Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец Осиё Кубоги 2-туридан ўрин олган Ҳиндистон билан ўйин ҳақида ўз фикрларини билдирди.
«Яна бир қийин ўйин. Биз тайёрмиз.
Рақиб мураббийи ҳужумкор ўйнашини айтди? Албатта, бундай бўлса, бизга қулайроқ. Ҳиндистон — тартибли жамоа, футболчилари агрессив ўйнайди. Зич ўйнай олишади. Бундан баҳсларда индивидуал жиҳатдан кучли футболчилар ёрдам беришади. Кеча ҳам Саудия Арабистони — Ўмон (2:1) баҳсида буни кўрдик. Саудия футболчиси жамоаси ютқазаётганида 3 футболчини алдаб ўтиб, гол урди. Бундан ташқари стандарт вазиятлардан фойдаланиш керак. Ва энг муҳими, 90 дақиқа давомида сабрли бўлиб, натижа учун ҳаракат қилиш лозим.
Гуруҳ фаворити? Кўп бор айтганман: ўйиндан ўйинга ўтамиз. Ўзбекистоннни фаворитлар қаторида айтишингиз мумкин, аммо мен бундай ўйламайман. Эртага ютишимиз шарт. Менинг вазифам — жамоани энг яхши ҳолатга келтириш.
Сурия билан дуранг босими? Йўқ, ҳеч қандай босимни ҳис қилмаяпмиз. Позитив бўлишимиз керак.
Сурия билан ўйинда таваккал қилмадик? Бунга қўшилмайман. Эронга қарши баҳсда (2:2) гап тактикада эмас, ўйинчиларнинг хоҳишида эди. 10 ҳимоячи билан ўйнасангиз ҳам, агар уларда гол уриш хоҳиши бўлса, футболчилар ҳужум қилаверишади. Эрон билан ўйиннинг иккинчи бўлимида тактикани ўзгартирмадик, шунчаки Сергеевни майдонга туширдик. Осиё Кубогига келсак, Сурия икки нафар тезкор ва ҳужумкор ўйинчини майдонга туширди, шунинг учун ҳеч нарсани ўзгартиришни хоҳламадим. Куперга келсак, ҳеч қандай припципиаллик йўқ. У — мен учун жуда яхши инсон ва ажойиб мураббий. Уни жуда ҳурмат қиламан», — дея Катанецнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Ҳиндистон — Ўзбекистон ўйини эртага, 18 январ куни Тошкент вақти билан 19:30да бошланади.