28.12.2023 10:32
3832
Теглар
Роналду Ўзбекистонга келиши ҳам, «Насаф» «Навбаҳор»га тушиши ҳам мумкин. Бугун ОЧЛ 1/8 финалига қуръа ташланади

Бугун, 28 декабр куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда Осиё Чемпионлар лигаси нимчоракфинал босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади.

Унга кўра, Ғарб минтақасидан 8 жамоа – «Ал-Айн», «Ал-Иттиҳод», «Ал-Ҳилол», «Ан-Наср», «Насаф», «Навбаҳор», «Сипоҳон» ва «Ал-Файҳа» икки саватчага ажратилган.

Қуръа тартибидаги ўзгариш

Қайд этиш жоиз, аввал хабар берилган қуръа форматига битта ўзгариш киритилгани. ОФК томонидан эълон қилинган қуръа тартибига кўра, 1/8 финал қуръасидан аввал мини-қуръа ёрдамида 1-саватдаги 5 жамоадан бири 2-саватчага ўтказилиб, 2-саватчадаги жамоалар сони ҳам 4тага етказилади. Яъни, аввал хабар қилинганидек, 1-ўринлар ичида энг ёмон натижага эга «Насаф» 2-саватчага ўтказилмайди ва 1-саватдаги исталган жамоа 2-саватга тушиши мумкин бўлади.

Қуръа олдидан саватчалар қуйидагича ўрин олган:

1-сават:

«Ал-Ҳилол» (Саудия Арабистони)

«Ан-Наср» (Саудия Арабистони)

«Ал-Иттиҳод» (Саудия Арабистони)

«Ал-Айн» (БАА)

«Насаф» (Ўзбекистон)

2-сават:

«Навбаҳор» (Ўзбекистон)

«Ал-Файҳа» (Саудия Арабистони)

«Сипоҳон» (Эрон)

Кимлар ўзаро тўқнаш келмайди?

Осиё Футбол Конфедерацияси тасдиқлаган қуръа форматига биноан, ушбу босқичда икки мамлакатнинг клублари ўзаро тўқнаш келиши мумкин. Яъни, 1/8 финал қуръасидан олдинги кичик қуръада «Насаф» 1-саватчада қоладиган бўлса, нимчоракфиналда «Навбаҳор»га қарши тўқнаш келиши мумкин бўлади.

Нимчоракфиналда бир гуруҳдан чиққан жамоалар ўзаро тўқнаш келмайди. Айтайлик, «Навбаҳор»га рақиб аниқланаётганда қутичадан «Ал-Ҳилол» чиқиб қолса, бу жамоа автоматик тарзда кейинги клубнинг рақиби сифатида танланади.

«Насаф» ва «Ан-Наср» 1-саватчада қоладиган бўлса, Криштиану Роналдунинг 1/8 финалда Қаршига келмаслиги ойдинлашади. Аммо португалиялик юлдузни Наманганда кутиш мумкин бўлади.

Плей-офф ўйинлари қачон ўтказилади?

Ғарбий минтақада ОЧЛ нимчоракфинал дастлабки баҳслари 12-13 феврал кунлари 2-саватчадаги жамоалар майдонида, жавоб учрашувлари эса бир ҳафтадан кейин – 19-20 феврал кунлари 1-саватчадаги жамоалар уй стадионида бўлиб ўтади.

Қайд этиш жоиз, айнан 1/8 финалдаги қуръа жамоаларнинг навбатдаги босқичдаги эҳтимолий рақибларини аниқлаб беради.

1/4 финал жуфтликлари қуйидагича кўриниш олади (4-5 март / 11-12 март):

1-нимчорак финал ғолиби – 2-нимчорак финал ғолиби

3-нимчорак финал ғолиби – 4-нимчорак финал ғолиби

Яримфинал (16 апрель ва 23 апрель)

1-чоракфинал ғолиби — 2-чоракфинал ғолиби

Ғарб ва Шарқ минтақаси вакиллари тўқнаш келадиган финал бу сафар ҳам икки ўйиндан иборат бўлади. Дастлабки учрашув шарқий минтақа жамоаси майдонида, жавоб учрашуви эса ғарбий минтақа жамоаси майдонида бўлиб ўтади. Финал баҳслари 11 ва 25 май кунига белгиланган.

ОЧЛ нимчоракфинал босқичига қуръа ташлаш маросими бугун, 28 декабр куни соат 13:00да бошланади. Маросим «Спорт» ТВ орқали жонли эфирда намойиш этилади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар