ОЧЛ 4-тури доирасидаги «Ахал» ва «Пахтакор» ўртасидаги Туркманистонда ўтадиган ўйин олдидан матбуот анжуманида Максим Шацких ва Диёр Холматов иштирок этдилар.
«Барчага хайрли кеч. Меҳмондўстлик учун раҳмат. Мавсум якунига етмоқда, тайёргарликка вақт жуда кўп эмас. Ўйинда ғалаба қозониб, мухлисларимизни хурсанд этишни хоҳлаймиз.
«Ахал» яхши савияда ўйнай олади. Рақибни пухта ўргандик ва биринчи беллашувда уларнинг ожиз тарафларини топа олдик. Энди буни яна уддалашга ҳаракат қиламиз. Бизни қийин ва бошқача ўйин кутмоқда. Ўтган йили мавсумни юқори нотада тугатгандик. Буни қайтаришни истаймиз.
Мен ўйнаган давримдаги юкламаларни ҳозир бериб бўлмайди. Ҳозирги авлод бунга кўникмаган. Футболда айни пайтда ўйлаш ва қарор қабул қилиш тезлиги, индивидуал маҳорат катта аҳамиятга эга. Ҳозир ўйинчилар шу жиҳатларни ўзлаштиришмоқда», - дейди Максим Шацких.
«Рақиб жамоа бизда яхши таассурот қолдирди. Улар Тошкентда жиддий қаршилик қилишга интилишди. Эртага ўз ўйинимизни кўрсатиб, ютишни истаймиз. «Ахал»ни яхши ўргандик.
Жамоада кайфият аъло даражада. Барчамиз ўйинга тайёрмиз. Тошкентга уч очко билан қайтишга уринамиз», - дея Диёр Холматовнинг сўзларини келтирган клуб матбуот хизмати.
Маълумот учун, Ашхободдаги сунъий қопламали стадионда ўтадиган баҳс сешанба куни соат 19:00да бошланади.