22.11.2023 16:06
4776
Теглар
«Ўзбекистон миллий жамоаси сафида жаҳон чемпиони бўлишни хоҳлайман» — Англиядаги футбол коллежида ўқиётган ўзбек йигити 

Ҳар бир йигит ёшлигида тўп тепиб кўради ёки футбол ўйнаб завқланаётганларни томоша қилади. Ўйиннинг мазасини тушунган борки, футболчи бўлишни орзу қила бошлайди. Трибуна.uz Роналдунинг ўйинларини кўриб футболчи бўлишни орзу қилган, ҳозирда Англиядаги футбол коллежида таҳсил олаётган ўзбек йигитидан интервью олди.

Асадулла Нуруллахўжаев 2005 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Болалигидан футболга меҳр бериб, илк сабоқларни «Пахтакор»да олади. Маълум вақт хусусий клубларда, сўнгра 1 йил «Бунёдкор»да тўп тепади. 17 ёшли қаҳрамонимиз мактабни тамомлагач футболдаги махоратини янада ошириш мақсадида футбол ватани – Англия сари йўл олади.

— Асадулла, футболга қизиқишингиз қачон пайдо бўлган? 

— 6 ёшимдан бошлаб миллионлар ўйинига қизиқа бошладим. Бу қизиқиш менда профессионал футболчи бўлиш истагини пайдо қилди. 

— Кўпчилик ёшлигидан қайсидир юлдузга мухлислик қилади ва унга ўхшагиси келади. Сизни ким илҳомлантирган? 

— Болалигимда акам ва унинг дўстлари мени ўзлари билан футбол ўйнашга олиб кетишарди ва улар гол урганларида, Роналду услубида голларини нишонлашарди. Шундан кейин мен Криштианунинг ўйинларини томоша қилишни бошладим ва у мени футболчи бўлишимга илҳом берди. 

— Футболда илк сабоқларни қаерда олгансиз?

— «Пахтакор» клубида. Кейинчалик хусусий жамоаларда футбол кўникмаларини ўрганганман. 

— Сизни ким илк бор «Пахтакор» машғулотларига олиб борган?

— Онам. Ўшанда 8 ёшда эдим. 

— Яна қайси жамоаларда бўлдингиз? 

— 14 ёшлигимда «Бунёдкор»га кўчиб ўтдим. У ерда 1 йил ўйнадим. 

— Майдоннинг қайси чизиғида ўйнардингиз? 

— Асосан чап қанот ҳужумчиси ва марказий яримҳимоячи бўлиб ўйнадим. Англияда ҳам шундай. 

 

— Сизни футбол ватани (Англия) сари нима етаклади? 

— Мактабни тамомлаганимдан сўнг футбол билан янада уйғунлашиш ҳақида ўйлай бошладим. 

Шундан сўнг дастлаб онам, сўнгра отам билан гаплашдим. Улар чет элда ўқишни давом эттиришимни ажойиб вариант сифатида баҳолашди. 

Узоқ ўйлаб ўтирмадим. Мактабни тугатдим ва ота-онам мени Англияга юборишди. Ҳозирда Market Harborough шаҳарчасида жойлашган Brooke Houes Collage Football Academy'да ўқийман. Бу Англиядаги энг яхши футбол мактабларидан бири саналади.

Футболга бўлган меҳрим Англияга етаклаган. Биласизми, ўтмишга назар ташласам, ҳаммаси жойида бўлганидан яратганга шукур қилaман ва ота-онамга раҳмат айтаман. 

— Англиядан илк таассуротларингиз? 

— Биринчи келган кунимда ўқувчилар футболни қандай ўйнашлари ва уларнинг маданияти ҳайрон қолдирган. 

— Футболни қандай ўйнашар экан? 

Бир йил олдин «Манчестер Сити» U21 — «Лестер» U21 ўйинида бўлганман ва тезликдан ҳайратда қолгандим. Карлос Форбс деган футболчи ўйнаганди. Менга унинг ўйини жуда ёққан, ҳозир у «Аякс»да ўйнамоқда.

— Академияда ўқув тизими қандай? 

— Бизда кунига бир соатдан 5та дарс бўлади. Мен А-level дастури бўйича ўқиганим учун фақат 3та фан дарсларида қатнашаман. Биринчи соат 8:15да бошланади. 

13:00да тушлик қиламиз. 14:00да мактаб томонидан ташкил этилган икки қаватли автобусда соат 15:00да бошланувчи машғулотга борамиз. 

— Сизлар билан яна қайси миллат вакиллари ўқишади? 

— Озарбойжон, Россия, Италия ва бошқа кўплаб давлатлардан келганлар бор. 

— Англияга келиб таҳсил олмоқчи бўлганларга қандай маслахат берасиз? 

— Аввало инглиз тилини яхши билишлари керак. Шунингдек, мустақли яшашга ва ҳар қандай вазиятга тайёр бўлишлари керак. 

— АПЛдан кимга мухлислик қиласиз? 

— «Манчестер Юнайтед»га. 

—Ўзбекистон миллий жамоасида чиройли ўйин кўрсатаётган футболчилар? 

— Остон Ўрунов, Отабек Шукуров ва Элдор Шомуродов. 

— Қайси 3 мураббий қўл остида ўйнаган бўлардингиз? 

— Гвардиола, Артета ва Анчелотти. 

— Энг катта орзуйингиз? 

— Бу кулгили туюлиши мумкин, лекин Ўзбекистон миллий жамоаси таркибида жаҳон чемпиони бўлишни хоҳлайман. 

Ҳасан Юсупов суҳбатлашди

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар