Бугун, 19 декабр куни Наманган вилояти ҳокими «Навбаҳор» мухлислари билан учрашувда жамоанинг кейинги мавсумдаги мақсади ўзгармаслигини маълум қилди.
«Бугун «Навбаҳор»нинг бир неча минглаб мухлислари номидан бир гуруҳ «Навбаҳор» фахрий мухлислари жамоамиз уй учрашувларини ўтказадиган «Марказий» стадионга ташриф буюришди.
Ушбу ташрифдан асосий мақсад бу йил Осиё Чемпионлар лигаси мадҳияси Наманганда янграшига улкан ҳисса қўшган Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкатжон Шокиржанович Абдураззоқов, шунингдек, «Навбаҳор» ПФК раҳбарияти, жумладан, клуб вице-президенти Отабек Арифович Саматовга миннатдорчилик изҳор этиш эди», - дейилади клуб хабарида.
Қайд этилишича, мухлислар билан учрашувда вилоят ҳокими жамоадан хавотир олмасликни сўраган.
«Мухлислар ҳеч ҳам хавотир олишмасин, янги мавсумда ҳам «Навбаҳор»нинг мақсадлари ўзгармайди ва жамоа таркиби янада кучаяди. Биз »Навбаҳор» ишқибозларига қувонч улашиш учун барча имкониятимизни ишга соламиз», - дея Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг сўзларини келтирган клуб матбуот хизмати.
Аввалроқ, «Навбаҳор» бир қатор етакчилари билан хайрлашиши, жамоа кейинги мавсумда таркибни ёшартиришни режалаштиргани ҳақида хабарлар тарқалганди. Қолаверса, ПФЛ клуб олдидаги қарздорлик сабабли жамоага трансфер тақиқи қўйилганини маълум қилганди.