08.11.2023 15:20
9396
Теглар
«Ўлим гуруҳи»да чигал вазият ва «Барса»да фиаско. ЕЧЛда кун ўйинлари

Гуруҳ масаласини ҳал қилган дастлабки жамоалар номи маълум. Чемпионлар лигасида сешанба оқшомида ўтказилган 4-тур учрашувлари, ўйинлардаги голлар ва гуруҳлардаги вазият.

F гуруҳи

Миланда ақлдан озган футбол

«Милан» — «ПСЖ» 2:1
Голлар: 
Леау (12), Жиру (50) — Шкриняр (9). 
«Милан» – Менян, Калабрия, Томори, Тиав, Эрнандес, Лофтус-Чик, Пулишич (Флоренци, 90+2), Рейндерс, Муса (Крунич, 84), Леау (Окафор, 85), Жиру.
«ПСЖ» – Доннарумма, Ҳакими, Маркинос, Шкриняр (Барколя, 89), Эрнандес (Мукиеле, 65), Угарте (Руис, 60), Витиня (Ли Кан Ин, 60), Заир-Эмери, Дембеле, Мбаппе, Коло-Муани (Рамуш, 60).
Огоҳлантиришлар: Витиня (24), Коло-Муани (29), Угарте (43), Эрнандес (55), Муса (66), Шкриньяр (80).

«Боруссия», «Нюкасл», «Милан» ва «ПСЖ» квартети «ўлим гуруҳи» мақомини оқлашда давом этмоқда. ЕЧЛнинг уч туридан кейиноқ барча жамоалар мағлубиятли ўйинлар ўтказишга улгурганди. Бошқа ҳеч бир тўртликда бунақаси кузатилмаганди.

Иккинчи турда Англияда йирик ҳисобда мағлуб бўлган гуруҳ фаворити «ПСЖ» Миланда ҳам ютқазди ва биринчи ўринни бой берди. Бу ўйин илк дақиқаларданоқ шиддатли тус олди. Чемпионлар лигасида бундай очиқ ўйин жуда кам рўй беради. Ўйин деярли майдон марказисиз кечди ва 12 дақиқа ичида Стефано Пиоли ҳамда Луис Энрике шогирдлари бир-бирининг дарвозалари сари 10 бор зарба йўллашга улгурди. «Милан» «ПСЖ» билан зарбалар алмашиб таваккалчилик қилди. Майдондаги воқеалар мураббийларга қанчалик ёққанини айтиш қийин, аммо бундай футбол – мухлислар учун доимо завқ бағишлайди.

«Милан»да Леау «ёндирди». У мезбонларнинг илк зарбасига муаллифлик қилди ва Лофтус-Чик учун ҳам голли вазият яратди. Аммо англиялик футболчи гол ура олмади, тўққизинчи дақиқада эса стандарт вазиятда ўз дарвозаси яқинида ёмон ўйнади. Тўп бурчакдан узатиб берилганда Маркинос уни бошқа бир ҳимоячи Шкринярга ташлаб берди. Ушбу стадион билан жуда яхши таниш бўлган словакиялик футболчини дарвозабон ҳудудида шунчаки бўш қолдиришганди: «Интер»нинг собиқ аъзосига энг яқин турган Лофтус-Чик тўп келган вақтда нима учундир ундан узоқлашди.

Ўйин стартида ҳужум вакиллари ҳам фаол ўйнади: Мбаппе, Коло-Муани ва Дембеледа позицион ҳужумларда яхши вазиятлар бўлди. Ҳисоб очилганидан уч дақиқа ўтиб эса Леау яна катта саҳнага чиқди. Португалиялик футболчи Жируга пас бериб ҳужумни ривожлантирди ва уни чалқанча зарба билан якунлаб берди. Бу эпизодда Рафаэл жуда ақлли ўйнади, ҳимоячилар инерция бўйича дарвоза томон ҳаракатланишни давом эттирганида тезликни пасайтириб, узатмага мослашди. Доннарумма парижликларни қутқара олмади. «Россонерилар» фанатлари эса Жанлуижининг кетишини ҳали ҳам кечира олмаганини намойиш этишди ва унга қарата сохта пуллар сочишди.

Шундан кейин футболчилар бироз тин олишди ва тўп назоратига эътибор қаратишди. Аммо ҳатто Мбаппега ҳам етарлича кенгликлар қолдирилди, у икки марта яккама-якка вазиятга чиқиб кетди, шунга қарамай дарвозани ишғол эта олмади, бир вазиятда шошқалоқлик қилди, иккинчисида Менян ажойиб ҳаракат қилди. Бўлим давомида кўп марта ҳал қилувчи узатмалар берган Дембеле эса дарвоза тўсинини нишонга олди. Танаффусга қадар зарбалар бўйича ҳисоб «ПСЖ» фойдасига 12:10 кўринишини олди.

Танаффусдан кейин ҳам жамолар илк дақиқалардан олдинга ташланди. «Милан» тезда ҳисобда олдинга чиқиб олди, аммо бу «ПСЖ» футболчиларининг эътирозларига сабаб бўлди. Ўнг қанотдан кросс узатилганда меҳмонлар жарима майдони ичида Леау ва Ҳакими газонга қулади, парижлик футболчилар ўйин тўхталишини кутиб бир лаҳзага диққатни йўқотишди, аммо Хесус Хил Мансано ҳуштагини чалмади. Тео Эрнандеснинг қанотдан узатмасини Жиру голга айлантирди. VAR эпизодни текшириб чиқиб, голни бекор қилишга асос топмади.

Шундан сўнг «Милан» «ПСЖ» футболчиларига умуман бўш ҳудудлар қолдирмади ва минимал устунликни сақлаб қолишга ўйнади. Стефано Пиоли эса буни энг яхши уддалайдиган мутахассислардан саналади — бу «Милан»га бир ярим йил олдин чемпион бўлишга ва шу йил баҳорда ЕЧЛ яримфиналига етиб боришга ёрдам берган. Мезбонлар юқори прессингдан воз кечишди, парижликлар эса позицион ҳужумлар уюштиришга ҳаракат қилишди. Лекин Луис Энрике жамоаси анча вақтгача дарвозага зарба бериш имконини ҳам топа олишмади. Фақат иккинчи бўлим ўрталаридан ўтиб «ПСЖ»нинг бўлимдаги илк зарбасига Мбаппе муаллифлик қилди. «Милан»да барча мудофаага ёрдам бериш билан шуғулланди: ҳатто Леау ўз жарима майдони атрофида подкатлар қилди, Жиру тўпни иккиланмай узоқларга тепиб юборди.

«Милан» ўйинни идеал даражада қуруқлаштирди ва ҳатто учинчи голни уриб кетиши ҳам мумкин эди, аммо Доннарумма парижликлар учун имконият сақлаб қолди. У Теонинг жарима нуқтасидан йўллаган хавфли зарбасини қайтарди, шунингдек Леаунинг ўрнига тушган Окафорнинг зарбасидан кейин ҳам қутқарди. Португалиялик футболчи Шкринярнинг қизилга тортадиган фолидан кейин шикастланиб майдонни тарк этди. «ПСЖ» йўлбошчиси Мбаппе эса Милан ўрмонида адашиб қолди (ушбу форвард жами уч зарба, тўрт алдаб ўтиш билан чекланди), парижликларни Ли Кан Ин қутқариши мумкин эди – кореяликнинг зарбаси устунга тегди. Якунда жамоалар жами 33 зарба йўллашди (16:17, дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар – 8:6), «Милан» эса барибир муносиб ғалабага эришди ва F гуруҳидаги вазиятни максимал даражада чигаллаштирди.

«Боруссия» Д — «Нюкасл» 2:0
Голлар:
 Фюллкруг (26), Брандт (79). 
«Боруссия» Д – Кобел, Зюле, Ҳуммелс, Шлоттербек, Рюэрсон, Забитцер, Брандт, Ўзжан, Нмеча, Адейеми (Ройс, 81), Фюллкруг (Мукоко, 87).
«Нюкасл» – Поуп, Триппиер, Шер, Ласселс, Ҳолл (Алмирон, 46), Гимараэс, Лонгстафф, Уиллок (Майли, 81), Ливраменто, Жоэлинтон, Уилсон (Гордон, 46).
Огоҳлантириш: Ҳолл (9).

«Боруссия» немис классикасидаги хўрланишдан кейин бир неча кун ичида ўзига кела олишига шубҳа қилганлар адашди. «Бавария» билан қарама-қарши йўналишда ўйнаган дортмундликлар «Нюкасл»га қарши жуда интизомли ўйин намойиш этишди. Тўп гўёки «қарғалар»га топшириб қўйилгандек кўринаётганди, кейин эса тезкор қарши ҳужумда ҳисоб очилди, Забитцер товони билан ўйнаб ҳужумни ривожлантирди, охирида Фюллкругга голли пас берди.

Жароҳатлар туфайли кучсизланган меҳмонлар эса жавоб қайтаришга қийналди. «Нюкасл»да ҳам имкониятлар бўлди, аммо Ливраментонинг узатмасидан кейин Жоэлинтон бир неча метрдан аниқ зарба бера олмади. «Асаларилар» бу фонда самаралироқ бўлиб чиқишди ва яна бир қарши ҳужумда «2 га 1» вазиятда Брандт барчасини ўзи ҳал қилди. Лайв режимда «Боруссия» биринчи ўринга чиқиб олди ва энди якунда очколар тенг келиб қолган тақдирда, икки учрашув натижасига кўра инглизлардан юқорида жойлашади (1:0, 2:0).

Сешанба куни мезбон фанатлар ҳам фаол бўлишди. Дортмундликлар ҳам барча немислар каби анъаналар сақланиши тарафдори ва бундеслигага Яқин Шарқдан катта пуллар оқиб келишини ёқтиришмайди. Ўйин давомида арабларнинг Европа футболидаги пулларига қарши акция уюштирилди. Меҳмонлар дарвозаси атрофига трибуналардан отилган ўнлаб олтин қуймалар муляжлари, сохта купюралар ва пул солинадиган қоплар келиб тушди, секторда эса шундай ёзувли баннер кўтарилди: «Сизни спорт қизиқтирмайди. Сиз қайғурадиган нарса, фақат — пул».

28 ноябр. «ПСЖ» — «Нюкасл», «Милан» — «Боруссия» Д.

H гуруҳи

Хави учун белгими?

«Шахтёр» — «Барселона» 1:0
Гол:
 Сикан (40).
«Шахтёр» – Ризник, Гочолейшвили, Ракицкий, Бондар, Матвиенко, Зубков, Степаненко (Назарина, 73), Крискив, Судаков, Сикан (Келси, 62), Невертон (Швед, 90+7). 
«Барселона» – тер Стеген, Канселу, Кристенсен, Араухо, Алонсо (Балде, 60), Гундўған, Ромеу (Педри, 59), Гави (Лопес, 81), Рафиня (Ямал, 59), Торрес (Фелиш, 59), Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Араухо (45), Невертон (90+7).

Бу гуруҳда куннинг биринчи ўйинида сенсация қайд этилди — олдинги турларда юз фоизлик натижа қайд этган «Барселона» биринчи бўлим охирида «Шахтёр»дан гол ўтказиб юборди. Кўк-анорранглиларни украинлар жамоаси тўпурари Сикан (3 гол)ранжитди ва натижани адолатсиз деб бўлмайди. Каталонцияликлар биринчи бўлимда бирорта аниқ зарба йўллай олмади, уларнинг рақиб жамоа жарима майдонида тўпга тегиниш кўрсаткичи (5) Хави бошқаруви давридаги энг ёмони бўлди. Бу сафар «Барса»нинг куни эмасди ва жамоа футболчилари 90 дақиқа давомида бирорта яққол голли вазият юзага келтира олишмади.

Ҳолбуки жамоа камида дуранг қайд этиб, гуруҳ масаласини шу турдаёқ ҳал этиши прогноз қилинаётганди, лекин Чемпионлар лигасида ўз майдонида 2021 йилдан буён ғалаба қозона олмай келаётган жамоага мағлуб бўлинди. Хавининг турнирнинг гуруҳ босқичларидаги мағлубиятлари сони эса бештага етиб улгурди, бу «Барселона» мураббийлари учун  энг ёмон натижанинг такрорланишидир. Аммо ижобий сигнал ҳам бор: кўк-анорранглилар «кончилар»га охирги бор 2008/09 йиллар мавсумида ютқазган, лекин ўша мавсумда таркибида Хави ҳам бўлган жамоа «қулоқли» кубокни ўзиники қилганди.

«Порту» — «Антверпен» 2:0
Голлар:
 Эванилсон (32, пеналти), Пепе (90+1). 
«Порту» – Кошта, Мариу, Пепе, Карму, Сануси (Санчес, 83), Франку (Намасо, 82), Эуштакиу, Варела, Торимий (Консейсау, 69), Эванилсон (Наварро, 83), Пепе.
«Антверпен» – Ламменс, де Лат (Батай, 46), Кулибали, ван ден Босх, Вейндал (Корбани, 69), Эккеленкамп, Юсуф, Вермерен, Керк (Эжуке, 76), Баликвиша (Муя, 69), Иленикена (Янссен, 75).
Огоҳлантиришлар: Юсуф (20), Вермерен (45), Карму (58), Вейндал (62), Консейсау (84).
Четлатиш: Эккеленкамп (52).

Шу билан сенсациялар лимити тугади ва «Порту» кутилганидек бу турнирни ҳам жуда ёмон ўтказган «Антверпен»дан уч очко олди. Белгияликлар яна Эванилсондан жабрланишди, ўтган ўйинда бир бўлимда ҳет-трик қайд этган футболчи сешанба оқшомида пеналтини аниқ ижро этди. Португаллар сардори Пепе тўпни айни вақтда гуруҳ босқичи тўпурари бўлиб турган бразилияликка топширди. Эътиборли жиҳати, 11 метрлик зарбалар — Эванилсоннинг устун жиҳати эмас, у бугунги кунга қадар «аждарлар» сафида фақат ўйиндан гол урган (41), икки мавсум олдин хато зарба берганидан кейин «нуқта»га бошқа яқинлашмаган.

Пепенинг ўзи эса қўшимча дақиқаларда бош билан зарба йўллаб дарвозани ишғол қилди ва яна тарихга кирди. Энди — 40 ёшу 254 кунлигида — португалиялик асосий еврокубокда энг катта ёшда гол урган футболчига айланди. Олдинги энг яхши натижа (38 ёшу 59 кун) Франческо Тоттига тегишли бўлган.

28 ноябр. «Шахтёр» — «Антверпен», «Барселона» — «Порту».

G гуруҳи

Дрогбага ваъда ва рақибга футболка

«Манчестер Сити» — «Янг Бойз» 3:0
Голлар: 
Ҳоланд (23 пенальти, 50), Фоден (45+1). 
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Уокер (Филлипс, 61), Диаш, Гвардиол, Стоунз (Аке, 46), Люис, Ковачич (Доку, 80), Грилиш, Фоден, Нунеш, Ҳоланд (Бобб, 61).
«Янг Бойз» – Рачоппи, Жанко (Блум, 66), Бенито, Камара, Аменда, Гарсия (Перссон, 78), Угринич (Малес, 88), Лаупер, Няссе, Элиа (Ганвула, 78), Иттен (Чаива, 65).
Огоҳлантиришлар: Бенито (15), Лаупер (19), Аменда (77).
Четлатиш: Лаупер (53).

Ҳоланднинг соғлиги билан боғлиқ хавотирлар асоссиз бўлиб чиқди. Дам олиш кунларидаги ўйинда Хосеп Гвардиола норвегиялик ҳужумчисини танаффусда алмаштирганди, аммо у сешанба куни бошланғич таркибда майдонга чиқди ва Чемпионлар лигасидаги голлари сонини оширишда давом этди. Аввалига пеналтини аниқ ижро этди. Кейин жарима майдони ташқарисидан юқори бурчакни аниқ мўлжалга олди. Айни вақтда Эрлинг — ЕЧЛ тўпурарлари орасида голлари сони ўйинлар сонидан кўп бўлган ягона футболчидир. Бу 35 ўйинда 39 аниқ зарба дегани.

Биринчи голни нишонлаш тарихи ҳам ўзгача кечди. «Олтин тўп» топшириш маросимида (Ҳоланд Гари Линекер қўлидан мавсумнинг энг яхши тўпурарига аталган Герд Мюллердан совринни қабул қилиб олди) яқин ўтмишдаги яна бир форвард Дидие Дрогба лауреатга шундай савол берди: кейинги голингни қандай нишонлайсан? Гап Дрогба ёки Линекернинг услубидан бирини танлаш ҳақида борарди. Эрлинг бунга жавобни майдонда кўришларини айтганди ва ваъдасида туриб, африкалик футболчининг қўлларни ёнга тушириш ҳолатидаги номерини такрорлади. Бундан ташқари, Ҳоланд «Янг Бойз» ҳимоячиси Камарани хурсанд қилди, у танаффусда оқшом қаҳрамонининг футболкасини сўраганди.

«Црвена Звезда» — «Лейпциг» 1:2
Голлар: 
Ҳенрикс (81, автогол) — Симонс (8), Опенда (77). 
«Црвена Звезда» – Глазер, Драгович, Родич (Катаи, 85), Жига, Канга, Иванич (Олайинка, 69), Ҳван Ин Бом, Мияйлович (Неделкович, 46), Букари, Лучич (Миятович, 78), Крассо (Ндиайе, 46).
«Лейпциг» – Бласвих, Ҳенрикс, Лукеба, Симакан, Раум, Симонс (Карвалю, 75), Форсберг (Баумгартнер, 70), Шлагер (Кампл, 84), Айдара (Зайвалд, 83), Опенда, Шешко (Клостерманн, 70).
Огоҳлантиришлар: Мияйлович (6), Крассо (28), Симакан (49), Иванич (52), Лукеба (56), Ҳенрикс (59), Лучич (73), Олайинка (90+4). 

«Манчестер Сити» билан бирга плей-офф йўлланмасини  «Лейпциг» ҳам ўзи учун расмийлаштирди, немислар жамоасининг янги мавсумдаги асосий қаҳрамони Чави Симонс яна катта саҳнага чиқди. Нидерландиялик футболчи ўз даражасини намойиш этиб, тўпни жарима майдонигача олиб борди ва уни бурчакка жойлаштирди. Агар Опенда ҳам ўз имкониятларидан фойдалана олганида ўйин тақдири биринчи бўлимдаёқ ҳал қилинган бўларди. Аммо у биринчи бўлим охирида яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади, кейин эса фақат дарвозабоннинг Букари билан дуэлдаги реакцияси меҳмонларни жавоб голидан сақлаб қолди. Опенда эса иккинчи бўлимда ўз хатосини тузатиб, дриблинг ҳисобига прессинг остидан чиқиб кетган Шлагернинг узатмасидан кейин иккинчи голни урди. Бу гол ўз вақтида урилганди, «Црвена Звезда» кўп ўтмай ўз голини урди, ўйин охирида эса Бласвиҳ навбатдаги сейви билан ғалабани ва йўлланмани сақлаб қолди.

28 ноябр. «Манчестер Сити» — «Лейпциг», «Янг Бойз» — «Црвена Звезда».

Е гуруҳи

«Атлетико»нинг рекорди

«Атлетико» — «Селтик» 6:0
Голлар:
 Гризманн (6, 60), Мората (45+2, 76), Лино (66), Саул (84). 
«Атлетико» – Облак, Молина (Аспиликуэта, 71), Хименес (Суюнчи, 77), Эрмосо, Витцел, Рикелме (Лино, 65), Коке, Барриос (Лоренте, 46), Корреа, Гризманн (Саул, 65), Мората.
«Селтик» – Ҳарт, Жонстон, Картер-Викерс, Скейлз, Тэйлор, Макгрегор (Ивата, 71), О`Райли (Ҳолм, 46), Бернарду (Тернбулл, 61), Маэда, Палма (О Хён Гю, 46), Фуруҳаси (Ян Ҳён Жун, 61).
Огоҳлантиришлар: Палма (36), Суюнчи (90). 
Четлатиш: Маэда (23). 

«Метрополитано»даги ўйин Гризманнинг бенефисига айланди, «Селтик» эса биринчи бўлим ўрталарида Эрмосонинг оёғига бутсаси тишлари билан зарба берган Маэда четлатилгач, рақобат кўрсатиш имкониятини йўқотди. Бу вақтгача «Атлетико» ҳисобни очиб улгурганди, қизил-оқлар етакчиси илк марта ЕЧЛнинг қаторасига уч ўйинида гол уришга эришди. Бўлим охирида Гризманнинг диагоналидан кейин Хименес дарвоза қаршисидаги Моратани тўп билан таъминлади.

65-дақиқада Диего Симеоне Антуанга дам бериш вақти бўлди, деб ҳисоблади. Бундан бир неча дақиқа олдин қайчи услубидаги зарбаси билан ҳисобни йириклаштирган француз футболчиси олқишлар остида майдонни тарк этди. Лекин шу куни «Атлетико»да захирадан тушганлар ҳам ажойиб ўйин кўрсатди. Самуэл Лино ҳам ўзи гол урди, ҳам Моратага дублни расмийлаштиришда ёрдам берди, Алваро голлари сонини 5 тага етказди ва турнирнинг энг яхши тўпурарлари пойгасида Эванилсондан ўзиб кетди.

Ва ниҳоят Линонинг у қадар аниқ чиқмаган зарбаси Саулга голли пас бўлиб борди. Бу эпизод тарихга кирди, чунки «Атлетико» бу вақтгача асосий еврокубокда 6:0 ҳисобидаги ғалабага эришмаганди. Максимум 2014 йилда «Малмё» дарвозасига бешта жавобсиз гол йўлланган.

«Лацио» — «Фейеноорд» 1:0
Гол:
 Иммобиле (45+1). 
«Лацио» – Проведел, Габаррон, Романоли, Ҳюсай (Пеллегрини, 78), Альберто, Весино (Ровелла, 78), Камада (Гендузи, 53), Ладзари, Андерсон, Дзакканьи (Педро, 63), Иммобиле (Кастельянос, 63).
«Фейеноорд» – Бейло, Ниукоп (Траунер, 20; Жаҳонбахш, 74), Ганцко, Гертрюйда, Ҳартман, Тимбер (Миламбо, 81), Виффер, Зерруки (Уэда, 81), Стенгс, Пайшао (Иванушец, 74), Хименес.
Огоҳлантиришлар: Ниукоп (1), Весино (68), Зерруки (70), Виффер (77), Ровелла (90+6). 

«Лацио» тарихий гол эвазига «Фейеноорд»дан реванш олди. Чиро Иммобиле учун бу «бургутлар» сафидаги 200-гол бўлди. Проведел эса бу учрашувда ҳам қаҳрамонлик кўрсатди. Ушбу дарвозабон турнирда сўнгги дақиқаларда «Атлетико» дарвозасига гол уриб римликларни мағлубиятдан қутқариб қолганди, бу сафар эса қўшимча дақиқаларда ўзининг биринчи галдаги ишини тўғри бажариб, бир неча метрдан йўлланган зарбани қайтарди.

28 ноябр. «Лацио» — «Селтик», «Фейеноорд» — «Атлетико».

Кун статистикаси

«Барселона» ҳужумчиси Левандовски 6 ўйиндирки гол урмаяпти. Бу поляк футболчиси учун 2010/11 йиллар мавсумидан буён энг ёмон серия, ўшанда у «Боруссия» сафида ўн ўйинда рақиблар дарвозасини ишғол эта олмаганди.

«Боруссия» Чемпионлар лигасида 7 ўйиндирки мағлуб бўлмади, бу оралиқда фақат бир гол ўтказиб юборилган.

«Манчестер Сити» ЕЧЛдаги голлари сонини 250 тага етказган 12-жамоа бўлди. «Шаҳарликлар» бу натижани рекорд даражадаги кам 119 ўйинда қайд этишди.

37 ёшу 38 кун — ЕЧЛда энг кекса ёшда гол урган французлар орасида биринчи бўлиб олган «Милан» форварди Жирунинг ёши. Аввалги рекордчи Лоран Блан турнирда охирги голини урганида ундан икки ойга кичик бўлган.

«ПСЖ» турнирнинг гуруҳ босқичларида қаторасига 48 ўйинни голсиз тарк этмади. Бу XXI асрдаги рекорд серия.

Норвегия вакиллари асосий еврокубокда урган голлар сони 200 тага етди. Шундан охирги 40 тадан 39 таси Ҳоланд ҳисобига ёзилган.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар