Европа Иттифоқи адлия суди УЕФА ва Суперлига лойиҳаси бўйича ишни кўриб чиқиб, Суперлига фойдасига қарор чиқарди.
Унга кўра, суд Суперлига лойиҳасини қонун доирасида эканини тасдиқлаб, ФИФА ва УЕФА бу борада монополия ўрнатишини ноқонуний деб топди. Бу ташкилотларнинг Суперлигага доир қоидалари рақобат ва хизмат кўрсатиш эркинлиги тўғрисидаги қонунларга зид деб топилди.
«ФИФА ва УЕФА қоидаларига кўра, Суперлига каби клублараро янги футбол лойиҳалари энг аввало бу икки ташкилот томонидан маъқулланиши белгиланган. Бу Европа Иттифоқи қонунчилигига зиддир. Клублар ва футболчиларни бошқа мусобақаларда ўйнашни тақиқлаш ноқонуний ҳисобланади. ФИФА ва УЕФА ваколатини суиистеъмол қилмоқда», - дейилади қарорда.
Шу билан бирга, суд ФИФА ва УЕФАнинг трансляция ҳуқуқларидан фойдаланишга оид қоидалари Европа клублари, медиа бозорда фаолият юритувчи барча компаниялар, қолаверса истеъмолчилар ва телетомошабинлар ҳуқуқларини поймол этилиши, бу истеъмолчиларнинг қизиқарли мусобақалардан баҳраманд бўлишига тўсқинлик қилиниши деб топган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда УЕФА клублардан Суперлига лойиҳасини тўхтатишни сўраганда Мадрид суди «Реал», «Барселона» ва «Ювентус» клубларининг Европа Суперлигасини ташкил этишга уринишини «қонун доирасида» деб топганди.
Маълумот учун, ҳозирги кунга қадар фақатгина «Реал» ва «Барселона» Суперлига лойиҳасининг асосий ташкилотчилари сифатида турнирни ташкил этиш фикридан қайтмаган. Бунгача Европанинг бир қатор топ-клублари УЕФА ва маҳаллий федерацияларнинг тазйиқи остида турнирни тарк этганди.