19.12.2023 17:35
3383
«Кучлироқ бўлиб қайтаман». Шомуродов жарроҳлик амалиётини ўтказди, унинг Осиё кубогига бориши сўроқ остида қолди

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг Қатарда ўтадиган Осиё кубогига бориши сўроқ остида қолмоқда.

«Каляри» ҳужумчиси А Серия 16-тури доирасидаги «Наполи»га қарши сафардаги учрашув олдидан машғулотларда жароҳат олганди. Клуб матбуот хизмати хабарига кўра, ўзбекистонлик ҳужумчи жамоанинг жума куни эрталаб ўтказган машғулотида жароҳат олган. Тиббий текширувдан кейин Шомуродовнинг ўнг оёқ товони иккинчи панжа суюги сингани ойдинлашган.

Бугун, 19 декабр куни Шомуродов Римда товонидан операция қилинган. Футболчининг ўзи бу ҳақда «инстаграм»даги саҳифасида маълум қилган.

«Янада кучлироқ бўлиб қайтаман. Мени сўнгги кунларда қўллаб-қувватлаётган барчага раҳмат», - дея ёзади футболчи.

Tribuna.uz боғланган ўзбекистонлик клуб шифокорларидан бирининг сўзларига кўра, бундай жароҳатдан тикланиш учун камида бир ярим ойгача вақт талаб этилиши мумкин. Элдор Шомуродов декабр ойининг сўнггида Ўзбекистон миллий жамоасининг БААдаги йиғинига қўшилиши режалаштирилган эди. 

Шу тариқа, Шомуродовнинг Осиё кубоги гуруҳ босқичида жамоага ёрдам бера олмаслиги деярли ойдинлашди.

Маълумот учун, Қатардаги Осиё кубоги 12 январ куни старт олади. Ўзбекистон В гуруҳида 13 январ куни Сурияга қарши майдонга тушса, 18 январда Ҳиндистон, 23 январда эса Австралияга қарши майдонга тушади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар