03.12.2023 14:49
3091
«МЮ» рақобатчига ютқазди, «Реал» қувлашмачоқ ўйнамоқда. Европада кун ўйинлари

«Арсенал» пешқадамликни кафолатлади, «Бавария»га қор халал берди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: «канонирлар»нинг 100-голи

«Арсенал» — «Вулверҳэмптон» 2:1
Голлар
: Сака (6), Эдегор (13) — Куня (86). 
«Арсенал» – Райя, Томиясу (Уайт, 79), Габриэл, Салиба, Зинченко, Эдегор (Жоржино, 90+3), Райс, Троссар, Мартинелли (Ҳавертц, 77), Сака (Кивиор, 90+3), Жезус (Нкетиа, 67). 
«Вулверҳэмптон» – Са (Бентли, 23), Семеду, Доусон, Килмен, Гомеш, Буэно (Доэрти, 62), Беллгард (Сарабия, 63), Дойл (Калайжич, 90+3), Траоре, Ҳванг Ҳи Чан, Куня.
Огоҳлантиришлар: Салиба (68), Ҳванг (88). 

Якшанба куни рақобатчилари қандай натижа кўрсатмасин, «Арсенал» тур якунларига кўра биринчи ўринни ўзида сақлаб қолиши маълум бўлди — «Вулверҳэмптон» билан ўйинда лондонликлар ўйин дебютидаёқ рақиб мудофаасини таслим этди. Сака ва Эдегорнинг голлари — Арсен Венгернинг энг яхши даврларидаги комбинацияларни ёдга солиб юборди. Бу айниқса тўп дарвоза тўрига йўналтирилган вақтларда кузатилди, рақиблар шунчаки фаворит нимани ўйлаганини топа олмади.

Сака «канонирлар»нинг йил бошидан буён урган 100-голи муаллифига айланди. Топ-5 лигаларда бундай гроссмейстерлик даражасига фақат «Манчестер Сити», «Реал», «Бавария» ва «Байер» ета олган. Ўйин охирида Микел Артета жамоаси ҳисобни сақлаб қолиш учун ўйнашига ҳам тўғри келди. Яратилган вазиятлардан фойдаланилганида иккинчи бўлим бошидаёқ ҳисоб ўта йирик кўринишга келиши мумкин эди, икки бор тўп дарвоза устунига тегди, Троссар дарвозабон билан яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади, бу эса «бўрилар»га ҳисобни қисқартириш имконини берди ва меҳмонлар ўйин якунида очко олиш учун ўйнади. Аммо шундан кейин бошқа гол урилмади.

«Нюкасл» — «Манчестер Юнайтед» 1:0
Гол: 
Гордон (56).
«Нюкасл» – Поуп (Дубравка, 86), Триппиер, Шер, Ласселс, Ливраменто, Гимараэс, Майли, Алмирон, Жоэлинтон, Гордон (Ричи, 90+7), Исак.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Уан-Биссака (Регилон, 80), Магуайр, Шоу, Далот, Фернандеш, Мактоминей, Майну (Амрабат, 80), Гарначо, Марсиял (Ҳойлунд, 61), Рэшфорд (Антони, 61).
Огоҳлантиришлар: Магуайр (77), Антони (90+2), Жоэлинтон (90+7).

«Нюкасл» – «МЮ» ўйинида рўй берган эпизодлар жамоаларнинг ҳафта ўртасида ЕЧЛда ўтказган ўйинларига ишора қиларди.

«Нюкасл» биринчи бўлимда «МЮ»дан анча устун эди. Зарбалар беришдаги 14:2 кўрсаткичи – дастлабки 45 дақиқаликдаги вазиятни яққол ифодалайди. Бундай босимда меҳмонлар жарима майдонида вазиятлар ўз-ўзидан ҳам пайдо бўларди. Магуайр ўз дарвозасини ишғол этиб қўйишига сал қолди, Далот эса тўпни узоқлаштиришга уринганида қўли билан ўйнади. Лекин ЕЧЛдан фарқли равишда АПЛда бундай ҳолат учун пеналти қўйилмайди. «Нюкасл» эса Париждаги ўйинда шундай ҳолат туфайли ғалабадан қуруқ қолганди.

Бўлимдаги энг ёрқин эпизод эса 39-дақиқада рўй берди. «Нюкасл» жарима зарбаси ишлади ва уни ижро этишга жуда узоқ тайёрланди. Улар жонли девор ўрнатишга 100 сониядан ортиқ вақт сарфлади, бу вақтда бошқа гуруҳ тўпни ким қандай тепишини муҳокама қилишди. Мезбонлар Онана бу ҳафтада жарима нуқтасидан ўтказиб юборган барча голларини ёдга олиши учун худди атайлаб вақт чўзаётгандек эди. Триппиернинг зарбаси эса тўсинни титратди ва пастга шўнғиди, аммо дарвоза чизиғидан бир неча сантиметр берида ерга сапчиди ва дарвозабон уни эгаллаб олди.

Танаффусдан кейин ҳам ўйин сценарийси олдингидек қолди. 55-дақиқада «МЮ» тўпни узоқлаштиришда муваффақиятсиз ўйнади. Шоу (у захира ўриндиғида Линделёф ва Варан борлигига қарамай, шу куни марказий ҳимоячи сифатида тушди) тўпни олдинга етказишда хатога йўл қўйди ва «Нюкасл» комбинация уюштирди, ҳужум Гордон Триппиернинг қанотдан узатмасини голга айлантириши билан якунланди. У бу вақтда олис устун олдида ёлғиз қолдирилганди.

«МЮ» майдонга Антони ва Ҳойлундни ташлади, аммо вазият яна ўзгаришсиз қолаверди, ҳакам эса ўйинни бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин бўлган эпизодни ўтказиб юборди. 67-дақиқада Фабиан Шер бутсасининг остки қисми билан Бруну Фернандешнинг оёғини босиб олди ва португалиялик футболчининг оёғи қайрилиб ҳам кетди. Яқинда шунга ўхшаш вазиятда Рэшфорд майдондан четлатилганди (ЕЧЛда «Копенҳаген» билан ўйинда), бу сафар арбитр Роберт Жонс ҳатто сариқ карточка ҳам кўрсатмади. 

«Нюкасл» ўйин охирларига бориб зарбалар бериш бўйича устунликни сақлаб қолди – 22:3. Фақат сўнгги дақиқаларда меҳмонлар кўпроқ ҳужум қилишди ва рақамлар – 22:8 кўринишига келди, аммо бу натижага таъсир қилмади.

82-дақиқада меҳмонлар чиндан хавфли вазият яратишди — тўп бурчакдан ошириб берилганидан кейин бир неча метрдан Поуп дарвозасига зарба берилди, аммо Шер вақтида оёғини қўйди ва тўпни қайтарди. «Юнайтед» футболчилари қайтган тўпни эгаллашди ва яна ҳужум бошлашди, аммо ҳакам ҳужумни тўхтатди, мезбонлар дарвозабони жароҳат олганди. Поупни сафга қайтаришнинг имкони бўлмади — шайхлар келгунига қадар «Нюкасл»ни Чемпионшипга тушиб кетишдан асраб қолган Дубравка туширилди.

Ўйин якунланиши арафасида Магуайр дарвозани ишғол этди, аммо у офсайдда қолган деб топилди. Ҳакам бўлимга тўққиз дақиқа қўшиб берди — мавсум стартидаги аёвсиз танқидлардан кейин ўзига бўлган ишончни қайтара олган ушбу ҳимоячи бу вақт мобайнида яна иккита голли вазиятга эга бўлди. Сўнгги ўн дақиқаликда меҳмонлар тўпга эгалик қилиш  бўйича 75 фоиз устунлик намойиш этишди, аммо бундан наф бўлмади.

«Нюкасл» «Арсенал» билан ўйинда бўлгани каби бу сафар ҳам ҳакам ёрдами билан ғалаба қозонди, ўшанда ҳам ягона голни Гордон урганди. Аммо умуман олганда, бу ғалаба ўйин мантиғига мос келарди. «Нюкасл» турнир жадвалида «МЮ»ни қувиб ўтиб, бешинчи ўринга кўтарилди ва кучли тўртликдан 4 очкога ортда қолмоқда, тен Ҳаг жамоасида эса қаторасига уч ғалабадан кейин вазият яна ёмонлашмоқда.

Испания: «Жирона»нинг характери

«Жирона» — «Валенсия» 2:1
Голлар: 
Стуани (83, 88) — Дуро (57).
«Жирона» – Гассанига, Э.Гарсия, Блинд, Лопес (Стуани, 75), Мигел Гутеррес, Коуто, Эррера (Торре 13, Коуту, 82), А.Гарсия, Мартин (Порту, 82), Циганков, Савио, Довбик.
«Валенсия» – Мамардашвили, Фулке (Амалла, 84), Коррейя, Паулиста, Москера, Гасоровски (Васкес, 89), Перес (Диакаби, 67), Пепелу, Герра, Яремчук, Дуро, Лопес (Канос, 84). 
Огоҳлантиришлар: Блинд (36), Ян Коуто (42), Гасоровски (61), Дуро (77), Савио (90+2), Паулиста (90+6).

«Реал» ва «Жирона» пойгаси давом этмоқда, каталонияликлар нафақат ўз натижалари ва ўйин сифати билан, балки ақл бовар қилмас характери билан ҳам катта таассурот қолдирмоқда. Мичел Санчес жамоаси ўз очколарининг тенг ярмини (38 тадан 19) ҳисобда ортда бораётган ўйинларида қўлга киритган! Сўнгги тўрт турдан учтасида шу ҳолат кузатилди ва бу сафарги сценарий энг драматик тус олгани бўлди. «Валенсия» 82-дақиқада ҳам ҳисобда олдинда эди, шундан сўнг «Жирона» афсонаси ўз сўзини айтди. 37 ёшли уругвайлик Стуани захирадан майдонга тушди ва дубли билан «Реал»ни яна ортдан қувувчи мақомига айлантирди. Бошқа томондан бу ўйин мантиғидан келиб чиққан натижа бўлди, рақиб тўпга эгалик қилиш бўйича ла лигада 2005/06 йиллар мавсумидан буён энг паст кўрсаткични (24 фоиз) қайд этди.

«Реал» — «Гранада» 2:0
Голлар: 
Диас (26), Родриго (57).
«Реал» – Лунин, Карвахал (Васкес, 46), Алаба, Рюдигер, Менди, Диас (Паз, 88), Беллингҳэм, Кроос, Валверде, Родриго (Гонсало, 85), Хоселу (Себаллос, 70). 
«Гранада» – Фернандес, Андре Феррейра, Манафа (Петрович, 64), Рикард Санчес, Микел, Торренте, Нева, Сарагоса (Алваро Фернандес, 83), Гумбау, Руис, Узуни (Вайсман, 64), Бойе (Пуэртас, 83).
Огоҳлантиришлар: Беллингҳэм (22), Рюдигер (22), Гумбау (77).

«Реал» эса икки соат ўтиб ўз ўрнига қайтишини тахмин қилиш осон эди. Мадридликлар хавфли ҳудудда турган, «Сантияго Бернабеу»да фақат янги тайинланган бош мураббийи Александер Медина эффекти (у ҳам «Севиля»нинг янги устози Диего Алонсо аввал Европада ишламаган уругвайлик мутахассис) эвазига натижадан умид қилиши мумкин бўлган жамоани қабул қилди. Фақат бу иллюзияни доим ҳам бошланғич таркибдан ўрин олмаётган, аммо имкон берилганида бундан фойдаланаётган Браим Диас йўққа чиқарди. Крооснинг ажойиб пасидан кейин у том маънода ўтган тур учун компенсацияга эга бўлди, ўшанда у ўйин арафасида ошқозонидаги оғриқ туфайли бошланғич таркибдаги ўрнини Родригога бўшатиб берганди.

Қолаверса, бу футболчилар бирга тушганида ҳам яхши ўйнай олишларини кўрсатиб беришди. Иккинчи бўлимда бразилиялик ҳужумчи Беллингҳемнинг зарбасидан кейин қайтган тўпга товони билан зарба бериб гол урди, аммо бу ҳужумда асосий ишни айнан Диас амалга оширганди. Умуман олганда, Карло Анчелотти жамоаси кўп куч сарфламасдан ўйнади. Шунинг ўзи ҳам «Гранада»ни қаторасига 15-бор мағлуб этиш учун етарли бўлди. «Реал» тарихида бир рақибга қарши бундан яхшироқ серия фақат бир марта кузатилган — «Райо Валекано» билан ўйинларда 2000 йилдан 2018 йилга қадар 17 ғалаба.

Италия: Менян плеймейкер ролида

«Милан» — «Фрозиноне» 3:1
Голлар: 
Йович (43), Пулишич (50), Томори (74) — Брешианини (82).
«Милан» – Менян, Калабрия, Томори, Эрнандес, Флоренци, Лофтус-Чик (Побега, 79), Рейндерс (Бинносир, 79), Муса, Пулишич (Траоре, 78), Чуквуэзе (Адли, 64), Йович (Камарда, 85).
«Фрозиноне» – Турати, Монтеризи (Шеддира, 86), Романоли, Околи, Ойоно, Бурабия (Брешианини, 46), Рейнер (Желли, 57), Барренечеа, Соуле, Ибраҳимович (Казо, 66), Чуни (Кайо Жорже, 66).
Огоҳлантиришлар: Барренечеа (63), Йович (80).

«Милан» А сериядаги муваффақиятсиз даврдан кейин қаторасига иккинчи ғалабасига эришди. Йович россонерилар сафида ниҳоят илк голини урди. Қолаверса, Томорининг голига ассистентлик қилди. Сербиялик ҳужумчи амалда меҳмонларнинг таҳдидига идеал тарзда жавоб қайтарди, бунгача Менян яккама-якка вазиятда қутқарганди. Француз дарвозабон ўз ишини бажаришидан ташқари иккинчи бўлим бошида ҳисобдаги фарқни оширган Пулишичга голли пас берди. Менян қаторасига учинчи мавсум голли узатма бераётган Европадаги ягона дарвозабон.

Германия: қорбўрони «Бавария»га қарши

Бундеслигада декабрдаги илк тур «Бавария» — «Унион» учрашуви қолдирилиши туфайли тўлиқ бўлмади. Бунга нафақат Мюнхен аэропортини, балки жамоат транспортини ҳам фалаж ҳолатга туширган қорбўронлари сабаб бўлди. Бундай об-шароитида мухлислар «Алянц Арена»га етиб бора олмаслиги тайин эди. Бундан ташқари, ташкилотчилар мухлислар хавфсизлигини ўйлаган ҳолда ўйинни қолдиришга қарор қилган. Учрашув ўтказиладиган янги сана кейинроқ маълум қилинади. Берлин клуби эса сентябр ойи бошидан буён 16 учрашувдан иборат ғалабасиз серия қайд этаётганига қарамай, тушкунликка тушиб қолмаган. Клубнинг ижтимоий тармоқларида футболчиларнинг қорли майдондаги онлайн ўйини қўйиб берилди.

«Лейпциг» — «Ҳайденҳайм» 2:1
Голлар: 
Опенда (29, пеналти), Поулсен (44) — Гимбер (45+2). 
«Лейпциг» – Бласвиҳ, Ҳенрикс, Клостерманн, Симакан, Раум (Ленц, 90), Шлагер, Айдара, Баумгартнер (Лукеба, 89), Симонс (Форсберг, 78), Поулсен (Шешко, 78), Опенда.
«Ҳайденҳайм» – Мюллер, Ференбаҳ, Майнка, Гимбер, Мэлоуни, Траоре, Бесте, Тойеркауф, Зесса, Бек, Шеппнер (Томалла, 86), Пирингер (Доведан, 74), Кляйндинст.
Огоҳлантиришлар: Пирингер (59), Симакан (60), Гимбер (86), Баумгартнер (88).

Шу тариқа, шанба куни Германияда етакчилар гуруҳидаги икки жамоанинг сиртқи кураши бўлиб ўтди ва дастлаб «Лейпциг» ўз ўйинида ғалаба қозонди. Бу ғалаба ҳисоб борасида янада ишончлироқ кўриниш олиши ҳам мумкин эди, аммо «ҳўкизлар» жамоаси вазиятлардан фойдаланишда оқсади. Тўп икки бор дарвоза тўсини ва устунига тегди, ҳафта ўртасида «Манчестер Сити» мудофаасини бузиб ташлаган Опенда эса ўйиндан гол ура олмагани ва ҳатто яккама-якка вазиятдан фойдалана олмагани «Ҳайденҳайм»нинг омади келиши бўлди. Якунда меҳмонлар мағлубиятдан қутулиб қолиши ҳам мумкин эди, аммо ўйин мантиқий якунга эга бўлди. Марко Розе жамоаси ҳозирча Чемпионлар лигаси тўртлигига қайтди ва шу ўринда қолиши ҳам мумкин, чунки якшанба куни Дортмунднинг «Боруссия» клубини турнир жадвали пешқадами «Байер»га қарши ўта қийин ўйин кутмоқда.

«Штутгарт» — «Вердер» 2:0
Голлар:
 Ундав (17), Гирасси (75, пеналти).
«Штутгарт» – Нюбел, Штенцел, Антон, Загаду, Миттелштедт, Вагноман, Штиллер, Каразор, Фюрих (Чон Ву Ён, 79), Мийо, Мвумпа (Левелинг, 79), Гирасси, Ундав.
«Вердер» – Цеттерер, Вайзер, Юнг, Велкович (Штарк, 63), Фридл, Агу (Деман, 71), Нжинма, Битенкур, Стаге (Линен, 89), Шмид, Дукш, Борре (Ковнацки, 89).
Огоҳлантириш: Штенцел (87).

Учинчи ўринга мустаҳкам жойлашган «Штутгарт» ҳам жуда кўп вазиятларни кўкка совурди. Лекин 17-дақиқада «Вердер» дарвозабони тўпни Ундавнинг оёғига ташлаб берди. «Брайтон»дан ижарага олинган форвард бундеслигага дарҳол мослаша олмаганди, аммо сентябр ойи охиридан буён у саккиз ўйинда саккиз гол урди. Бу мавсум стартида феноменал даражада самарадорлик кўрсатган Гирасси вақтинча сафдан чиққанида унинг ўрнини билинтирмасликка ёрдам берди. Бу ўйинда гвинеялик ҳужумчи ҳам қатор вазиятлардан фойдалана олмади ва фақат пеналтидан 16-голини уриб, тўпурарлар пойгасида икки гол фарқи билан Кейнни таъқиб этишда давом этмоқда.

Кун статистикаси

  • «Бёрнли» ҳужумчиси Жей Родригес ўйинларнинг 15 сонияси ичида икки бор гол урган АПЛ тарихидаги 1-футболчи бўлди. Унинг голлари 10 йилу бир кун фарқи билан урилди.
  • 5:0 — АПЛ тарихида турни сўнгги ўринда бошлаган жамоа қайд этган энг йирик ғалаба бўлди. «Бёрнли» «Шеффилд» дарвозасига шунча жавобсиз гол йўллади.
  • «Штутгарт» ҳужумчиси Гирасси 6 та уй учрашувида гол урди. У клуб рекордчиси Гомеснинг рекордини такрорлашга бир ўйин қолди.
  • 13 ўйин — 2021 йил кузидан буён, ўшанда «МЮ»ни Оле Гуннар Сулшер бошқарарди — «қизил иблислар» турни кучли саккизликда бошлаган жамоани сафарда енга олмаяпти.
  • «Лацио» вингери Педро сўнгги 15 мавсумда топ-5 лигаларда мунтазам гол ураётган ягона испаниялик.
  • «Нюкасл»да 126 йилдан буён «МЮ»га қарши ўйинларда уч ўйиндан иборат қуруқ серия бўлмаганди.
Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар