Франция ўсмирлар жамоаси Индонезияда бўлиб ўтаётган U17 жаҳон чемпионати чоракфиналига йўлланма олган бўлса-да, турнирдан дисквалификация қилиниши мумкин.
Гап шундаки, Франция ўсмирлар жамоаси ҳужумчиси Яннис Иссуфу ЖЧ-2023 Африка саралаш баҳси доирасида Нигер ўсмирлар жамоаси сафида майдонга тушгани маълум бўлди. ФИФА қоидаларига кўра эса, футболчининг бир турнирда икки жамоа сафида ўйнаши қатъиян ман этилган. Бу эса Франция ўсмирлар жамоасининг турнирдан дисквалификация қилинишига олиб келиши мумкин.
Sport News Africa нашри хабарига биноан, Франция футбол федерацияси «Монпелье» клуби ҳужумчиси саналмиш Янниснинг Нигер ўсмирлар жамоаси сафида мусобақанинг саралаш босқичида майдонга тушганидан хабари бўлмаган.
L'Equipe хабарига кўра, Франция ўсмирлар жамоаси бош мураббий Жан-Люк Ваннуки айнан дисквалификация эҳтимоли туфайли Яннис Иссуфуни Сенегалга қарши нимчоракфинал ўйини олди таркибдан чиқарган.
Қайд этилишича, Франциянинг гуруҳидан кейинги босқичга чиқа олмаган Буркина-Фасо жамоаси апелляция бериши мумкин. Иссуфу французлар сафида гуруҳ босқичидаги 3 ўйинда ҳам майдонга тушган, шу жумладан Буркина-Фасога қарши баҳсда (3:0) ҳам.
Яннис Нигер ўсмирлар жамоаси сафида 2022 йил Кот-д’Ивуар ва Бенинга қарши саралаш ўйинида майдонга тушиб, битта голга муаллифлик қилган, Бенинга қарши эса жамоасининг энг яхши ўйинчиси деб топилган.
Маълумот учун, Франция ўсмирлар жамоаси чоракфиналда Ўзбекистонга қарши майдонга тушиши лозим. Ўйин 25 ноябр кунига белгиланган.