05.11.2023 13:39
6406
«Арсенал» ўйинида можаро, «Барса» бир амаллади. Кун ўйинлари

«Нюкасл» «Арсенал» дарвозасига мавсумнинг энг баҳсли голларидан бирини урди. Шанба оқшомида Европа чемпионатларида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

«Арсенал»да ҳакамларга эътироз кўп

«Нюкасл» – «Арсенал» 1:0
Гол:
 1:0 – 64 Гордон.
«Нюкасл» – Поуп, Триппиер, Шер, Ласселс, Берн (Ливраменто, 46), Бруно Гимараэс, Лонгстафф, Алмирон (Мёрфи, 63; Ритчи, 79), Жоэлинтон, Гордон, Уилсон (Уиллок, 62).
«Арсенал» – Райя, Уайт (Зинченко, 73), Габриэл, Салиба, Томиясу, Жоржинио (Фабиу Виейра, 79), Райс, Ҳавертц, Мартинелли, Сака, Нкетиа (Троссар, 79).
Огоҳлантиришлар: Ҳавертц (37), Гордон (37), Лонгстафф (38), Шер (38), Бруно Гимараэс (88), Ливраменто (90).

Халқаро майдонларда «Милан» билан сафарда дуранг,  «ПСЖ» устидан йирик ғалаба, Англияда «Сити» ва «МЮ» мағлуб этилиши... Оқ-қораларнинг навбатдаги грандга қарши ўйини турнинг марказий учрашуви бўлиши кутилаётганди ва амалда ҳам мухлислар бу ўйинда зерикиб қолишмади.

Эдди Ҳау ҳафта ўртасида «МЮ»га қарши ўйинда (3:0) ротация қилишга ҳаракат қилди, аммо у қадар ўхшамади — жароҳатлар туфайли «қарғалар»нинг заявкаси қисқарди ва «Нюкасл»нинг асосий таркиб футболчиларининг аксари ўша куни ҳам майдонга чиқишига тўғри келди. «Арсенал»га қарши ўйинда Лонгстафф, Алмирон, Жоэлинтон ва бошқалар ҳам бошланғич таркибдан ўрин олди, бу йигитлар бир неча кундан кейин «Боруссия» билан ҳам ўйнаши керак.

Микел Артета ҳам кубок ўйинида ротация қилганди, аммо «Вест Ҳэм»га қарши ўйинда ҳисоб йириклашиб кетгач, иккинчи бўлимда асосий футболчиларини барибир майдонга ташлашга қарор қилди ва якунда Эдегор битта жавоб голи урди (1:3). «Сент-Жеймс Парк» стадионига лондонликлар толиққан ҳолда ҳамда икки етакчи футболчиси Жезус ва Эдегорсиз ташриф буюрди.

Икки клуб ҳам бир неча фронтда кураш олиб бораётгани туфайли биринчи бўлимда голли вазиятлар деярли бўлмади, мухлислар сифатли футбол ўрнига тўқнашувлар гувоҳига айланди. Бўлим ўрталаридан ўтиб ҳакам ўйин тизгинини қўлдан чиқариб юборди.

Ҳаверцнинг фоли ўйиндаги бурилиш нуқтасига айланди. «Арсенал»нинг германиялик яримҳимоячиси қанотда икки оёғи билан Лонгстаффга подкат қилди ва бу майдонда жанжал келтириб чиқарди. Ҳакам Стюарт Аттуэлл қоидабузарга сариқ карточка кўрсатди (футболчи рақибга оёқларини газондан узмаган ҳолда борди ва бутсасининг таг қисми билан зарба бермади), мезбон футболчилар эса фаоллик билан қизил карточка кўрсатишни талаб қилишди, натижада ҳакам уларни тинчлантириш учун уч кишига - Энтони Гордон, Фабиан Шер ҳамда жабрланувчи Лонгстаффнинг ўзига сариқ карточка кўрсатди. 

Лекин мезбонларнинг энг агрессив вакили Бруно Гимарайнш биринчи бўлимда ҳатто сариқ карточка ҳам олмади, у аввалига аутдан тўп ташлаб берилганида, майдонда икки тўп борлиги ҳолатида улардан бирини мўлжаллаб Ҳаверцга қарата тепди.

Бошқа бир вазиятда эса Жоржинио пас бераётганида ортдан келиб унинг бошига тирсаги билан уриб ўтди ва ҳакамлар бу вазиятларни эътиборсиз қолдирди.

Бразилиялик футболчи бу қилиқларини иккинчи бўлимда ҳам давом эттирди, лекин бўлимдаги асосий эпизод унинг иштирокисиз бўлди. Иккинчи бўлимда ёмғир кучайиши ҳам ўйин сифатига таъсир қилди, мезбонлар ҳужумлар сонини кўпайтирган бўлса ҳам, кўп ҳолларда Габриэл бошчилигидаги ҳимоядан ўта олмади.

Бундай «қирпичоқ», баҳсларга бой ва асабий ўйин тақдирини бир гол ҳал қилиши кўриниб турганди ва бу голни «Нюкасл» урди, гарчи уни бекор қилиш учун ҳакамда асослар етарлича бўлган бўлса ҳам.

Иккинчи бўлимда захирадан тушган Мёрфи қанотдан «Арсенал» жарима майдонига яқинлашиб зарба берди, аммо тўп дарвоза соҳасига тўғри бормасдан нариги қанот томон йўналди — бу вазиятда меҳмон жамоа ҳимоячилари тўп чизиқдан ўтиб майдон ташқарисига чиқиб кетганига шубҳа қилмасдан ўйиндан узилиб қолди. Уиллок эса тўпга етиб борди ва уни жарима майдони ичига оширди. Кейин кураш бошланди — Жоэлинтон тўпни қабул қилди, Габриэлни газонга йиқитди ва Гордонга узатди — у эса бўш дарвозага тўпни киритди, чунки дарвозабон Райя тўпни илиб олиш учун олдинга чиққан ва жойига қайтишга улгурмаганди.

Бу вазиятда гол ҳисобланиши уч ярим дақиқа давомида, тўрт ҳолат бўйича текширилди.

1. Тўп майдондан чиқиб кетгани. Аввалига тўп жарима майдонига узатилишидан олдинги эпизод текширилди.

Стоп-кадрда тўп майдон чизиғини кесиб ўтгандек кўринади, аммо ҳакамлар 100 фоизга кесиб ўтмаган деб топишди.

2. Жоэлинтон фол қилгани. Бразилиялик яримҳимоячи рақиб ҳимоячиси Габриэл билан тўп учун курашди, «Арсенал» футболчиси йиқилди. Ҳакамлар қоидабузарлик эҳтимоли бўйича вазиятни текширишди – ва фолни кўришмади.

3. Жоэлинтон қўл билан ўйнагани. Видеоҳакамлар Жоэлинтон бу вазиятда қўл билан ўйнамаган деб топишди.

4. Гордондаги офсайд. Стандарт процедура (англиялик арбитрларда бу муаммо жуда кўп учрамоқда). Бу жуда мураккаб вазият эди, чунки Райя олдинга чиқиб кетган – демакки офсайд тўп жойлашувига қараб ўлчаланади.

Ҳакамлар Гордон тўпдан орқароқда турган деб ҳисоблашди – бу эса тўғри жойлашув ҳисобланади.

Лондонликларнинг энг асосий эътирози биринчи вазият бўйича эди – стоп-кадрда тўп майдонда қолган ёки қолмаганини тушуниш қийин. Лекин офсайд билан боғлиқ вазият ҳам оддий эмасди: Жоэлинтон қайси паллада охирги бор тўпга теккани ва Гордондаги ўйиндан ташқари ҳолатни аниқ кўрсатувчи стоп-кадр бўлмади.

Бош ҳакам эса бу ҳолатларнинг ҳеч бирини мониторинг қаршисига бориб шахсан кўрмади ва видеоҳакамларнинг сўзлари бўйича қарор чиқариб, голни инобатга олди ва Англияда мавсум бошидан буён иккинчи йирик ҳакамлик можароси юзага келди. 

Қўшиб берилган саккиз дақиқа давомида ҳеч ким ҳеч нарса қила олмади. АПЛ мавсумидаги илк мағлубиятини қабул қилиб олган «Арсенал» бу ўйинда рақиб дарвоза соҳасига биргина аниқ зарба йўллади — мавсумдаги энг ёмон кўрсаткичлардан бири. Энди Артета жамоаси «Сити»ни 3 очко олдинга чиқариб юборган, «Тоттенҳэм» ва «Челси» ўртасидаги ўйиндан кейин «шпорлар» билан орадаги фарқ беш очкога етиши ҳам мумкин. Мавсум стартида уч бор ютқазган Эдди Ҳау жамоаси эса олтинчи ўринга кўтарилди ва топ-4 билан фарқни тўрт очкога қисқартирди.

Фернандеш «МЮ»ни жонлантирди

«Фулҳэм» — «Манчестер Юнайтед» 0:1
Гол: 
Фернандеш (90+1). 
«Фулҳэм» – Лено, Кастань, Рим, Басси, Робинсон, Уилсон (Кэрни, 90), Перейра (Декордова-Рид, 81), Палиня, Виллиан (Лукич, 76), Ивоби (Хименес, 90), Родриго Муниз (Винисиус, 76).
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Уан-Биссака, Эванс, Магуайр, Далот, Эриксен (Маунт, 79), Фернандеш, Мактоминей, Антони (Пеллистри, 63), Гарначо (Варан, 90+3), Ҳойлунд (Марсиял, 79).
Огоҳлантиришлар: Робинсон (31), Перейра (66), Палиня (66), Гарначо (67), Ивоби (82), Уилсон (85).

Жамоалар ўйин суръатини оширишга улгурмасидан танаффус қилишга тўғри келди. Гап «МЮ»нинг голи бекор қилинганида, вазият бир неча дақиқа давомида ўрганиб чиқилгач VAR хонасидагилар масъулиятни зиммасига олишни истамади, бош ҳакам эса мониторга йўл олди. Якунда ҳакам Эриксен жарима зарбасини ижро этганида офсайд ҳолатида бўлган Магуайр тўп учун курашиши тўғри ҳолатда бўлган ва Мактоминайга голли узатма берган Гарначога устунлик тақдим этган деб топди.

Биринчи бўлимда бошқа диққатга сазовор вазиятлар бўлмади. Танаффусдан кейин ҳам хавфли вазиятни 61-дақиқагача кутишга тўғри келди, Онана Уилсоннинг хавфли зарбасини қайтарди. Нигериялик посбон кейин яна бир неча бор қутқарди, ўйин голсиз дуранг билан якунланиши муқаррардек кўринаётган паллада, Пеллистрининг жонбозлигидан кейин Бруну Фернандеш йўллаган зарба «МЮ»га уч очко тақдим этди. «Ман Сити» ва «Нюкасл»дан (Лига кубои) учралган йирик мағлубиятлардан кейин Эрик тен Ҳаг жамоаси енгил тин олиши мумкин. Чемпионлар лигасида «Копенҳаген»га қарши кечадиган муҳим ўйин олдидан.

«Манчестер Сити» — «Борнмут» 6:1
Голлар: 
Доку (30), Силва (33, 84), Аканжи (37), Фоден (64), Аке (89) — Синистерра (74). 
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Уокер, Стоунз (Люис, 71), Аке, Аканжи, Ковачич, Силва (Бобб, 85), Родри (Филлипс, 71), Ҳоланд (Фоден, 46), Альварес (Нунеш, 71), Доку.
«Борнмут» – Раду, Ааронс, Келли, Мифем (Сенеси, 46), Забарний, Керкез, Кристи, Таверне (Синистерра, 72), Биллинг (Семено, 71), Скотт (Ротуэлл, 44), Соланке (Клюйверт, 85).
Огоҳлантириш: Биллинг (32).

«МЮ»нинг шанба кунги ўйини катта қийинчилик билан ўтган бўлса, шаҳарнинг бошқа бир жамоаси истаганини қилди. «Борнмут»га қарши бу ўйинда ҳам «шаҳарликлар»нинг жуда осон ғалабаси қайд этилди - ушбу жамоалар жами 14 ўйин ўтказган ва 14 ўйинда ҳам манчестерликлар ғалаба қозонган, тўплар нисбати - 46:8, охирги икки ўйинда 4:0 ва 4:1 ҳисоблари қайд этилган. Бу сафар эса ушбу қарама-қаршиликдаги энг йирик ҳисоб қайд этилди, бунгача энг йирик ҳисоб жамоаларнинг 2015 йилдаги илк ўйинида кузатилган - 5:1. Бундан ташқари, тўрт учрашув 4:0 ҳисобида якунланган.

Бу сафарги ўйинда Ҳоланднинг гол ёки голли пасига ҳам ҳожат қолмади. Қолаверса, норвегиялик ҳужумчи биринчи бўлим охирида жароҳат олди ва Хосеп Гвардиола ўз тўпурарини захирага олди. Шу куни скрипкачи ролини Доку ижро этди. Белгиялик футболчи аввалига ҳисобни очди, кейин эса тўртта голли узатмани амалга оширди, унинг ёшида (21 ёшу 161 кун) АПЛда ҳали ҳеч ким бундай натижа қайд эта олмаган. Кечанинг яна бир қаҳрамони Бернарду Силва бўлди. Португалиялик футболчи иккинчи голини урганидан кейин олқишлар остида алмаштирилди. Бу натижадан кейин «Сити»нинг уй ўйинларидаги ғалабали серияси 22 та ўйинга етди. «Шаҳарликлар» «Сандерленд»нинг 1890-1892 йиллар оралиғида ўрнатган Англия рекордини такрорлашига иккита ўйин қолди.

Испания: «Барса»да қийин ғалаба, «Жирона» яна биринчи

Осасуна — Жирона 2:4
Голлар:
 Будимир (25, 55) — Мартин (16), Довбик (71), Циганков (80), Гарсия (90).
Осасуна – Эррера, Аресо, Давид Гарсия, Катена, Мохика, Пеня (Барха, 83), Мойсес Гомес (Ибанес, 75), Торро (Монкайола, 90), Орос (Раул Гарсия, 83), Чими Авила (Рубен Гарсия, 75), Будимир.
Жирона – Гассанига, Ян Коуто (Циганков, 70), Блинд, Эрик Гарсия, Мартинес, Мигель Гутиеррес, Алеиш Гарсия, Эррера, Мартин (Порту, 85), Савио, Довбик (Стуани, 85).
Огоҳлантиришлар:  Чими Авила (40), Катена (41), Будимир (51), Мартинес (72), Эррера (85), Торро (87), Стуани (90+5).

Камида «Реал»нинг якшанба кунги ўйини якунланганига қадар «Жирона» турнир жадвали етакчиси бўлиб қолади. Памплонадаги ўйин каталонияликлар учун анча қийин бошланди, Мартиннинг голига мезбонлар Будимирнинг икки голи билан жавоб қайтаришди. 70-дақиқада ҳам «Осасуна» ҳисобда олдинда бораётганди, аммо қолган вақт ичида Мичел Санчес жамоаси уч гол уришга эришди. Мураббий алмаштиришларда топқирлик қилди, Циганков ғалаба голи муаллифи бўлди, Порту эса тўртинчи голга ассистентлик қилди. Ўйиннинг асосий қаҳрамони эса яна бир украиналик футболчи Артём Довбик бўлди, у 1 гол ва 2 голли пас билан мавсумдаги натижаларини 6+4 кўринишига келтирди. У чемпионатда самарадорлик бўйича фақат Жуд Беллингҳэмдан (10+2) ортда бормоқда.

Сентябр ойида «Реал»дан учралган 0:3 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин «Жирона» барча турнирлардаги натижалар қўшиб ҳисобланганда беш ғалабадан иборат серия қайд этди. 12 турда жамоа ўн ғалабага эришган, агар «Барселона» ва «Реал» ҳисобга олинмаса, ла лигада бундай стартни аввал фақат икки жамоа қайд этган. «Бетис» 1934 йилда ва «Атлетико» — 2012 ҳамда 2013 йилларда. Иккинчи ҳолатда «матрасчилар» 11 учрашувда ғолиб бўлишганди.

«Реал Сосиедад» — «Барселона» 0:1
Гол: 
Араухо (90+3). 
«Реал Сосиедад» – Ремиро, Траоре (Элустондо, 63), Ле Норман, Субелдия, Мунос, Мендес, Мерино, Субименди, Кубо, Ойарсабал (Фернандес, 83), Барренечеа (Чо, 79).
«Барселона» – тер Стеген, Канселу (Рафиня, 69), Мартинес, Кунде, Араухо, Балде, Гундўған, Гави, Фермин (Ферран Торрес, 57), Фелиш (Ямал, 69), Левандовски (Педри, 57).
Огоҳлантиришлар: Фелиш (49), Мендес (49), Мартинес (60), Субелдия (74), Субименди (85), Гави (86). 

Сан-Себастиянда ўйнаш барчага, шу жумладан «Барселона»га ҳам қийин. Агар тер Штеген бўлмаганида, кўк-анорранглилар илк дақиқадаёқ гол ўтказиб юбориши мумкин эди. Кейинги ҳужумда эса Кунде тўпни Ойярсабалга совға қилди. Уч дақиқалик босим бурчакдан тўп ўйналиши ва Меринонинг зарбаси дарвоза устунидан бир неча сантиметр наридан ўтиб кетиши билан якунланди.

Басклар жамоаси устози Иманол Алгуасил Хави учун бу мавсумдаги энг қийин дақиқаларни тақдим этди. Қачонлардир Ла Масияда бўлган япониялик Кубо эса каталониялик барча юлдузларни соясида қолдирди. 20 дақиқа давомида меҳмонлар рақиб жарима майдонига кира олишмади. Аммо «Барса» бутун ўйин давомида ожиз аҳволда қолмаслиги тайин эди ва 20-дақиқага келиб Ремиро дарвозаси яқинида илк хавфли вазият юзага келди. Фақат Гави рақибни нозик ҳаракат билан ортда қолдирганидан кейин тўпни шерикларига етказиб бера олмади.

Умуман олганда, бу голгача бўладиган классик ўйин эди, ўйин давомида икки жамоа ҳам арбитрдан пеналти сўрашди, «Реал Сосиедад» ҳимоячилари ҳамда тер Штеген таблода ноллар сақланиб қолиши учун барча ишни қилишди. Иккинчи бўлимда эсда қоларли вазиятлардан бири август ойидан буён жароҳатини даволаш билан машғуо бўлган Педрининг майдонга тушиши бўлди.

У жамоа учун нақадар муҳимлигини сўнгги дақиқалар кўрсатиб берди, ушбу ҳавбек Гави учун яққол голли вазият яратиб берди. Гавининг зарбасини Ремиро тўсди, аммо бу ҳал қилувчи палла эмасди. Қўшимча дақиқаларда Араухонинг голини аввалига ҳисоблашмади. Футболчининг ўзи ҳам офсайд ҳолатида қолганига розидек эди, аммо VAR Каталония пойтахтига байрам туҳфа этди. Басклар эса топ-рақибларга қарши аъло даражадаги футбол намойиш этишига қарамасдан, «Реал» ва «Атлетико» ортидан «Барса»га ҳам ютқазди.

Италия: «Наполи» Осимҳенсиз ҳам яхши ўйнамоқда

«Салернитана» — «Наполи» 0:2
Голлар: 
Распадори (13), Элмаз (82).
«Салернитана» – Очоа, Маццокки (Бутҳейм, 81), Фасио (Данилюк, 69), Пирола, Брадарич, Кандрева (Кастанос, 77), Кулибали, Ленговски (Бохинен, 69), Тшауна, Диа, Иквуемеси (Стюарт, 69).
«Наполи» – Мерет, Ди Лоренцо, Рраҳмани, Эстигор, Оливера, Лоботка, Зелински (Каюсте, 86), Замбо-Ангисса, Политано (Линдстрем, 77), Кварацхелия (Элмаз, 69), Распадори (Симеоне, 68).
Огоҳлантиришлар: Маццокки (68), Ди Лоренцо (88).

«Наполи» ҳозирча жароҳат туфайли сафдан чиққан Осимҳенсиз ҳам уддаламоқда, ҳужум марказида ўйнаётган Распадори эса ўзига тақдим этилган имкониятдан идеал даражада фойдаланмоқда. Ўтган йили «Сассуоло»дан трансфер қилинган италиялик форвард жиддий рақобат шароитида ўзини кўрсатиши қийин бўлаётганди. Бир томондан, у Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида тўрт гол урганди. Бошқа томондан — А серияда ўтган мавсум ўйинларида атиги икки бор дарвозани ишғол этган. Аммо у бу натижани янги мавсум стартидаёқ янгилади ва Распадори фаолиятида илк бор қаторасига уч ўйинда гол урди. «Салернитана» билан ўйинда ҳам у керакли вазиятда керакли жойда очилди ва узоқ бурчакни аниқ нишонга олди, ўйин охирида эса Лоботканинг саъй-ҳаракатлари билан ҳисобдаги устунлик мустаҳкамланди.

«Аталанта» — «Интер» 1:2
Голлар
: Скамакка (61) — Чалхонўғли (40, пеналти), Мартинес (57).
«Аталанта» – Муссо, Дзаппакоста (Ҳатебур, 55), Жимшити, Колашинац (Пашалич, 55), Скалвини (Толои, 62), Ружери, де Рон, Эдерсон, Копмейнерс (Муриэль, 80), Лукман (де Кетеларе, 80), Скамакка.
«Интер» – Зоммер, Думфрис, де Врей, Ачерби, Павар (Дармиан, 33), Димарко (Карлос Аугусто, 70), Мхитарян (Фраттези, 70), Чалхонўғли (Аслани, 86), Барелла, Тюрам, Мартинес (Санчес, 86).
Огоҳлантиришлар: де Рон (26), Колашинац (35), Толои (85), Думфрис (89).
Четлатиш: Толои (90+2).

«Интер» учун Бергамодаги ўйин Паварнинг жароҳати билан бошланди, у иккинчи қаватдаги курашдан кейин шикастланди. Унинг ўрнига туширилган Дармиан эса ўйинга шу қадар фаоллик билан киришиб кетдики, арбитр унинг «Аталанта» дарвозабони Муссо билан тўқнашувидан кейин 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Иккинчи бўлим ҳам майдон эгалари учун ёқимсиз ҳолатлар билан бошланди. Лаутаро Мартинеснинг бир голи офсайд туфайли инобатга олинмади, аммо бошқа бир эпизодда аргентиналик ҳужумчи тўпни узоқ бурчакка аниқ йўллади. «Интер» икки гол устунлигига эришгандан кейин бироз бўшашди, аммо Скамакканинг жавоб голидан кейин «нерадзуррилар» мудофаага эътибор билан қарашга мажбур бўлишди. Павар эса ўйин якунланганидан кейин жамоадошлари билан меҳмон фанатлар жойлашган секторга келди ва бу орқали жиддий жароҳатдан қутулиб қолганини намойиш этди.

«Милан» — «Удинезе» 0:1
Гол:
 Перейра (62, пеналти).
«Милан» – Менян, Калабрия, Томори, Тиав, Флоренци, Муса (Ромеро, 82), Крунич (Адли, 46), Рейндерс (Лофтус-Чик, 67), Жиру, Йович (Окафор, 46), Леау.
«Удинезе» – Силвестри, Эбоселе (Феррейра, 84), Кабаселе, Бийол, Перес, Земура (Камара, 84), Уолас, Пайеро (Ловрич, 72), Самаржич (Товен, 78), Перейра, Саксесс (Лукка, 84).
Огоҳлантиришлар: Крунич (18), Перес (54), Кабаселе (55).

Италияда кун сенсация билан якунланди, «Милан» учинчи ўринни ўзида сақлаб қолган бўлса-да, пеналтидан гол ўтказиб «Удинезе»га ўз уйида ютқазди. Стефано Пиоли жамоаси учун бу «Сан-Сиро»да гол урмасдан қаторасига иккинчи бор мағлуб бўлиши, бунақаси «росснонерилар»да 2012 йилдан буён кузатилмаган. Жамоа сўнгги беш учрашувда атиги бир ғалабага эришди, аммо захира очколари турнир жадвалининг юқори қисмида қолишни таъминламоқда.

Германия: «Байер»нинг рекорд билан якунланган триллери

«Ҳоффенҳайм» — «Байер» 2:3
Голлар:
 Штах (56), Вегҳорст (58) — Вирц (8), Грималдо (45+1, 70).
«Ҳоффенҳайм» – Бауманн, Фогт, Акпогума, Кабак, Премел, Бекер (Крамарич, 78), Штаҳ, Сков (Бебу, 79), Бюлтер, Вегҳорст, Байер.
«Байер» – Градецки, Фримпонг, Та, Тапсоба, Коссуну (Станишич, 46), Грималдо, Жака, Ҳофманн (Андрих, 80), Паласиос, Виртц, Бонифасе.

«Майнц» — «Лейпциг» 2:0
Голлар: 
Ли Жэ Сон (76), Баррейро (82). 
«Майнц» – Центнер, Ляйтш, ван дер Берг, Гилавоги (да Кошта, 16), Каси, Фернандеш, Кор (Краус, 68), Ли Жэ Сон, Баррейро, Рихтер (Баркок, 68), Онисиво.
«Лейпциг» – Бласвиҳ, Ҳенрикс, Клостерманн, Лукеба, Симакан, Раум, Форсберг, Айдара, Кампл, Шлагер, Баумгартнер (Вернер, 67), Симонс, Поулсен, Опенда (Шешко, 67).

Турнинг асосий учрашувидан олдин «Бавария» ва «Боруссия»нинг рақиблари ўз учрашувларини ўтказишди. «Лейпциг» Майнцдаги ўйин охирида ўтказиб юборилган голлар туфайли мағлуб бўлган бўлса, «Байер» ва «Ҳоффенҳайм» тўқнашуви мухлисларга ҳақиқий триллер намойиш этиб берди. Чемпионат пешқадами ҳисобни осонлик билан очди, Бонифас ва Вирц уюштирган комбинация гол билан якунланди. Грималдо биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда леверкузенликларнинг устунлигини оширганида бу мезбонлар учун нокаутдек кўринганди.

Аммо иккинчи бўлимда икки дақиқа ичида барчаси ўзгариб кетди ва «Байер» йўқ жойдан ўзига муаммо яратди. Аниқроғи Градецки аввалига сўнгги ҳимоячи ролига киришиб, жарима майдони ташқарисига чиқиб тўп узатишда хатога йўл қўйди ва у бўш қолдирган дарвоза узоқ масофадан аниқ нишонга олинди. Кейинги вазиятда эса устундан қайтган тўпни Вегҳорст деярли бўш қолган дарвозага жойлаб қўйди. Лекин бу голлардан кейин меҳмонлар ўзини йўқотиб қўймади ва ўзига ишончни тиклай олди. 70-дақиқада Бонифас майдон ташқарисига чиқиб кетаётган тўпни тўхтатиб қолиб, ҳужумни давом эттирди, Грималдо эса чап оёғида йўллаган зарбаси билан юқори бурчакни аниқ нишонга олди. Испаниялик футболчи клубнинг ўн ғалабадан иборат серия билан ўз рекордини ўрнатишини таъминлади.

«Боруссия» Дортмунд — «Бавария» 0:4
Голлар
: Упамекано (4), Кейн (9, 72, 90+3).
«Боруссия» Д – Кобел, Ҳуммелс, Шлоттербек, Рюэрсон, Ройс, Забитцер, Брандт (Мукоко, 66), Ўзжан (Нмеча, 57), Волф (Зюле, 46), Мален (Адейеми, 57), Фюллкруг (Аллер, 79).
«Бавария» – Нойер, Мазравий, Упамекано (Павлович, 60), Ким Мин Жэ, Дэвис, Горетцка, Лаймер, Коман, Сане (Мюллер, 89), Мусиала (Шупо-Мотинг, 89), Кейн.
Огоҳлантиришлар: Сане (22), Ҳуммелс (61), Рюэрсон (74), Забитцер (76), Лаймер (85).

«Бавария» ҳафта ўртасида Германия кубогида учинчи дивизион вакилига шармандаларча ютқазганди. Дортмундлик мухлислар чемпионнинг навбатдаги муваффақиятсизлигига гувоҳ бўлишни истарди, аммо шанба куни «Сигнал Идуна Парк»ка меҳмонлар яраланган шер каби келишди. «Боруссия» эса рақибнинг кайфиятидан бехабар ҳолда очиқ футбол таклиф этди.

Бурчак зарбаси ижро этилганида Упамекано тезкор гол урди. Бир неча дақиқа ўтиб — намунали қарши ҳужумда яна бир гол ўтказилди. Уни товони орқали пас бериш билан бошлаган Сане «асаларилар»нинг прессингини барбод қилди ва ҳужум якунида дарвозанинг бўш бурчаги қаршисига чиқарилган Кейн ҳисобдаги фарқни оширди. Горецка қайчи услубидаги зарбаси билан ҳисобни биринчи бўлимдаёқ йирик кўринишга келтириб қўйиши мумкин эди. «Боруссия»да эса биринчи бўлимда фақат биргина имконият бўлди, Томас Тухел эса ҳатто шундай устунлик кузатилган ўйинда ҳам арбитр билан баҳслашиб огоҳлантириш олишга улгурди. Балки у иккинчи бўлим ўта қийин кечишини сезгандир?

Эдин Терзичнинг танаффусдаги ўзгартиришларидан кейин ўйин чиндан ҳам ўзгарди. Кардинал даражада бўлмаса ҳам, дортмундликлар рақиб дарвозаси томон хавф сола бошлашди, агар Нойернинг маҳорати бўлмаганида, Ройс «қора-сариқ» формадаги 400-ўйинида гол уриши керак эди. Аммо Кейн Германиядаги учинчи ҳет-тригини нишонлаб, интригани ўлдирди ва бундеслиганинг легионерларга тегишли бўлган қадимий рекордларидан бирини янгилади. 60 йил муқаддам «Шалке» форварди Клаус Матишак ҳам ушбу чемпионатда уч бор учтадан гол урганди, аммо бундай тезликда — дебютидан кейинги 10 ўйинда 15 гол уришга ҳеч ким муваффақ бўлмаган. Ҳозирги «Боруссия» — баҳорда ҳам соврин учун курашадиган жамоа эмас. Бу мавсумда «Бавария»га леверкузенликлар асосий рақиб бўлади.

Кун статистикаси

  • «Вест Ҳэм» яримҳимоячиси Боуэн АПЛ тарихида мавсум бошидан буён олтита сафар ўйинида гол урган илк футболчи бўлди.
  • «Бёрнли» уй учрашувларида қаторасига олти бор мағлуб бўлди. Англия футболида юқори лигада ҳали ҳеч бир жамоада бундай ёмон старт кузатилмаганди.
  • «Брайтон» АПЛда 15 ўйиндирки дарвозаси дахлсизлигини сақлай олмаяпти. Бу «чайкалар»нинг 1996 йилдан буён энг ёмон натижаси, ўтган аср охирида жамоа қаторасига 17 тур ўйинида гол ўтказганди.
  • «Боруссия» ҳимоячиси Ҳуммелс немис классикасида 28-ўйинини ўтказди ва Михаэл Цоркнинг рекордини такрорлади.
  •  
Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар