«Барселона» футболчилари Хавига ишончини йўқотмоқда.
Каталония жамоасининг бир қанча муҳим ўйинчилари аллақачон бош мураббийга ишончини йўқотган, деб хабар беради ESPN кийиниш хонасига яқин манбаларга таяниб.
Қайд этилишича, бу футболчиларнинг шубҳалари Испания Суперкубоги баҳсида «Реал»дан учралган мағлубиятдан (1:4) олдин пайдо бўлган. Улар бир неча ҳафта давомида Хавининг ёндашувидан ҳайрон юришган. Мураббий уларга «Барселона»нинг ўйин услубини тушунишмаётганини айтган ва футболчилар бундан хафа бўлган.
20дан ортиқ ўйинчи бор жамоада доим норозилар бўлиши мумкинлигини Хави ва унинг атрофидагилар тан олишади. Штабнинг фикрича, кўпчилик футболчилар ҳали ҳам мураббийнинг ғояларини қўллаб-қувватламоқда.
Баъзи маълумотларга кўра, Хави «Барселона»да келаси мавсумда ҳам қоладими, деган шубҳалар бор. Бу шуни кўрсатадики, клубда энди мураббийга бўлган ишонч йўқ, лекин шу билан бирга каталонияликларнинг молиявий муаммолари ва бош мураббий лавозимига муносиб номзодларнинг йўқлиги туфайли унинг мавсум якунига қадар ишдан бўшатилиши даргумон бўлиб қолмоқда.
Манбаларнинг қўшимча қилишича, президент Жоан Лапорта узоқ вақтдан бери Хави истеъфога чиқарилган тақдирда, унинг ўрнига Рафаэл Маркеснинг тайинланишини энг мантиқий вариант деб ҳисоблайди.
«Барса» Ла Лиганинг 19-туридан кейин 41 очко билан турнир жадвалида 4-ўринда бормоқда ва пешқадам «Жирона»дан 8 очко ортда қолмоқда.