07.11.2023 08:55
3668
Бабаян: «Бу ғалаба плей-оффга чиқишимиз учун яхши имконият яратди»

Осиё Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичи 4-туридан ўрин олган «Нассажи Мазандаран» – «Навбаҳор» (1:3) ўйинидан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Самвел Бабаян ва учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилган Остон Ўрунов ОАВ ходимларининг саволларига жавоб беришди.

Самвел Бабаян: - Тахмин қилганимиздек, ўйин қийин кечди. Шундай бўлсада, ғалаба қозонишга муваффақ бўлдик. Ушбу зафар билан аввало мухлисларни табриклайман. Яхши ва сифатли ўйин учун йигитларга раҳмат айтаман. Ушбу ғалаба бизга кейинги босқичга чиқиш учун яхши имконият яратди.

— Гуруҳингиздан қайси жамоа кейинги босқичга чиқади, деб ўйлайсиз?

- Аввалдан гуруҳда «Ал Ҳилол» етакчи, қолган жамоаларда имконият бир хил деб айтгандим. Айни дамда бизда ҳам 10 очко мавжуд ва «Ал Ҳилол» каби кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритиш учун ажойиб имкониятга эгамиз.

Остон Ўрунов: - Ассалому алайкум! Мазкур ўйинга яхши тайёргарлик кўргандик ва Эронга фақат 3 очко олиш ниятида ташриф буюргандик ҳамда ўз мақсадимизга эришдик. 

— «Навбаҳор» 4 та баҳсда 10 очко тўплади. Бу жуда зўр натижа. Жамоангиздан шундай натижани кутганмидингиз?

Самвел Бабаян: - Гуруҳимиздаги «Мумбай Сити» ҳам, бугунги рақибимиз «Нассажи» ҳам яхши жамоалар. Бугун ғалаба қозондик, аммо бу осонликча содир бўлмади. Бизнинг квартетдаги клубларда яхши ва сифатли  мураббий ҳамда футболчилар жам бўлишган.

— Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 саралаши иккинчи босқичида Эрон билан ўйнайди. Бу ҳақда нима дея оласиз?

Остон Ўрунов: - Худо хоҳласа, Эрон терма жамоасига қарши баҳсга яхши тайёргарлик кўриб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

Самвел Бабаян: - Сўзим якунида яхши ўйин ва ажойиб ташкилотчилик учун «Нассажи Мазандаран» вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман ҳамда жамоага кейинги ўйинларда омад ёр бўлишини тилайман.

«Навбаҳор» гуруҳда 4та турда 10 очко тўплаб, «Ал Ҳилол» билан пешқадамлик қилмоқда. Жамоа кейинги турда 28 ноябр куни айнан Саудия жамоасини қабул қилади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар