29.12.2023 23:36
6554
Теглар
«Галатасарой» ва «Фенербахче» ўртасидаги Туркия Суперкубоги ўйини қолдирилди

Саудия Арабистони мезбонлигида ўтиши лозим бўлган Туркия Суперкубоги доирасидаги «Галатасарой» - «Фенербахче» ўйини қолдирилди.

Ар-Риёддаги Суперкубок ўйини саудияликларнинг Туркия футбол федерацияси ва клублар олдига бир қанча талабларни қўйганидан кейин бекор бўлди. Турк клублари маҳаллий ҳукуматнинг талабларига жавобан ўйинни бойкот қилишди.

Қайд этилишича, турк клублари Туркия Жумҳурияти мустақиллигининг 100 йиллиги муносабати билан Саудиядаги ҳал қилувчи ўйин олдидан Туркия Республикасининг асосчиси ва биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк сурати туширилган либосларда майдонга тушмоқчи бўлган.

Бундан хабар топган Саудия расмийлари жамоаларнинг Ар-Риёддаги стадионда Мустафо Камол Отатурк сурати туширилган либосларда майдонга тушишига рухсат бермаган. Шунингдек, стадионда Отатурк расми бор баннерларни илишни, унга тегишли «Уйда тинчлик, жаҳонда тинчлик» шиорини кўтаришни тақиқлаган.

Турк ОАВ хабарига кўра, саудияликлар стадионда Туркия мадҳияси янграшига ҳам қарши бўлган. Туркия футбол федерацияси бу борада маҳаллий ҳукумат вакиллари билан келишувга эриша олмагач, «Галатасарой» ва «Фенербахче» клублари ўйинни бойкот қилган.

Жамоалар ва туркиялик мухлислар Ар-Риёддан Истанбулга қайтиш тараддудини кўрмоқда.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар