаги «Пахтакор» клуби ҳам тўлиқ Тошкент шаҳар ҳокимлигига қайтди.

«Пахтакор» ва «Бунёдкор» футбол клубларининг устав капиталидаги давлат улушлари Тошкент шаҳар ҳокимлигига, яна 11та клубнинг улуши давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларга ўтказилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 апрелдаги қарорида назарда тутилганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар