02.12.2023 16:02
6458
«Сити» ва «Барса»да яна жиддий синов. Ҳафта ўйинлари анонси

Пеп ўзи «кўтарган» мураббийга, Феликс Симеонега қарши.

«Манчестер Сити» қаторасига учинчи ўйинни ғалабасиз ўтказадими? «Атлетико» Барселонадаги нохуш анъанага барҳам бера оладими? «Жирона» манзилига етиб келдими? «Байер» навбатдаги имтиҳонни қандай топширади? Лондонда қўйиб юборилган 6 голдан сўнг «Ланс» бош мураббийи балки Абдуқодир Ҳусановга имконият берар? Шу ва яна бошқа бир қанча саволларга ушбу дам олиш кунлари жавоб оламиз.

«Нюкасл» – «Манчестер Юнайтед» (3 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

Икки жамоа ҳам Чемпионлар Лигасида якуни қониқарсиз ҳисоб билан тугаган оғир учрашув ўтказишди. «Нюкасл» Париждаги ўйинда сўнгги дақиқаларда ғалабани қўлдан чиқарган бўлса, «Манчестер Юнайтед» Туркияда 3:1 ҳисобидаги устунликни дуранг билан якунлади. Натижада икки жамоанинг ҳам кейинги босқичга чиқиш масаласи ўз қўлида эмас – сўнгги турда ҳам ғалаба қозониб, ҳам параллел учрашувдан умид қилиш лозим бўлади.

Табиийки, бундай кайфиятда футболчилар ўз мухлислари қаршисида вазиятни ўнглашга, ҳеч бўлмаса АПЛ ўйинида ғалаба қозониб, ишончни қайтаришга ҳаракат қилишади. «Нюкасл» ҳам, «МЮ» ҳам Англиядаги сўнгги ўйинини йирик ҳисобда ютганини эътиборга олсак, спорт формаси нуқтайи назаридан ҳаммаси ижобий.

Умуман, «Нюкасл» ўз майдонидаги учрашувларда энг яхши жамоалардан бири. «Сент Жеймс Парк»да «Арсенал», «Челси» ва «Астон Вилла» каби жамоалар мағлубиятга учради, «Ливерпул» фақат сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетди. Қизиғи, «Манчестер Юнайтед»нинг сафар учрашувлари ҳолати ҳам шунга яқин – Эрик тен Ҳаг шогирдлари августда «Арсенал»дан учралган мағлубиятдан сўнг АПЛ доирасида қаторасига 4 учрашувни ўз фойдасига ҳал қилди. Бу ўйинларда атиги битта гол ўтказиб юборди, у ҳам пеналтидан. Лекин яна бир жиҳат борки, «МЮ» ўтган мавсум бошидан ҳисоблаганда ҳам, турнир жадвалида юқорида жойлашган рақибларга қарши сафарда умуман ғалаба қозона олмаяпти. Юқорида тилга олинган статистика ҳам фақат аутсайдерлар билан учрашувларда қайд этилган.

Ўтган мавсумда Нюкаслда ўтган учрашув ҳам тўлиғича мезбонларнинг устунлиги ва 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди. Дарвоқе, рақиблар ўтган ойда ҳам ўзаро ўйин ўтказди – Англия Лига кубогида «Олд Траффорд»да ўтган учрашувда Эдди Ҳау шогирдлари йирик ҳисобда (3:0) ғалаба қозонганди. Лекин ўша ўйинда ҳар икки томонда асосан иккинчи таркиб футболчилари ўйнаганди.

Таркибларга тўхталадиган бўлсак, «МЮ»да жароҳатланганлар сафга қайта бошлади. Сўнгги икки ўйинда Люк Шоу ва Коби Майну майдонга тушди ва иккиси ҳам илиқ таассурот қолдирди. ЕЧЛ ўйинини дисквалификация туфайли ўтказиб юборган Маркус Рэшфорд ҳам учрашувга тайёр. Каземиро, Эриксен, Маласия, Мартинес каби футболчилар эса, катта эҳтимол билан янги йил арафасида сафга қайтади.

Мезбонлар таркибида жароҳатланганлар сони нисбатан кўпроқ. Ботман, Бёрн, Лонгстаф, Уилсон асосий таркиб ўйинчилари ҳисобланади. Шунингдек, Мёрфи, Уиллок, Барнс, Андерсон ва Таргетт каби кўпинча захирадан тушишса-да, Ҳау учун жуда зарур футболчилар ҳам ўйнай олмайди. Анча жисмоний куч сарфлайдиган «Нюкасл» услубида иккинчи бўлимда тушадиганлар ҳам муҳим. Ҳау сўнгги учрашувларда айнан мана шу кузиридан маҳрум бўлмоқда, аксарият ҳолларда захирадан тушиш анча ёш, тажрибасиз футболчилар зиммасига қолиб кетяпти. 

«Байер» – «Боруссия» Д (3 декабр, 21:30)

Европада, кучли бешликда, умуман ҳатто барча мусобақалардаги натижаларни олсак ҳам, энг яхши кўрсаткичга «Байер» эга бўлиб турибди. Ушбу мавсумнинг ўзида леверкузенликлар 21 марта ғалаба қозониб улгуришди, атиги битта дуранг. Ўша дуранг ҳам сафарда «Бавария» билан ўйинда қайд этилгани эътиборга олинса, бундан ортиғини тасаввур қилиш ҳам қийин. Ҳозирда «Байер»нинг ғалабали серияси 14 ўйиндан иборат бўлиб турибди.

«Боруссия» Бундеслигадаги охирги уч ўйиндан иккитаси бой берган, турнир жадвалида тўртинчи ўринга тушиб кетган бўлса-да, ушбу ўйинга яхши кайфият ва ишонч билан ташриф буюради, зеро Чемпионлар Лигасидаги оғир гуруҳда қаторасига 3 ғалабага эришди. Миландаги ажойиб ғалабадан сўнг, «Боруссия» муддатидан олдин плей-оффга йўлланмани қўлга киритди. Табиийки, бу «Байер»га қарши ўйинда ҳам қўшимча куч тақдим этади.

Ўзаро ўйинларга қаралса, табиийки, «Байер»нинг ўсиши сўнгги йилларга тўғри келади, аксарият мавсумларда дортмундликларнинг устунлиги яққол бўлган, улар икки баробар устунликка эга. Ўтган мавсумда ҳам «Боруссия» ҳар икки ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган, Леверкузендаги учрашув 2:0 ҳисобида якунига етганди. Шу билан бирга, бу жамоалар ўртасидаги тўқнашувлар кўпинча голларга бой бўлишини ҳам таъкидлаш керак. Масалан, охирги уч йилда бўлиб ўтган уч ўйинда 7 тадан гол урилган. Икки марта 4:3 ҳисоби қайд этилган бўлса, бир марта «Байер» меҳмонда 5:2 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

Таркиблар борасида жамоаларда йўқотишлар деярли йўқ. Фақат меҳмонлар таркибида Никлас Зюле касаллик туфайли шерикларига ёрдам бера олмайди. Феликс Нмеча эса январгача сафдан чиққан. Дортмундликлар ЕЧЛ учрашувини сешанба оқшомида ўтказгани, «Байер» эса пайшанба куни Европа Лигасида майдонга тушгани ҳисобга олинса, икки кунлик фарқ ҳам меҳмонларга қўшимча устунлик беради. Тўғри, «Ҳеккен»га қарши ўйинда Алонсо аксарият етакчи футболчиларга дам олиш имконини берди, аммо сафар учрашуви, баъзи футболчиларнинг майдонга тушганининг ўзи ҳам албатта, бироз ноқулайлик туғдиради.

«Манчестер Сити» – «Тоттенҳэм» (3 декабр, 21:30)

АПЛдаги муваффақиятли стартни изоҳларкан, Анже Постекоглу шунчаки Пепдан кўчираётганини айтиб ҳазиллашганди. Чиндан ҳам мафкура томондан мураббийлар ўртасида умумийликлар йўқ эмас, аммо яна бир муҳим жиҳат бор: бир неча йил аввал айнан Пеп «Селтик» боссларига австралиялик мутахассисни тавсия этганди. 2019 йилда Япониянинг «Йокогама» клубига қарши ўртоқлик учрашуви Гвардиолада катта таассурот қолдирган, ўшанда жамоани айнан Анже бошқарарди. Ўшанда Постекоглу жамоаси ҳисобда «Сити»дан ортда қолган бўлса-да, тўпга эгалик қилиш борасида устунлик қилганди – 58 фоизга 42. 

Яқингача «Тоттенҳэм» Англияда энг яхши ўйинни кўрсатаётган, ҳақли равишда турнир жадвалини бошқараётганди. Қаторасига уч мағлубият жамоани бешинчи ўринга тушириб юборди, синовлар эса ҳали тугагани йўқ. Албатта, вазиятнинг объектив сабаблари бор. Биринчидан, статистикага кўра, мавсум бошида «Тоттенҳэм» энг қулай тақвимга эга бўлган экан. Иккинчидан, жароҳат ва дисквалификациялар ҳаддан ташқари кўп ҳамда асосий таркиб футболчилари сафдан чиқмоқда. Ромеро қизил карточка туфайли дисквалификацияга учради, Ван дер Вейн жароҳат олди. Мэддисон, Ришарлисон, Сарр каби футболчилар мавсум бошида жуда муҳим фигуралар эди. Уларнинг ўрнини босиши керак бўлган Сессенон, Соломон, Перишич, Бентанкурнинг ҳам жароҳати, табиийки, мураббийга катта бош оғриғи бўлмоқда.

Масалан, сўнгги турда, «Астон Вилла»га қарши учрашувда «Тоттенҳэм» ёмон ўйнамади, биринчи бўлимда яққол устунлик қилди ҳам. Аммо ҳисоб қулай бўлмагани учун вазиятни назорат қилишнинг иложи бўлмади. Бирмингҳэмликлар алмаштиришлар орқали ўйинини кучайтирган бўлса, «Тоттенҳэм»да захирадан тушиб ўйинни ўзгартирувчи футболчи йўқ эди. Ҳар ўйинда айни ижрочилар билан ўйнаш табиийки, таркибни чарчатиб ҳам қўяди.

Лекин Постекоглу «Этиҳад»да ҳам Пепникига ўхшаш футбол намойиш этишини кутиш мумкин. Рио Фердинандуга берган интервюсида у «Тоттенҳэм» ҳар қандай шароитда ҳам ҳужумкор ўйин намойиш этишига ваъда берганди, у тўққиз киши бўлиб қолганида ҳам жамоасини олдинга юборди ва шу услуби билан футбол мухлисларининг ёқимтойига айланди. 

Юқоридагилардан келиб чиқсак, албатта, «Манчестер Сити» яққол фаворит. Икки йил олдинги мағлубиятни қўшмасак, умуман «шаҳарликлар» «Тоттенҳэм»га қарши уй учрашувларини анча ишончли ўтказади ҳам. Аммо яна шуни таъкидлаш керакки, «Сити» ушбу мавсумда катта ўйинларда у қадар ишончли кўринмаяпти. Ҳаммасини назорат қилишга ҳаракат қилаётган бўлса-да, айнан натижа борасида йўқотишларга учрамоқда. «Челси» ва «Ливерпул» билан ўйинлардаги дуранг, «Арсенал»дан мағлубият, умуман охирги етти ўйиндан тўрттасида Гвардиола шогирдлари ғалаба қозона олмади, охирги икки турда «Челси» (4:4) ва «Ливерпул» (1:1) билан ўйинларда очко йўқотилди. «Манчестер Сити» учун бу анча ёмон кўрсаткич. Мезбонлар бу серия давом этишини истамайди ва кўпроқ гол уриб устунликни имкон қадар қулайлаштириб олишга ҳаракат қилишади. Кичик ҳисобни ушлаб турган ҳолда ўйинни назорат қилиш тактикаси «Ливерпул»га қарши ўйинда панд берди.

Юқорида фақат «Тоттенҳэм»нинг йўқотишлари саналди, мезбонларда Нунез ва Ковачичдан бошқалар ўйнашга тайёр. Ҳа, Кевин де Брюйне ҳам бор, аммо жамоа мавсум бошидан буён усиз ҳаракат қилмоқда, яна бир ой мана шундай ўйнашга тўғри келади. Хабарларга қараганда, белгиялик яримҳимоячи боксинг-дэйгача машғулотларга қайтиб қолиши керак.

«Наполи» – «Интер» (4 декабрга ўтар кечаси, 00:45)

Янги бош мураббий қўл остида «Наполи» ёмон бошламади. Бергамодаги ғалаба (ўтган турда «Аталанта» 2:1 ҳисобида мағлуб этилди) неаполлликларга кейинги учрашувлар учун анча ишонч бериши табиий. Тўғри, кейин Мадриддаги мағлубият (2:4) ҳам бўлди, аммо «Реал» анча кучли рақиб экани, умуман, ўша кунги натижалардан сўнг «Наполи» ҳамон гуруҳда 2-ўринда турганини эътиборга олсак, кайфият ёмон эмас. ЕЧЛнинг сўнгги турида «Брага» билан уй учрашувида икки тўп билан мағлубиятга учралмаса кифоя, «Наполи» плей-оффга чиқади. Энди барча эътиборни Италия чемпионатига қаратиш вақти.

Ўтган турда «Интер» ва «Ювентус» ўзаро дуранг ўйнагач, таъқибчи жамоаларга бу қўл келди ва орадаги фарқни қисқартиришди. «Наполи»да бугун яна шундай имконият бор – «Интер» устидан ғалаба қозониб, миланликларга 5 очколик масофага яқинлашиб олиш мумкин. Одатда «Наполи» «Интер» билан ўйинларда анча ишончли ҳаракат қилиши (охирги ўн йилликда умумий устунлик жанубликларда) ҳисобга олинса, мезбонларда имконият ёмон эмас. Ўтган мавсумда шу стадионда ўтган ўйин ҳам 3:1 ҳисобида «Наполи» ғалабаси билан якунланганди. Шу билан бирга, яна бир салбий серияни ҳам қайд этиш керак – «Наполи» барча мусобақалар доирасида беш ўйиндан бери ўз майдонида ғалаба нималигини билмаяпти. «Унион» ва «Милан» билан дуранг, «Реал», «Эмполи» ва «Фиорентина»дан мағлубият. Охирги ғалаба сентябрда қўлга киритилган, яъни икки ойдирки неаполлик мухлислар ўз стадионида жамоа ғалабасини томоша қила олмаяпти. «Интер» – мана шундай анъанага чек қўйиш учун идеал рақиб.

Жамоалар таркибидаги йўқотишлар у қадар сезилмаслиги керак. «Интер» сафида Бастони ва Павар майдонга туша олмайди. Мезбонлар эса Мариу Руй, Линдстрём ҳамда Матиас Оливеранинг ёрдамидан фойдалана олмайди. Чемпионлар Лигасида «Наполи» Мадридда қийин учрашув ўтказди. «Интер» эса плей-офф масаласини илгарироқ ҳал қилиб қўйгани боис «Бенфика»га қарши асосан захира футболчиларини майдонга туширди. Бу дегани, ушбу учрашувга тайёргарлик кўриш учун меҳмонларда кўпроқ вақт бўлган, жисмоний томондан устунлик ҳам миланликларда бўлиши мумкин.

«Ювентус» жума оқшомида ғалабага эришди ва вақтинча турнир жадвалида 1-ўринга кўтарилиб олди. Туринликларга тоза пешқадамлик тақдим этилса, кейин тортиб олиш қийинлигини миланликлар тўрт-беш йил олдинги хотиралардан яхши билишса керак. Ўша «Ювентус» яна қайтаётгандек. Бунга имкон бермаслик учун эса «Интер» курашиши шарт.

«Барселона» – «Атлетико» (4 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

«Барселона» эришилаётган натижалар борасида шубҳа туғдирмаса-да, айнан ўйин сифатида бўйича бироз инқирозли вазиятга тушиб қолгандек. Айниқса, «Реал»га қарши ўйиндаги аламли мағлубиятдан сўнг Хави шогирдлари ҳатто ғалабали учрашувларда ҳам ишончсиз кўринишди. Масалан, Сосиедаддаги учрашувни эслаш кифоя. Оқибатда, ҳар қандай рақибга қарши бироз хавотир пайдо бўлмоқда. Ла Лигадаги йўқотишларга қарасак ҳам, «Маллорка», «Райо Валекано», «Гранада» каби жамоалар «Барса»дан очко олишга муваффақ бўлишган. Аслида, ҳар бир ўйинни «Барселона» оғир ўтказиши ўтган чемпионлик мавсумида ҳам бор эди, Хави шогирдлари жуда кўп ўйинларни 1:0 ҳисобида якунлаганини эсласангиз керак. Аммо ўшанда камида, ҳимоядаги ўйин борасида ишонч бор эди. Жамоа деярли гол ўтказмас, яратилган кам сонли имкониятларни голга айлантира оларди. Аммо ушбу мавсумда, айнан ҳимояда «Барселона» анча ишончсиз ўйнаб, дастлабки дақиқаларда жуда кўп гол ўтказиб юборяпти. Кейин эса, ҳисобни тенглаштириш, камбэк амалга оширишга тўғри келяпти. Рақиб ҳимояда яхши ҳаракат қилганда эса, ғалаба қозонишнинг иложи бўлмай қолмоқда. Оқибатда пешқадамлар билан 4 очколик фарқ юзага келган. «Атлетико» билан очколар тенг бўлса-да, мадридликларда битта захира ўйини бор.

«Атлетико» айтиш мумкинки, ўйиндаги мувозанат, натижалардаги барқарорлик нуқтайи назаридан Испаниянинг энг яхши жамоаси бўлиб турибди. Жамоа «Жирона» каби камбэклар ёки «Реал» каби айрим футболчиларнинг ўта юқори реализацияси ҳисобига эмас, ғалабаларга яққол устунлик билан ҳақли равишда эришяпти. Яратилган хавфли вазиятлар бўйича «Атлетико» лигада етакчи бўлиб турганининг ўзи ҳам бунга исбот бўла олади. Симеоне ўзи бошқараётган жамоани икки йил ичида айни футболчилар билан бутунлай характерини, услубини ўзгартириб юборгани, умуман бошқача футбол ўйнай бошлагани алоҳида эътирофга лойиқ.

«Барселона»даги жароҳатлар эпидемияси тугамоқда. Фақат узоқ муддатга сафдан чиққан Гави ва катта эҳтимол билан тер Стеген майдонга туша олмайди. Меҳмонлар сафида эса Тома Лемар ва Витолода жароҳат бор, Ҳар икки футболчи яна камида бир ой шерикларига ёрдам бера олишмайди.

Ўзаро ўйинларга тўхталадиган бўлсак, сўнгги уч ўйинда «Барселона»нинг қўли баланд келган. Ўтган мавсумда ҳар икки ўйин 1:0 ҳисобида ниҳоясига етганди. Айнан Барселонада ўтган учрашувларга тўхталсак, тўғри, доим «Атлетико» муносиб қаршилик қилган, жуда кўп марта дуранг ҳам бўлган, Чемпионлар Лигасидан «Барселона»ни чиқариб юборган пайтларини ҳам эслаймиз, лекин мадридликларнинг Испания чемпионатидаги сафар ғалабасини қидириб то 2006 йилга қайтишга тўғри келди. Ўшанда меҳмонлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган ва мана 17 йилдирки «Атлетико» Барселонада зафар қучмаяпти. Демак, Симеоне ҳеч қачон Ла Лига учрашувида «Барселона»ни «Камп Ноу»да юта олмаган. Таъмирлаш ишлари туфайли бу мавсумда «Барселона» уй учрашувларини бошқа стадионда қабул қилмоқда, балки мана шу ўзгариш Симеоненинг нохуш анъанасига чек қўяр?

Хави қаршисида қийин вазифа турибди: биринчи рақам остида ўйнашни ҳам, ортга қайтишни ҳам биладиган «Атлетико»ни чеклаш. «Порту» билан ўйин кўрсатдики, рақибга мослашиб ўйнаш жамоага қийинчилик туғдиради. Нимадир ўйлаб топиш керак.

Бу ўйинда персонал сюжетлар ҳам бор: Гризманн «Барса»га, Феликс Симеонега қарши. Мухлислар зерикиб қолмаслиги кафолатланган.

Бошқа ўйинлар

2 декабр. ЖИРОНА – Валенсия (18:00), БАВАРИЯ – Унион (19:30), АРСЕНАЛ – Вулверҳэмптон (20:00), ЛАНС – Лион (21:00), РЕАЛ – Гранада (22:30), МИЛАН – Фрозиноне (3 декабрга ўтар кечаси, 00:45)

3 декабр. Гавр – ПСЖ (17:00), ЧЕЛСИ – Брайтон (19:00), ЛИВЕРПУЛ – Фулҳэм (19:00), Сассуоло – РОМА (22:00)

  •  
Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар