26.12.2023 08:55
2446
Миллион доллар учун кураш. Шахмат юлдузлари Самарқандда жаҳон чемпионлиги учун беллашади

 Бугун, 26 декабрдан бошлаб Самарқандда шахматнинг блиц ва рапид йўналиши бўйича ФИДЕ жаҳон чемпионати старт олади. Кеча кўҳна шаҳар мезбонлигидаги турнирнинг очилиши маросими «Silk Road Samarkand» туризм марказида юқори савияда ўтказилди. Айниқса, қуръа ташлаш жараёнида кўҳна шаҳардаги бозор муҳити саҳналаштирилгани жаҳоннинг биринчи рақамли шахматчиси Магнус Карлсен ва шахмат юлдузларининг олқишига сабаб бўлди.

Сайёҳлик марказининг беш юлдузли «Minyoun» меҳмонхонасида ўтказилган турнирнинг очилиш маросимида ФИДE президенти Аркадий Дворкович, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Ёшлар Ишлари агентлиги директори, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси Алишер Саъдуллаев, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, кўҳна шаҳар мезбонлигидаги жаҳон чемпионати юқори савияда ўтиши учун катта тайёргарлик кўрилгани таъкидланди ва ФИДE президенти турнирни расман очиқ деб эълон қилди. Шундан сўнг, Ўзбекистон давлат мадҳияси ва ФИДЕ мадҳияси янгради.

Очилиш маросимида Магнус Карлсен, Нодирбек Абдусатторов, Гукеш Доммаражу, Фабиано Карауна, Левон Аронян сингари шахмат юлдузлари, Вишванатан Ананд сингари жаҳон чемпионлари, мутахассислар иштирок этишди.

Очилиш маросимининг кулминацион воқеаси саҳнага турнирнинг умумий мукофот жамғармаси – 1 миллион доллар маблағ сандиқчада олиб чиқилгани ва қуръа жараёнининг кўҳна шаҳардаги бозор кўринишида саҳналаштирилгани бўлди. Қуръадан аввал эса шахматдаги Роналду дея таърифланадиган Магнус Карлсенга зарбоф чопон ва салла кийдирилди.

 Қуръада турнир фаворити Магнусга икки марта ҳам оқ доналар чиқди. Шу тариқа, тоқ рақамли ўйинчилар блиц ва рапид бўйича чемпионатнинг биринчи босқичини оқ рангда бошлашади. Аёллар ўртасидаги баҳсларда эса Цзюй Вэн Цзюн рапид бўйича оқ рангни танлади, Лей Тинцзега эса блиц учун қора ранг насиб этди.

Самарқанддаги халқаро мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шундан 700 минг доллар эркаклар ўртасидаги баҳслар натижаларига биноан, 300 минг доллар аёллар ўртасидаги ўйинлар якунига кўра, ўринларга қараб тақсимланади.

Жаҳоннинг 200га яқин энг кучли шахматчилари иштирок этадиган турнирда эркаклар ўртасидаги баҳсларда Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров етакчилигидаги ўзбекистонлик 20 нафар, аёллар ўртасидаги ўйинларда эса Умида Омонова етакчилигидаги 13 нафар спортчилар ўз маҳоратини синовдан ўтказади.

Баҳслар 26-30 декабр кунлари соат 15:00дан 20:00гача давом этади. Учрашувларни «Ёшлар» телеканали жонли эфирда трансляция қилиши режалаштирилган.

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар