Бугун, 13 ноябрдан Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентда йиғин бошлади. Сречко Катанец шогирдлари ФИФА кунларида ЖЧ-2026 ва Осиё кубоги-2027 саралаш босқичи доирасидаги расмий ўйинларга киришади. Туркманистон ва Эронга қарши ўйин олдидан Элдор Шомуродов ҳам миллий жамоа сафига қўшилди ва дастлабки машғулотдан олдин фикрлари билан ўртоқлашди.
- Элдор, муҳим ўйинлар олдидан жамоанинг кайфияти, тайёргарлик ҳақида тўхталсангиз...
- Кайфият яхши. Буёғига расмий ўйинлар бошланмоқда, бу ҳақиқий кучимизни синаб кўришга ёрдам беради. Ўйинларга барчамиз тайёр.
- Олдинда Туркманистон ва Эронга қарши ўйинлар кутиб турибди. Бу рақиблар ҳақида нима дея оласиз?
- Иккала рақибга қарши ҳам жиддий тайёргарлик кўрамиз. Туркманистондаги ўйин ҳақида «Пахтакор» ўйинчилари билан гаплашдик, у ердаги сунъий майдон бўйича саволлар бор. Аммо икки жамоа ҳам ўша стадионда тўп суради. Бу баҳс гуруҳдаги биринчи ўйин ва унда ғалаба қозониш биз учун жуда муҳим.
- «Кальяри»даги фаолиятингиз ҳақида ҳам тўхталсангиз. Клаудио Раньери қўл остида тўп суряпсиз, бу қандай кечмоқда?
- Яхши. Ҳаммаси жойида. Секин формага кириб боряпман, мураббийлар ва жамоадагилар билан муносабатим яхши.
- Мексикага қарши ўртоқлик ўйини сунъий қопламали майдонда ўтгани учун шифокорлар сизга майдонга тушмасликни тавсия қилганди. Туркманистондаги ўйин ҳам сунъий қопламада ўтишини инобатга олсак, баҳс ЖЧ-2026 саралашидаги расмий ўйин бўлгани учун майдонга тушасизми?
- Албатта, бу расмий ўйин. Мексика билан учрашув эса ўртоқлик мақомида эди. Шу боис ўшанда таваккал қилмасликни сўрашганди. Олдимиздаги баҳс эса расмий учрашув эканлиги сабабли жароҳат олиш хавфи ҳақида ўйлаб ҳам ўтирганим йўқ, - дея Элдор Шомуродовнинг сўзларини келтирган Tribuna.uz мухбири.
Маълумот учун, Ўзбекистон 16 ноябр куни Ашхободда Туркманистонга қарши майдонга тушса, 21 ноябр куни Тошкентда Эронни қабул қилади.