Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров «Нефтчи» клубининг Суперлигадаги бу йилги иштироки учун жамоа аъзоларига миннатдорчилик билдирди ва клуб келаси мавсум олтин медаллар учун кураш олиб боришини маълум қилди.
«Севимли «Нефтчи» жамоамиз футболчиларига, бош мураббий Виталий Левченкога, жамоанинг барча мутасаддиларига мавсум давомидаги ёрқин ўйинлар ҳамда чемпионатнинг сўнгги дақиқаларига қадар мухлисларга тақдим этилган ҳаяжонли онлар учун миннатдорчилик билдираман.
Ўзбек футболида ўз ўрнига ҳамда энг содиқ мухлисларга эга «Нефтчи» жамоаси, Худо хоҳласа келгуси мавсумда Суперлигада янада муносиб қатнашиб, олтин медаллар учун кураш олиб боради. Бунинг учун «Нефтчи»ни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга давом этамиз», - дея Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг сўзларини келтирган ҳокимлик ахборот хизмати.
Маълумот учун, «Нефтчи» жорий мавсум ҳам чемпионлик учун кураш олиб бориб, чемпионат сўнгги турларидаги очко йўқотишлардан кейин Суперлигани 5-ўринда якунлади.