14.01.2024 12:07
8209
«Сити»да жиддий йўқотиш ва қийин ғалаба, Санчода ёрқин қайтиш. Европада кун ўйинлари

«Челси» 3,5 йилдан буён кузатилмаган натижани қайд этди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: де Брейненинг қайтиши ва «Челси»да қаторасига учинчи ғалаба

«Челси» — «Фулҳэм» 1:0
Гол:
Палмер (45+4, пеналти).
«Челси» – Петрович, Гюсто (Гилкрист, 90+3), Силва, Дисаси, Колуилл, Галлаҳер, Фернандес, Палмер (Чуквуэмека, 90+2), Кайседо, Стерлинг (Чилуэлл, 77), Броя (Мадуэке, 66).
«Фулҳэм» – Лено, Тете (Кастан, 64), Адарабиойо, Диоп, Робинсон, Кэрни, Уилсон (Декордова-Рид, 64), Перейра (Родриго Муниз, 82), Палиня (Лукич, 83), Виллиан, Хименес.
Огоҳлантиришлар: Гюсто (38), Уилсон (49), Фернандес (58), Дисаси (75), Силва (79), Палмер (79).

Ҳафта ўртасида «Челси» Англия лигаси кубоги яримфиналида «Мидлсбро»га қарши кечган илк ўйинни бой берганди (0:1) ва «Фулҳэм» билан ўйин ҳам осон кечмади. Биринчи бўлимдаги энг хавфли вазият меҳмонлар томонидан яратилди, Уилсоннинг зарбасини Петрович қийинчилик билан қайтарди, аммо арбитр томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Палмер Стерлингни қулай вазиятга чиқарди, у эса рақиб ҳимоячиси билан контактдан кейин керакли паллада йиқилди, Палмер эса бу сафар ҳам «нуқта»дан адашмади. Бу унинг АПЛ жорий мавсумида 17 ўйиндаги 9-голи бўлди, шундан 5 тасини пеналтидан урган.

Умуман, Маурисио Почеттино шогирдлари АПЛнинг бу мавсумида 11 метрлик жарима зарбаси ишлашда тенгсиз (8) — шундан учта ҳолатда арбитрлар Стерлингга нисбатан фол қайд этишган. «Челси» қолган вақт давомида ҳам қатор вазиятларга эга бўлди, Галлаҳернинг зарбаси устунга тегди, лекин минимал ҳисоб сақланиб қолди. Ва бу чемпионатда қаторасига учинчи ғалабага айланди. «Челси»да бундай серия 2020 йил июлидан буён кузатилмаганди ва энди лондонликлар турнир жадвалида саккизинчи ўринга кўтарилиб олди.

«Нюкасл» — «Манчестер Сити» 2:3
Голлар:
Исак (35), Гордон (37) — Силва (26), де Брюйне (74), Бобб (90+1).
«Нюкасл» – Дубравка, Триппиер, Шер, Ботман, Берн, Гимараэс, Лонгстафф, Майли, Алмирон, Гордон (Ҳолл, 86), Исак.
«Манчестер Сити» – Эдерсон (Ортега, 8), Уокер, Аке, Диаш, Гвардиол, Ковачич, Силва (де Брюйне, 69), Родри, Фоден, Доку (Бобб, 82), Алварес.
Огоҳлантиришлар: Гимараэс (21), Родри (45), Силва (55).

Жароҳатлар эпидемияси ва Чемпионлар лигасидаги иштирок туфайли ноодатий тиғиз тақвим «Нюкасл»ни турнир жадвалининг ўрта қисмига тушириб юборган. «Қарғалар» бу мавсумда «Манчестер Сити»га рақобатчи эмас ва турнир жадвалида таъқиб қилувчи мақомида эмас. Улар ҳамон «шаҳарликлар» билан ўйинда қийналмоқда ва бу жамоага қарши қаторасига 31-ўйинда ҳам гол ўтказди, бу эса АПЛ учун рекорд кўрсаткич. Бу серия Бернарду Силва томонидан узайтирилди — у товонида йўллаган зарбаси билан рақиб дарвозасини ишғол этди.

Аммо мезбонлар биринчи бўлимнинг ўзида икки ярим дақиқа ичида ўйинни ўзгартириб юборишди. Аввалига Исак қарши ҳужумда имкониятдан фойдаланиб, қаторасига тўртинчи ўйинда гол урди, кейин эса Гордон грандлар бўйича мутахассис сифатидаги мақомини яна бир бор тасдиқлади. Ушбу вингер жорий мавсумда «Ливерпул», «Арсенал», «Челси» ва Манчестернинг ҳар икки жамоаси дарвозасини ишғол этди. Бу голларни ўйиннинг илк дақиқаларидаёқ жароҳат туфайли майдонни тарк этган Эдерсон ўрнига туширилган Ортега ўтказиб юборди. Шундан кейин мезбонлар ўйинни «ўлдириш»га киришди, меҳмонларнинг позицион ҳужумлар билан жарима майдонига киришда қийналишди.

Гвардиола эса иккинчи бўлимда алмаштиришларни Эдди Ҳаудан олдинроқ бошлади ва мавсум бошидан буён майдондан ташқарида бўлган де Брейнени туширди. Жароҳат туфайли мавсумнинг илк қисмини ўтказиб юборган ушбу белгиялик ҳали тўлиқ ўйин ўтказа олмайди, аммо унга ўйинни буткул ўзгартириш учун 20 дақиқа ҳам етарли бўлди. У дастлаб жарима майдони ташқарисидан ўзининг «билярдча» зарбасини йўллаб ҳисобни тенглаштирди, қўшимча дақиқалар бошланганида эса жарима майдони ичига доҳиёна пас етказиб берди, 20 ёшли норвегиялик Бобб эса Триппиерни ва шу куни ёрқин ўйин кўрсатган Дубравкани чиройли услубда алдаб ўтиб, якуний ҳисобни ўрнатди.

Эдди Ҳау ҳамон Хосеп Гвардиолани енга олмаяпти, «шаҳарликлар» эса иккинчи ўринни «Астон Вилла»дан тортиб олди ва энди «Ливерпул»ни икки очколик фарқ билан таъқиб этмоқда.

Италия: «Наполи»да ниҳоят ғалаба

«Наполи» — «Салернитана» 2:1
Голлар:
Политано (45+4, пеналти), Рраҳмани (90+6) — Кандрева (29).
«Наполи» – Голлини, Ди Лоренцо, Жезус, Рраҳмани, Мариу Руй, Лоботка, Каюсте (Демме, 77), Гаэтано (Распадори, 56), Политано (Дзербин, 66), Кварацхелия, Симеоне.
«Салернитана» – Очоа, Фасио, Домбер (Данилюк, 84), Ловато, Брадарич, Самбия (Бронн, 90+1), Ленговски (Пероцци, 66), Мартегани, Кандрева, Тшауна, Нванкво (Иквуэмеси, 90+2). 
Огоҳлантиришлар: Каюсте (34), Ленговски (43), Рраҳмани (90+7), Кварацхелия (90+10). 

Қаторасига тўрт ўйинда очко йўқотган «Наполи» ниҳоят нохуш сериясини бузди ва декабр ойи ўрталаридан буён илк ғалабасига эришди. Лекин А сериянинг сўнгги ўриндаги жамоасига қарши ўйинда ҳам амалдаги чемпионлар ўз мухлисларининг асабига ўйнашди. Том маънода тўп рақиб дарвозасига киришни истамади, хусусан Кварацхелия қулай позицияга чиқиб бориб зарба йўллаганида ҳам. Ғалаба голини қўшимча дақиқаларгача кутишга тўғри келди, жарима нуқтасидан ошириб берилган тўпга ҳимоячи Ррахмани етиб келди. Неаполитанликлар ирода кўрсатишидан ташқари, «Салернитана»нинг иродасизлигини ҳам қайд этиш керак. Бу жамоа ҳисобда олдинга чиқиб олган ўйинларида 15 очко йўқотган.

«Монца» — «Интер» 1:5
Голлар:
Пессина (69, пеналти) — Чалхонўғли (12 пеналти, 60), Мартинес (14, 84 пеналти), Тюрам (88).
«Монца» – Соррентино, Калдирола, Д`Амброзио (Мари, 71), Галярдини, Педру Перейра (Биринделли, 58), Пессина (Акпа-Акпро, 80), Копани, Бондо (Коломбо, 46), Карбони, Чурриа (Кирякопулос, 46), Мота.
«Интер» – Зоммер, Дармиан, де Врей, Павар (Биссек, 81), Бастони (Ачерби, 72), Димарко (Карлос Аугусто, 72), Мхитарян, Чалхонўғли (Аслани, 62), Барелла (Фраттези, 62), Тюрам, Мартинес.
Огоҳлантиришлар: Колпани (5), Чалхонўғли (58), Биринделли (70), Павар (77).

«Женоа» билан ўйинда очко йўқотиш ва «Верона» билан ўйинда сўнгги дақиқаларда қўлга киритилган ғалабадан кейин «Монца»га қарши ўйинда нерадзуррилар ўйин стартидаёқ масалани ҳал қилиб қўйишди. Мезбонлар турнир жадвали пешқадами босимига 10 дақиқадан ортиқроқ дош беришди ва тўп ҳимоячининг қўлига текканидан кейин Ҳоқон Чалхонўғли пеналтини ўз услубида ижро этди. Икки дақиқа ўтиб Димарконинг ташлаб берган тўпни Лаутаро Мартинес дарвозага жойлади. Пессинанинг голида VAR офсайд қайд этиши мезбонларнинг ўйинга қайтиш умидини чиппакка чиқарди. Ушбу ҳужумчи иккинчи бўлимда барибир қонуний гол урди, аммо бу вақтга келиб «Монца»да ҳеч қандай имконият қолмаганди. Иккинчи бўлим бошида Чалхонўғли А сериядаги 222-ўйинига келиб илк дублини расмийлаштирди, ўйин охирида эса Мартинес ва Тюрам биттадан гол уришди. Миланликлар «Ювентус» билан масофани сақлаб қолмоқда — ва ўз тарихида иккинчи бор 20 турдан кейин 50 тадан ортиқ очко тўпламоқда.

Германия: Санчо яна кула бошлади, «Байер» биринчи даврада ғолиб бўлди

«Аугсбург» — «Байер» 0:1
Гол:
Паласиос (90+4). 
«Аугсбург» – Дамен, Мбабу, Гауэлеу, Удуохай, Яго, Йенсен (Энгелс, 80), Режбечай (Гумни, 88), Дорш, Варгас (Майер, 62), Демирович (Белло, 80), Титц (Михел, 80).
«Байер» – Градецки, Фримпонг, Станишич, Инкапиэ, Андрих, Грималдо, Жака, Ҳофманн, Паласиос, Шик, Гложек (Виртц, 62).
Огоҳлантиришлар: Варгас (18), Яго (19), Дорш (44), Ҳофманн (45).

«Байер» ўз мухлисларини барча рақибларини таслим этишига ўргатиб қўйган, аммо биринчи даврани якунловчи ўйинда леверкузенликлар базўр ғалабага эришди. Бир гуруҳ футболчилар Африка Кубогига кетгани ва жамоанинг асосий ҳужумчиси Бонифаса жароҳат туфайли апрелга қадар сафдан чиққани ўйин сифатига таъсир кўрсатмасдан қолмасди. Энди тикланиб сафга қайтган Вирц эса фақат ярим соат майдонда ҳаракат қилди. Аммо бу вақт унга қўшимча дақиқаларда голли ҳужум уюштириш учун етарли бўлди. Жамоанинг бу мавсумдаги асосий етакчиларидан яна бири Грималдо эса Паласиосни голли пас билан таъминлади. Бу ғалабадан кейин «Байер» жума куни ўз ўйинида ғолиб бўлган «Бавария»ни тўрт очкога ортда қолдирмоқда, аммо мюнхенликларда битта захира ўйини бор.

«Лейпциг» — «Айнтрахт» 0:1
Гол:
Кнауфф (7). 
«Лейпциг» – Бласвих, Ҳенрикс (Элмаз, 88), Клостерманн, Симакан (Лукеба, 87), Раум, Баумгартнер (Олмо, 68), Симонс, Кампл, Шлагер, Опенда, Шешко (Поулсен, 67).
«Айнтрахт» – Трапп, Кох, Тута, Пачо, Нкунку, Дина-Эбимбе (Якич, 72), Гётце (Ҳауге, 84), Ларссон, ван де Бек (Бута, 63), Кнауфф, Калайжич (Нганкам, 62).
Огоҳлантириш: Дина-Эбимбе (41).

Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи тўртликка мустаҳкам жойлашиб олган «Лейпциг» эса ўз тарихида илк бор «Айнтрахт»га ўз уйида мағлуб бўлиш орқали таъқибчиларига имконият тақдим этди. Нкункунинг паси ўйин тақдирини ҳал қилди, у қанот чизиғи яқинидан туриб тўпни узоқ устун томонга етказиб берди, Симакандан ўтиб кетган тўпни Кнауфф дарвоза тўрига жойлади. Бу ғалабадан кейин «бургутлар» топ-4 билан фарқни олти очкога қисқартирди, бешинчи ўринни сақлаб қолиш масаласи эса шанба кунги ўйинларни якунлаб берадиган «Боруссия»нинг натижасига боғлиқ эди.

«Дармштадт 98» — «Боруссия» Д 0:3
Голлар:
Брандт (24), Ройс (77), Мукоко (90+2).
«Дармштадт» – Шуэн, Бадер (Вилҳелмссон, 46), Кларер, Маглица, Ридел, Карич, Ҳолланд, Франич, Кемпе (Мюллер, 87), Скарке (Циммерманн, 87), Пфайффер (Торзиелло, 87).
«Боруссия» Д – Кобел, Мене, Шлоттербек (Зюле, 88), Жан, Матсен, Забитцер, Брандт (Ройс, 55), Ўзжан, Мален (Рейна, 88), Байну-Гиттенс (Санчо, 55), Фюллкруг (Мукоко, 81).
Огоҳлантиришлар: Байну-Гиттенс (3), Матсен (31), Маглица (51), Рейна (90).

Дортмунд эса ўз имкониятидан тўлиқ фойдаланди ва кучли тўртлик билан орадаги фарқни уч очкогача қисқартирди. Биринчи бўлимда «асаларилар»нинг устунлигини Байно-Гиттенснинг рейди таъминлади, ушбу инглиз футболчиси Брандтни деярли бўш дарвоза қаршисига чиқарди. Иккинчи бўлимдаги ҳал қилувчи палла эса тўп бурчакдан узатилганида яқин масофадан йўлланган зарбани қайтарган Кобелнинг сейви ва ҳамда Санчо захирадан ўйинга тушиши бўлди. Жамоага қайтиб келган инглиз футболчиси ваъда қилганидек яна юзда табассум билан ўйнай бошлади. 55-дақиқада майдонга тушган Жейдон яна порлади ва Ройсга идеал пас етказиб берди. «Боруссия» эса ўз анъанасини давом эттирди — жамоа қаторасига 20 йилдирки, янги йилни ғалаба билан бошлади ва бу бундеслига рекорди ҳисобланади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар