02.01.2024 21:48
6507
«Барселона»даги вундеркинд, ўзбекистонлик сеҳргар ва топ-бомбардирлар. Футболда 2023 йил кашфиётлари

Яқингача уларни деярли ҳеч ким танимасди.

Футбол — миллионлар ўйини. Сайёрадаги энг асосий спорт турида ҳар йили янги юлдузлар жавлон уради. «СЭ» ўтган йилда мухлислар эътиборига тушган футболчиларни санади.

Ламин Ямал

«Барселона» бошқарувига келганидан буён Хави футболчиларнинг жароҳатларидан азият чекмоқда. Жамоадаги ҳар бир муҳим футболчи камида бир марта маълум вақтга сафдан чиқди — Гави, Педри, Тер Штеген, Араухо, Де Йонг, Левандовски. Аммо, қанчалик ғалати кўринмасин, бунинг яхши томони ҳам бўлмоқда — мураббий янги номларни кашф этмоқда.

Асосий мисол — ҳали 15 ёшлигида асосий таркибга киритилган Ламин Ямал. Испаниялик ҳужумкор яримҳимоячи апрел ойида «Барселона»да дебют қилганди. «Бетис» билан ўйин у учун ла лиганинг 2022/23 йиллар мавсумидаги ягона ўйин бўлиб қолди, лекин янги мавсумда ушбу ўсмир асосий таркибга кирди ва кузда тўлақонли шартномага эга бўлди, товон пули миллиард евро этиб белгиланди. 2026 йилгача тузилган шартнома тугаётганида ҳам Ямал ҳали 20 ёшга чиқмаган бўлади.

Ўз ўзидан Ламин миллий жамоага ҳам чақирилди ва тўрт ўйинда майдонга тушиб, икки гол уришга улгурди. Ямал чиндан ҳам катталардек ўйнамоқда ва унинг 60 миллион евролик трансфер нархи ҳам буни тасдиқлайди. Бир неча ой ичида ушбу испаниялик қатор рекордлар ўрнатди, қуйида уларнинг энг асосийлари: миллий жамоадаги энг ёш дебютант ва энг ёш гол муаллифи, ла лига ва класико ўйинларида гол урган энг ёш футболчи. Муҳими, унинг ёш организми юкламага бардош бермоқда.

Гулелмо Викарио

Ямал ҳали биринчи синфга чиққанида италиялик посбон «Удинезе» академиясини битириш арафасида эди. 26 ёшигача Викарио мамлакатини тарк этмади ва фаолиятининг кўп қисмини В ва С серияларида ўтказди. Илк сезиларли апгрейд 2021 йилда рўй берди — дарвозабон «Каляри» захира ўриндиғини «Эмполи»нинг асосий таркибига алмаштирди.

Икки мавсум ичида Гулелмо ўзини аъло даражадаги шотстоппер ва оёқ билан яхши ўйновчи дарвозабон сифатида намойиш этди. Постекўғлига комбинацион футбол қуриш учун «Тоттенҳэм»да айнан шундай кадр керак эди. Лиорис бу ролга умуман тўғри келмасди, шунинг учун лондонликлар 18 миллион евронинг баҳридан ўтишди.

Албатта, бу риск эди, аммо танлов ўзини оқлади. Ўтган йил охирига келиб Викарио олқишларга сазовор бўлди ва «Тоттенҳэм» учун қатор ўйинларни ютиб берди. Ушбу италиялик бошқа футболчилар анча олдинга чиқиб кетганида сўнгги ҳимоячи вазифасини бажариши ҳам мумкин. У зарбаларни қайтаришда ҳам юқори савия намойиш этади ва ҳимоядан чиқишда қатнашади. У миллий жамоага ҳам чақирув олмоқда — ҳозирча Доннаруммани захира ўриндиғига ўтқазиб қўя олгани йўқ, аммо унинг чақирилиши фактининг ўзи кўп нарсадан далолат.

Серу Гирасси

Рўйхатдаги ёши энг катта футболчи. «Штутгарт» ҳужумчиси Викариодан етти ойга каттароқ. Гирассидаги кутилмаган ўсиш чиндан ҳайратланарли — бундеслиганинг дастлабки етти турида ушбу форвард 13 гол урди, ҳолбуки у бир мавсумда 11 тадан ортиқ гол урмаганди. Яъни октябр ойи бошидаёқ ушбу гвинеялик самарадорлик бўйича ўз рекордини янгилади.

Серу мавсум ярмига келиб чемпионатда урган голлари сонини 17 тага етказди ва Европа «Олтин бутса»си учун пойгада бешинчи ўринда бормоқда, топ-лигаларда ундан кўпроқ голни фақат Кейн ва Мбаппе уришган. Гирассининг трансфер нархи бир йил ичида тўрт баробар ўсди — 10 миллион евродан 40 миллион еврогача, аммо «Штутгарт» ушбу футболчи билан шартнома имзолаганда хатога йўл қўйганди. Гап шундаки, келишув бўйича унинг трансфер қиймати атиги 17,5 миллион еврони ташкил этади. Яъни исталган харидор ушбу камтаргина суммани тўлаши ва футболчини олиб кетиши мумкин.

Уни сафида кўришни истайдиганлар сони эса кўп: «Боруссия», «Милан», «МЮ», «Челси» ва яна бир қанча грандлар. Ҳужумчининг ўзи эса АПЛга ўтишни истамоқда. Афтидан, бу истакни рўёбга чиқаришда муаммо бўлмайди. Катта эҳтимол билан, қишдаёқ келишувга эришилиши мумкин.

Виктор Бонифасе

Бундеслигадаги яна бир кашфиёт. Қайд этиш керакки, ушбу нигериялик рўйхатдаги бошқа футболчилардан фарқли ўлароқ, 2023 йилнинг биринчи ярмидаёқ тилга тушиб улгурганди. Аввалига Бонифасе ярим йил Белгиянинг «Юнион» учун ўйнади ва жамоа билан Европа Лигасига етиб бориб, «Байер»га ютқазди. Виктор турнирнинг энг яхши тўпурарига айланди, ёзда эса айнан Леверкузен клубига ўтди.

Ушбу ҳужумчи Германия чемпионатига ёриб кирди ва дарҳол ойнинг энг яхши футболчиси сифатида тақдирланди. 2024 йилга Бонифасе лигада тўртинчи тўпурар, иккинчи ассистент ва «гол+пас» тизимида учинчи сифатида ўтди. Унинг жамоаси топ-5 чемпионатларда мавсум бошидан буён мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлиб турибди ва «Бавария»нинг абадий давом этадигандек кўринган гегемонлигига барҳам беришга бел боғлаган.

Виктор ҳам, худди Гирасси каби 40 миллион еврога баҳоланган, аммо ундаги кўтарилиш янада кучлироқ — 365 кун муқаддам нигериялик замонавий футбол учун кулгили даражада бўлган тўрт миллионга баҳоланганди. Бу рўйхатдагилар орасида айнан мазкур форвардда «Олтин тўп»га даъвогарлар рўйхатига кириш учун имконият юқорироқ. Бунинг учун Европа Лигасида узоқроққа бориш, бундеслигадаги графикни сақлаб қолиш керак — шахсий голлар бўйича ҳам, жамоа билан очко жамғаришда ҳам. Агар Африка Кубогидаги дебют иштирокида ҳам ёрқин ўйин намойиш эта олса, имкониятлар янада ошади — Осимҳен билан икки Викторлар жуфтлиги жуда хавфли кўринмоқда.

Бутун «Жирона»

Бу жамоа футболчиларининг ҳар бири алоҳида матн қилиш мумкин, жамоада порлаган футболчилар икки-уч киши билан чекланиб қолмайди. Уларнинг бари биргаликда бир бутун тўлақонли кашфиётни ифода этишади — «Жирона». 18 турдан кейин каталонияликлар биринчи ўринни «Реал» билан бўлишиб турибди, «Атлетико» ва «Барселона» етти очкога ортда қолдирилган.

Артём Довбик — 11 гол билан чемпионатнинг учинчи тўпурари, уни «Барселона» трансфер қилмоқчи. Алейш Гарсия — жамоа сардори, Хави уни ҳам жамоасида кўришни истамоқда. Савио — лигадаги энг яхши дриблерлардан бири, Испанияда ундан кўпроқ голли узатма фақат Кроосда. Коуту — алдаб ўтишда моҳир, Савиога параллел қанотда рақибларни даҳшатга солади. Мичел — бош мураббий, ҳиссиётли ва иштиёқманд мутахассис.

Рўйхатни яна давом эттириш мумкин, аммо юқоридагиларнинг ўзи ҳам кўп нарсани англатади. Агар мавсум якунида «Лестер» эртаги такрорланмаса ҳам, «Жирона» жуда кўпчиликни ҳайратга солиб бўлди. Ҳозирда ишонч билан айтиш мумкинки, ўтган мавсумни тўққизинчи ўринда якунлаган бу клуб бир неча ойдан кейин ўз тарихида илк бор Чемпионлар лигаси йўлланмасига эга чиқади. Фақат чемпион мақомида ёки совриндор сифатида, буни вақт кўрсатади.

Расмус Ҳойлунд

«Манчестер»даги клубларнинг ҳар бири баланд бўйли ва сариқсоч викингга эга бўлиши керак. «Юнайтед» Ҳойлунд учун «Сити» Ҳоланд учун тўлаганидан кўпроқ маблағ сарфлади — 73,9 миллион еврога қарши 60. Керагидан ортиқ тўлаб юборилган бўлиши мумкин, аммо даниялик футболчи учун рақобат кучли эди.

2023 йилга Расмус ўртамиёна кўрсаткичлар билан ўтганди. Форвард 2022 йил ёзида «Аталанта»га келганидан буён очилмаётганди ва миллий жамоада ҳам голлар ҳисобини оча олмаётганди. Янги йилдан кейин эса барчаси ўзгарганди — Ҳойлунд январдаги илк тўрт ўйинда гол урди ва мавсум охиригача яхши формасини сақлаб қолди, миллий жамоа сафида эса етти гол урган ҳолда Евро саралаши тўпурарлари рўйхатида бешинчи бўлди.

Англияда мослашув осон кечмади, аммо янги клубида ҳам натижа қайд этди — ЕЧЛ гуруҳ босқичида Расмус жамоасининг энг кўп гол урган футболчиси бўлди (4). Лекин «МЮ»нинг ўзи яхши ўйнай олмади ва гуруҳда охирги ўринда қолди. Йил охирида эса ҳужумчи ниҳоят АПЛдаги илк голини уриб, «Астон Вилла»га қарши ўйинда ғалаба келтирди (3:2). Мавсумнинг иккинчи қисми ҳам, катта эҳтимол билан янги муҳитга мослашишга кетади ва кейин тўланган пуллар оқланиши бошланади.

Эван Фергюсон

Гирасси ва Бонифасенинг нархларидаги ўсиш у қадар ҳайратлантирмаган бўлса, чинакамига ҳайратланадиган ўсиш бор. 2023 йилда ирландиялик ёш ҳужумчи 65 баробар қимматлади! Бир йил муқаддам уни бир миллион еврога баҳолашган. Октябрда эса нарх 65 миллион еврога чиқди.

Ўшанда эндигина 17 ёшда бўлган Фергюсон АПЛда 2021/22 йиллар мавсумида дебют қилган. Аввалига «Бёрнли» билан ўйинда 22 дақиқа ўйнаган футболчи кейинги имкониятини анча вақт кутиб қолган. Ўн ой ўтиб яна шундай имкон туғилди ва Эван бундан фойдаланди. 2023 йилдаги илк уч ўйинида ҳужумчи 2 гол уриб, 2 ассист амалга оширди, май ойида эса чемпионатдаги илк дублини расмийлаштирди.

Қишга келиб ирландияликнинг ўйинида бироз пасайиш юз берди. Шунга қарамай, у айни вақтда «Брайтон»нинг иккинчи энг яхши тўпурари ва клубининг асосий активи бўлиб қолмоқда. Футболчи билан шартнома 2028 йилга қадар узайтирилган, раҳбарият унинг сотувидан камида 100 миллион евро ишлаб олишни кўзлаган. Клубдагилар футболчи сотишнинг ҳадисини олишганидан келиб чиқиб, қачондир Англиянинг қайсидир клуби лига трансфер рекордини янгилашини тахмин қилиш мумкин.

Кобби Майну

2023 йилга қадар ушбу футболчи ҳақида фақат «МЮ»нинг энг ашаддий фанатлари билиши мумкин эди. Кобби фақат ноябр ойига келиб асосий жамоа футболчисига айланди, аммо тен Ҳаг унга ёзги йиғин вақтида эътибор қаратганди. Аммо англиялик ёш футболчи тўпиқ соҳасидан жароҳат олди, шунинг учун дебют кузга қолди. Лекин у барибир майдонга чиққанида кўпчиликни ўзига қаратди. Гари Невиллнинг ушбу таянч яримҳимоячиси «Юнайтед»нинг эмас, кўпроқ «Сити» футболчисига ўхшаётганини айтганини эслаш кифоя.

Шундан буён Майну АПЛда яна беш ўйинда майдонга тушди ва ҳар сафар камида бир  бўлим майдонда бўлди. Қолаверса, Чемпионлар лигасидаги охирги икки ўйинда жами 33 дақиқа иштирок этди. Кобби жамоасида келгусида идеал таянч яримҳимоячисига айланиши мумкин — у рақиблар ўйинини бузади, тўпни ўзи билан яхши олиб юради ва босим остида ўзини яхши ҳис қилади. Катта эҳтимол билан, янги йилда 18 ёшли ушбу футболчининг фамилияси кўпроқ қулоққа чалина бошлайди.

Аббосбек Файзуллаев

ЦСКАнинг ёзги трансфер кампаниясидаги сусткашлигини кўпчилик танқид қилганди. Жамоа бош мураббийи Владимир Федотов очиқчасига таркибни кучайтиришга эҳтиёж борлигини айтганди. Клуб аввалига харидларни ортга сурди, кейин эса Лотин Америкасидан икки футболчи ва Европа футболи учун нотаниш бўлган бир ўзбекистонликни олди. «Пахтакор»га 19 ёшли яримҳимоячи учун 500 минг евро тўланди.

Ярим йил ўтгач эса Россия футболидаги барча шу ўзбек ҳақида гапира бошлади: Файзуллаев — ҳозирги ЦСКАда энг асосий элемент, айрим ўйинларда Аббос чинакамига бошқа даражада эканини намойиш этиб, бир ўзи жамоага очко олиб келмоқда. У бир неча бор жамоасида ойнинг энг яхши футболчиси деб топилди. 

Аллақачон у кучлироқ чемпионатга кетиши ҳақида гапирилмоқда. Москваликлар сарфланган ярим миллион евро эвазига мўмайгина пул ишлаб олиши мумкин. Файзуллаев — Россия чемпионатидаги асосий кашфиёт бўлди ва 2024 йилда ундан янада ўсиш кутилмоқда.

  •  
Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар