«Манчестер Юнайтед» собиқ ҳимоячиси, ҳозирда ТВ эксперт сифатида фаолият юритаётган Рио Фердинанд Чемпионлар лигасида «Манчестер Сити»нинг ғолибликни ҳимоя қилишига қарши тура оладиган икки жамоани келтирди.
«Ҳозирда фақатгина «Бавария» ва «Реал» «Манчестер Сити»нинг Чемпионлар лигасидаги ғолибликни ҳимоя қилишига тўсқинлик қилиши мумкин. Қолган жамоалар уларга қаршилик кўрсата олишига ишониш қийин. «Реал» бу турнирда ўзини бошқача ҳис қилиши аниқ, уларда фантастик ўйинчилар бор. Жуд Беллингҳем ҳам ажойиб спорт формасида.
Шунингдек, «Бавария» ҳам турнирдаги исталган жамоага муаммо туғдира олади. Айниқса, Ҳарри Кейннинг голеадорлик маҳорати эвазига Мюнхен клуби ҳар қандай жамоани тўхтатишга қодир», - дейди Фердинанд бош соврин учун даъвогарлар ҳақидаги саволга жавобан.
Маълумот учун, «Реал» ва «Бавария» бугун, 8 ноябр оқшомида ЕЧЛ 1/8 финал босқичига йўлланма олиш имкониятига эга. Мадрид клуби «Брага»ни қабул қилса, Мюнхен жамоаси «Галатасарой»ни қабул қилади. Ўйинлар соат 01:00да бошланади.