26.11.2023 13:19
11888
«Ливерпул» ҳужумчиси Гвардиолага ташланди, «Барса»да йўқотиш. Кун ўйинлари

Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Гвардиола ва Клопп ўртасидаги навбатдаги шахмат партиясида ғолиб аниқланмади

«Манчестер Сити» – «Ливерпул» 1:1
Голлар:
 1:0 – 27 Ҳоланд, 1:1 – 80 Александер-Арнолд.
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Уокер, Аке, Рубен Диаш, Аканжи, Бернарду Силва, Родри, Фоден, Доку, Ҳоланд, Алварес.
«Ливерпул» – Алиссон, Александер-Арнолд, Матип, ван Дейк, Цимикас, Собослаи (Гакпо, 73), Мак Аллистер (Эндо, 85), Жонс (Гравенберҳ, 54), Салоҳ, Диогу Жота (Диас, 54), Нунес (Эллиотт, 85).
Огоҳлантиришлар: Нунес (75), Матип (86), Бернарду Силва (89), Эндо (90).

Куннинг асосий баҳсига «Сити» яна турнир жадвалининг энг юқорисида, «Ливерпул» эса чемпионлик пойгасида қатнашиш ниятида етиб келди. Ўтган турда мерсисайдликлар «Брентфорд»ни йирик ҳисобда таслим этган (3:0), Гвардиола жамоаси эса «Челси» билан ўйинда ҳисобда қувлашмачоқ намойиш этганди (4:4). Жамоаларнинг ўзаро ўйини эса голларга бой бўлмади.

«Сити» қайсидир маънода ўйин учун заявкаси билан ҳам ҳайрон қолдирди. Гап майдонга кимлар чиққанида эмас, захирада қолганлар ҳақида. Захира ўриндиғидан атиги саккиз футболчи жой олганди ва уларнинг икки нафари – дарвозабонлар. Ўйин давомида ҳужумни кучайтириш учун вариантлар йўқ эди. Якунда футболчи алмаштиришлар бўйича ҳисоб 0:5 кўринишини олди.

Майдонлар илк дақиқалардан ташаббусни қўлга олди ва «Ливерпул» ўз дарвозаси атрофида ҳимояланишига тўғри келди. Доку тўп билан жарима майдонига ҳужум қилганида, унга қарши нафақат Трентнинг ўзи ўйнади, ёнида Салоҳ ҳам ёрдам берди. Мисрлик ҳужумчи офсайд чизиғида ҳаракатланиб, узоққа етказиб бериладиган тўпларга югуриш ўрнига ўз жамоаси жарима майдонига тез-тез қайтишига тўғри келди.

«Ливерпул»да бирданига бир неча футболчи яхши ҳолатда эмаслиги кўриниб қолди. Бу гап биринчи навбатда Жонсга тааллуқли, у ҳар иккинчи сафар тўпни йўқотаверди. Нунес ҳам бир неча вазиятлардан фойдалана олмади, яна бир неча вазиятда офсайдга тушиб қолди. Алисон эса жуда асабий кўринарди – 11-дақиқада у тўпни Фоденнинг оёғига ташлаб берди, аммо англиялик ҳужумчи яхши зарба бера олмади, бироз вақт ўтиб Кертис Жонснинг ноқулай пасидан кейин қалтис ҳаракат қилиб, Ҳоланднинг босими остида тўпни базўр аутга тепиб юборишга улгурди. 27-дақиқада эса тўпни олдинга ташланган Салоҳга етказиб беришга уринди, аммо тойиб кетиб хатога йўл қўйди. Бу узатмага Аке эга чиқди ва дриблинг билан Собослаи ва Трентни ортда қолдириб, Ҳоландни яккама-якка вазиятга чиқарди, ҳужумчи эса бир неча қадам ташлади ва тўпни дарвозабоннинг ёнидан ўтказиб дарвоза тўрига жойлади. 

Норвегияликнинг голи рекордга айланди. У АПЛдаги голлари сонини 50 тага етказди. Бунинг учун унга 48 ўйин етарли бўлди. Бунгача ҳеч ким бу нуқтага бу қадар тез ета олмаганди:

48 – Эрлинг Холанд;
65 – Энди Коул;
66 – Алан Ширер;
68 – Руд ван Нистелрой;
72 – Фернандо Торрес;
72 – Муҳаммад Салоҳ.

Қолаверса, Ҳоланд бунгача «Ливерпул»га АПЛда гол урмаганди. Бу Премер-лигада Эрлинг дарвозасига гол урган 20-жамоа бўлди. У гол ура олмаган ягона жамоа – «Брентфорд» бўлиб қолмоқда.

Иккинчи бўлимда ўйин тенглашди: кўп жиҳатдан Жонс ва Жота алмаштирилгани ҳисобига. 54-дақиқада Луис Диас ва Гравенберҳ майдонга тушди, «Ливерпул»нинг қарши ҳужумлари хавфлироқ тус ола бошлади, рақиб ҳужумлари ҳам камайди.

68-дақиқада ҳам «Ливерпул» дарвозаси ишғол этилди — Алварес бурчакдан тўп узатди, Алиссон тўпга отилди, аммо Аканжи уни туртди ва тўп унинг қўлидан чиқиб кетди, Рубен Диаш тўпни бўш дарвозага киритди, аммо ҳакам дарвозабонга фол қайд этиб, голни инобатга олмади.

79-дақиқада Ҳоландда яна бир яхши вазият бўлди, аммо унинг яқин масофадан йўллаган зарбасини Алиссон қайтарди, дарвозабон бошлаб берган жавоб ҳужумида эса «Ливерпул» ҳисобни тенглаштирди — Салоҳ Трентни қулай вазиятга чиқарди ва Эдерсон қутқара олмади. 

Қолган вақт давомида «Сити» тўпни у қанотдан бу қанотга олиб ўтиб, рақиб мудофаасининг заиф нуқтасини қидирди ва имкон қадар босим уюштирди, 90+5-дақиқада Бернарду Силвада, 90+8-дақиқада Ҳоландда вазиятлар бўлди, аммо мезбонлар иккинчи голни уришга муваффақ бўлишмади. «Ливерпул» ўйин борасида барча муҳим кўрсаткичлар — ҳужумлар ва зарбалар сони, тўпга эгалик қилиш бўйича ортда эди, аммо дуранг ҳисобни сақлаб қолди. Бу эса жамоаларнинг умумий рақиби — «Арсенал» истаган натижа бўлди. Энди турнир жадвалидаги дастлабки беш жамоани бир-биридан биттадан очко ажратиб турибди.

Ўйин якунланганида эса Гвардиола Клоппга қўл бериш учун келди, унинг ортидан эса Дарвин Нунес билан мунозара юзага келди — уругвайлик ҳужумчи рақиб жамоа бош мураббийига эътирозларини тажовузкорлик билан намойиш этди. Клопп футболчисини қучоқлаб, нари олиб кетишга уринди, мураббийлар штабининг бошқа вакиллари ҳам уни тинчлантиришга ҳаракат қилди. Уни олиб кетишганидан кейин эса Клопп Пеп билан суҳбатини давом эттирди, уларнинг иккиси ҳам жилмайган ҳолда гаплашишди.

Гвардиоланинг қайси ҳаракати футболчига ёқмагани эса номаълумлигича қолди. У ўйиндан кейин шундай ҳазиллашди: «У ерда нима бўлдими? Арзимас гап. У шунчаки мендан кучлироқ эди».

«Нюкасл» «Челси»га 4 та гол урди, «Арсенал» биринчи ўринда

«Нюкасл» — Челси 4:1
Голлар: 
Исак (13), Ласселс (60), Жоэлинтон (61), Гордон (84) — Стерлинг (23). 
«Нюкасл» – Поуп, Триппиер, Шер, Ласселс (Дамметт, 86), Ливраменто, Гимараэс, Майли, Алмирон (Мерфи, 87), Жоэлинтон, Гордон, Исак (Ритчи, 81).
«Челси» – Санчес, Жеймс, Силва, Бадиашил, Кукуреля, Галлаҳер (Мудрик, 69), Фернандес, Палмер (Колуилл, 75), Угочукву (Кайседо, 69), Стерлинг, Жексон (Броя, 69).
Огоҳлантиришлар: Триппиер (22), Угочукву (41), Жоэлинтон (45), Ласселс (46), Жеймс (55), Стерлинг (59), Кукуреля (77), Колуилл (81).
Четлатиш: Жеймс (73). 

Бугунги меъёрларга кўра анча юқори даражада қараладиган ушбу ўйин «Манчестер Сити» ва «Ливерпул» қарама-қаршилиги фонида кутилганидек иккинчи планга ўтиб қолди. Шунга қарамай, «Сент-Жеймс Парк»даги ўйин «Этиҳад»дагидан кўра томошабопроқ бўлди. Биринчи голни эса бир ой футбол ўйнамаган Исак урди — тики-така услубидаги ҳужумда 17 ёшли Майли ҳимоячилар орасидан голли узатма берди. Голда ушбу йигитчанинг совуққонлиги ва маҳоратидан ташқари гол муаллифини қўриқлаши керак бўлган Кукурелянинг тушунарсиз ҳаракатланиши ҳам рол ўйнади.

Эдди Ҳау жамоаси анча қизиқарлироқ кўринди, аммо биринчи бўлимда жамоага ҳужумларни якунлашда аниқлик етишмади. Жоэлинтон бурчакдан тўп узатилганида дарвозабон майдонида турганига қарамай рақибни кечирди, Триппиернинг жарима зарбаси эса тўсинга борди. Стерлинг эса кўпчиликни ҳайрон қолдириб жарима зарбасини голга айлантирди. У жарима зарбасини ўзи ишлади ва тўпни «жонли девор» устидан ошириб, тўсин остидан дарвоза тўрига жойлади. Умуман олганда, у «Челси»нинг биринчи бўлиб гол ўтказилганда албатта жавоб қайтариши бўйича анъанасини давом эттирди.

«Тоттенҳэм»га қарши ўйинда бу ғалабага олиб борганди (4:1). «Сити» билан ўйинда ақл бовар қилмас 4:4 ҳисоби қайд этилди. Аммо бу сафар ўхшамади, ҳолбуки кўклар танаффусдан кейин ташаббусни қўлга ола бошлагандек кўринганди. Мезбонлар эса ўз вазиятларидан фойдаланди, Гордон жарима майдони ичида қўриқланмаган Ласкеллесни тўп билан таъминлади. Кўп ўтмай Тиагу Силванинг ўта қўпол хатосидан кейин дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетган Жоэлинтон учинчи голни урди. Жеймс иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этганидан кейин эса ўйин масаласи ҳал бўлди. Жароҳатлар туфайли кучсизланган «Нюкасл» ажойиб ғалабага эришди. «Челси» Маурисио Почеттино бошқарувидаги энг йирик мағлубиятини қабул қилиб олди.

«Брентфорд» — «Арсенал» 0:1
Гол: 
Ҳавертц (88).
«Брентфорд» – Флеккен, Ми, Айер, Пиннок, Янелт, Нергор, Онека (Люис-Поттер, 90), Ярмолюк (Баптист, 72), Годдос (Занка, 90), Висса (Мопе, 72), Мбемо.
«Арсенал» – Рэмсдейл, Томиясу, Габриэл, Салиба, Зинченко, Эдегор (Жоржинио, 90+3), Райс, Троссар, Мартинелли (Ҳавертц, 79), Сака (Уайт, 90+3), Жезус (Нкетиа, 66).
Огоҳлантиришлар: Айер (45), Мартинелли (56).

«Арсенал» «Сити» ва «Ливерпул» дурангги кўринишидаги ажойиб совғадан фойдаланди. Ғалаба қозониш турнирнинг яккапешқадамига айланиш учун етарли эди. Аммо «Брентфорд»га қарши сафар ўйини осон кечмади. Биринчи бўлимда «канонирлар»ни Райс қутқарди, Рамсдейл қўпол хатога йўл қўйиб, тўпни рақибга топширганида, у тўпни дарвоза чизиғи устида тўхтатди. Меҳмонларнинг бўлим охиридаги голи эса Троссарда микроскопик офсайд қайд этилгани туфайли бекор қилинди.

Иккинчи бўлимда эса Зинченко бўш дарвозага кириб кетаётган тўпни қайтариб қолди. Лондонликларнинг ўзи эса иккинчи бўлимда вазиятлар яратишда оқсади, фақат ўйин охирларига бориб кучайтирилган босим ўз натижасини берди. «Арсенал» ўз одатига кўра тўпни жарима майдонига олиб борди ва шу оддий тактика муваффақият келтирди, Саканинг узатмасидан кейин Ҳаверц мураббий ишончини оқлаб, «канонирлар»ни барибир биринчи ўринга олиб чиқди. Бу ғалаба Микел Артетанинг юбилейи учун ажойиб совға бўлди, у Лондон жамоасида 200 ўйин ўтказиб, клубнинг икки афсонасининг натижасини яхшилади.

Арсен Венгер шунча ўйинда 111 бор ғалабага эришганди. Жорж Грэм — 106. Испаниялик мутахассисда эса 116 ғалаба. Ва қайд этиш керакки, бу статистикага эришишда Артетага ўйинни ақл билан бошқаришни яхшилаш ёрдам берди, Ҳаверцнинг голи — захирадан тушган футболчилар томонидан урилган 10-гол бўлди. Бу кўрсаткич бўйича ҳозирда «Арсенал»га тенг келадиган йўқ.

Испания: «Барса»да яна йўқотиш, Гризманн — 1:0 қироли

«Райо Валекано» — «Барселона» 1:1
Голлар: 
Лопес (39) — Лежен (82, автогол).
«Райо Валекано» – Димитриевски, Балиу, Лежен, Мумин (Сисс, 75), Эспино, Паласон, Унаи Лопес (Рациу, 78), Оскар Валентин, Трехо (Кике Перес, 68), Камело (Фалкао, 75), Де Фрутос (Бебе, 68).
«Барселона» – Пеня, Канселу, Мартинес, Кристенсен, Балде, Ромеу (Гундўған, 55), де Йонг, Педри (Лопес, 75), Торрес (Фелиш, 55), Ямал (Рафиня, 75), Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Педри (31), Ромеу (51), Эспино (64), Лопес (70), Фалкао (90), Фелиш (90+3), де Йонг (90+4).

Кадрлар муаммоси — «Барселона»нинг бу мавсумидаги ҳолатини ифодаловчи атама. Анчадан буён ўйнамаган Педри ва Френки де Йонгнинг қайтишига тер Штеген ва Гави сафдан чиқди. Шанба куни эса Хави учун энг ноқулай рақибга қарши ўйнашга тўғри келди, у ла лигада бу жамоага қарши ғалаба қозона олмаган. У «Реал»ни ҳам, «Атлетико»ни ҳам енга олган, «Райо» эса тўртинчи ўйинда ҳам ютқазмади (=2-2).

Қолаверса, биринчи бўлимни ўта муваффақиятсиз ўтказган кўк-анорранглилар мағлуб бўлиши ҳам мумкин эди. Жамоа бахтига танаффус арафасида Балде иккинчи голдан қутқариб, дарвозабон ҳудудидан туриб зарба йўлланишига йўл қўймади. Иккинчи бўлимда эса ўз узатмаси билан Леженнинг автоголига сабабчи бўлди ва «Барса»нинг халоскорига айланди. Каталонияликлар фахрланиши мумкин бўлган нимадир ҳам бор: бу мавсумда топ-5 лигаларда ҳеч бир жамоа охирги ўн беш дақиқаликда урилган голлар эвазига бу қадар кўп очко (15) тўпламаган.

«Атлетико» — «Маллорка» 1:0
Гол: 
Гризманн (64).
«Атлетико» – Облак, Аспиликуэта (Хименес, 82), Эрмосо, Витцел, Лиоренте, Коке (Де Паул, 63), Барриос, Корреа (Рикелме, 63), Гризманн, Мората (Депай, 82), Лино (Саул, 71).
«Маллорка» – Райкович, Гонсалес, Настасич, Валент, Копете (Маффео, 82), Тони Лато (Лиябрес, 82), Санчес (Маскарел, 62), Дани Родригес (Ндиайе, 74), Дардер, Саму Кошта, Пратс (Ларин, 62).

Кокенинг «Атлетико» сафидаги юбилей 600-ўйинида Диего Симеоне омадсизликка қарши круаш олиб боришига тўғри келди. Биринчи бўлимда «матрасчилар» тўққиз бор зарба берди ва уларнинг барчаси хато кетди, Мората ўта қулай вазиятда тўпни дарвоза тўсинидан юқоридан йўллади. Танаффусдан кейин у тўпни ерга чўпчитиб зарба бера олганида эса Райкович қутқарди. Моратанинг бир неча метрдан йўллаган зарбаси ҳам муваффақият келтирмади. Натижада Гризманнинг навбатдаги қаҳрамонлигини кутишга тўғри келди — у Симеоне учун идеал футболчи. Француз шанба куни мадридликларнинг ла лигада 1:0 ҳисобида якунланган 21-ўйинида ғалаба голини уриб, афсонавий Уго Санчесни ортда қолдирди.

Германия: Дортмунднинг ажойиб камбэки

«Вердер» — «Байер» 0:3
Голлар: 
Деман (9, автогол), Фримпонг (43), Грималдо (76). 
«Вердер» – Цеттерер, Вайзер, Юнг (Штарк, 83), Велкович, Фридль, Деман (Агу, 56), Битенкур (Нжинма, 72), Стаге, Шмид (Линен, 83), Дукш, Борре (Волтемаде, 72).
«Байер» – Градецки, Фримпонг (Телла, 81), Коссуну, Инкапиэ, Андрих, Грималдо, Жака (Пуэрта, 89), Ҳофманн (Амири, 89), Паласиос, Виртц (Гложек, 81), Бонифасе (Адли, 71).

«Байер» «Бавария»нинг жума куни Кёлндаги ғалабасига муносиб жавоб қайтарди ва биринчи ўринга қайтди. Бремендаги биринчи бўлимда бурчак зарбалари леверкузенликларга қулай ҳисобни таъминлади, лекин бунда голлар биринчи узатмадан кейин эмас, ҳужумнинг иккинчи темпида урилди. Иккинчи бўлимда Грималдонинг ўткир бурчакдан йўллаган аниқ зарбаси эса «Вердер»ни узил-кесил таслим этди. Ниҳоят Испания миллий жамоасига чақирув олган ушбу ҳимоячи бу мавсум қаторасига олтита сафар ўйинида голли ҳаракатлар амалга ошириш билан (6+1) уникал серия қайд этмоқда.

Бу «аспиринчилар»нинг шанба кунги ягона рекорди бўлиб қолмади. Биринчидан, Хаби Алонсо — бундеслигада «Байер» билан қаторасига саккиз ғалабага эришган илк мураббийга айланди. Иккинчидан, турнир тарихида ҳеч бир жамоа чемпионат стартидаги 12 ўйиннинг ҳар бирида камида 2 тадан гол уриши ҳали кузатилмаганди.

«Боруссия» Д — «Боруссия» М 4:2
Голлар:
 Забитцер (30), Фюллкруг (32), Байно-Гиттенс (45), Мален (90+7) — Райц (13), Коне (28). 
«Боруссия» Д – Кобел, Рюэрсон, Ҳуммелс, Шлоттербек, Бенсебайни, Ройс, Забитцер (Рейна, 46), Жан (Ўзжан, 67), Брандт, Байно-Гиттенс (Мален, 67), Фюллкруг (Мукоко, 76).
«Боруссия» М – Николас, Элведи, Вебер, Скалли, Нетц, Онора (Хак, 73), Вайгл (Крамер, 82), Коне, Райтц (Нгуму, 61), Плеа (Нойҳаус, 73), Себатшо (Чванчара, 46). 

Икки «Боруссия» дербиси деярли ҳеч қачон оддий ўтмайди, аммо бу сафаргиси илк дақиқалардаёқ ўткир сюжетларга бой бўлди. Бўлим ўрталарига келиб Дортмунд умидсиз ҳолда ютқазаётганди, аммо танаффусга қадар 0:2 ҳисоби 3:2 кўринишига келтирилди. Камбэкни Забитцер Брандтнинг узатмаси билан бошлаб берди. Икки дақиқа ўтиб Байно-Гиттенсга узатиб берилган тўп Фюллкругга голли узатма бўлиб борди. Бўлим охирида эса ушбу англиялик футболчи жамоавий прессингдан максимал натижа чиқариб, ўзи ҳам гол урди. Бундай зарбадан кейин рақиб ўзига келиши қийин, аммо Гладбаҳ «асаларилар»нинг иккинчи бўлимда вазиятлардан фойдалана олмаслиги туфайли ўйин охирига қадар интригани сақлаб қолди.

Меҳмонлар ўйин охирида штурм уюштирди ва ўйин тақдири фақат қўшимча дақиқаларда ҳал бўлди — бурчак зарбаси ижро этилганида дарвозабон ҳам мезбонлар жарима майдонига етиб борди, қарши ҳужумда эса Мален бўш қолган дарвозани ишғол этди. Дортмунд «Лейпциг»нинг Волфсбургдаги мағлубиятидан (1:2) фойдаланган ҳолда тўртинчи ўринга кўтарилди.

Кун статистикаси

  • «Бёрнли» АПЛда қаторасига 7 уй учрашувида мағлуб бўлган 1-жамоага айланди.
  • «Борнмут» ҳужумчиси Жастин Клюйверт XXI асрда кучли бешликдаги барча чемпионатларда гол урган иккинчи футболчига (Йоветичдан кейин) айланди.
  • Дарвозабон Дамен 2023 йилда бундеслига ўйинларида 3 та пеналти қайтарди. Биттаси «Аугсбург»да, иккитаси «Майнц» сафидаги ўйинларда.
  • ПСВ бош мураббийи Петер Бос Нидерландия чемпионатида қаторасига 15 ўйинда (иккитаси «Аякс»га қарши) ғалаба қозонди. Бу Луи ван Гаалнинг 2005 йилдаги сериясидан бери энг яхши натижа.
  • «Брайтон» қаторасига 17 ўйинда ҳам гол уриб, ҳам гол ўтказмоқда. Бундай серия Англияда охирги бор 1959/60 йиллар мавсумида «МЮ» томонидан қайд этилган.
  • «Фейеноорд» ҳужумчиси Хименес Нидерландия чемпионатида йил бошидан буён 28 гол урди. Бу турнирда 2009 йилда порлаган Луис Суарес (30 гол)дан кейинги энг яхши натижа.
  • «Манчестер Сити» ҳужумчиси Ҳоланда АПЛда рекорд даражадаги қисқа муддатда 50 гол уриши учун 48 ўйин етарли бўлди. Бунгача энг яхши натижага эга бўлиб турган Энди Коул 50 та голга 65 ўйинда эришганди.
  •  
Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар