Россиянинг етакчи спорт сайти Sports.ru РПЛ 1-давра якунлари сарҳисобини қилди.
Унга кўра, нашр томонидан Аббосбек Файзуллаев эътироф этилган. Ўзбекистон миллий жамоасининг 20 ёшли яримҳимоячиси Россия Премьер-лигаси 1-даврасининг энг яхши трансфери деб топилди. ЦСКА клуби август ойида Файзуллаевни «Пахтакор»дан таклиф қилганди.
«Файзуллаев учун 500 минг евро – ажойиб танлов. Албатта, Аббоснинг муваффақиятига унинг вакиллари умид қилгандир, аммо бу шу даража тез рўй беришини улар ҳам кутишмаганди. Футболчининг агенти ҳам бу ҳақда «Бу даража ажойиб стартни кутгандик, десам ёлғон гапирган бўламан», деганди. У жамоасининг ҳар бир хавфли ҳужумида, голларида иштирок этмоқда. Умид қиламизки, қишки танаффус уни тўхтатиб қўймайди», - дейилади мақолада.
Қайд этиш жоиз, сарҳисобда иштирок этган россиялик 6 нафар журналистнинг 5 нафари айнан Файзуллаевни энг омадли трансфер деб белгилаган.
Эслатиб ўтамиз, Аббосбек ЦСКАда сўнгги икки ойда энг яхши ўйинчи деб топилганди. У ноябр-декабр ойида ҳам жамоанинг энг яхши футболчиси номинациясида ғолиб бўлишга яқин турибди.
Аввалроқ, Transfermarkt портали Аббосбек Файзуллаевнинг трансфер баҳоси январ ойидан буён 300 минг евродан 4 миллион еврога етганини қайд этганди. Унинг трансфер баҳоси қарийб 15 бараварга ошиб, у бу борада ЦСКАдаги энг катта ўсишга айланганди.