03.11.2023 21:25
5122
Теглар
Чемпионлик масаласи Тошкентда ҳал бўлади. «Пахтакор», «Насаф» ва «Навбаҳор»ни мавсум якунигача қандай ўйинлар кутмоқда?

Суперлига 24-тури доирасида мавсумнинг марказий ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга ўйинида «Пахтакор» ва «Насаф» муроса кўчасини танлади. Бу эса чемпионлик масаласини кейинги турларга қолдирди. Олтин медаллар учун энг яқин турган «Пахтакор» бўлса, «Насаф» ва «Навбаҳор» ҳам имкониятни сақлаб қолган. «Нефтчи» эса курашдан чиқди. Қолган икки турда чемпионлик тақдири Тошкентда ҳал қилинади. «Сурхон» ва «Бунёдкор» чемпион бўла олмаса ҳам, чемпионлик тақдирига таъсир қилиши мумкин.

1. «Пахтакор» – 50 очко

«Пахтакор» «Насаф» билан «6 ўйинлик баҳс»да ўзига керакли 1 очкони қўлга киритиш билан бирга рақибни 2 очкодан маҳрум этди. Бу орқали Максим Шацких шогирдлари совринни бугун боши узра кўтармай, кейинги тургача кечиктирди, дейиш мумкин. Сабаби «Пахтакор» навбатдаги икки ўйинни ҳам ўз майдонида ўтказади. Биласиз, «Сурхон» уй ўйинларини «Пахтакор»да қабул қилмоқда ва 24 ноябр куни амалдаги чемпион ўз майдонида расмий меҳмонга айланади. Бу баҳсда Термиз клуби сенсация кўрсата олса, декабр бошида чемпионлик масаласи ўтган йилгидек «Бунёдкор»га қарши баҳсда ҳал бўлиши мумкин. Энг тиғиз паллада жамоа аъзоларини ОЧЛ баҳслари ва ФИФА кунлари ҳам кутаётганини ҳам унутмаслик лозим.

Сўнгги ўйинлар:

25-тур. «Сурхон» – «Пахтакор» (24 ноябр)

26-тур. «Пахтакор» – «Бунёдкор» (2 декабр)

ОЧЛдаги ўйинлари:

4-тур. «Ахал» – «Пахтакор» (7 ноябр)

5-тур. «Ал-Айн» – «Пахтакор» (28 ноябр)

6-тур. «Пахтакор» – «Ал-Файҳа» (5 декабр).

2. «Насаф» – 46 очко

Рўзиқул Бердиев шогирдлари сўнгги ойда жуда зич тақвимга қарамай, «Нефтчи»ни Қаршида мағлуб этди, уч кун аввал «Навбаҳор» Наманганда таслим этилди. «Пахтакор»га қарши ўйинда биринчи бўлимдаги устунлик эвазига ҳисобни очган қаршиликлар, иккинчи бўлимда фақатгина жисмоний ҳолат сабабли майдонда иккинчи рақам остида тўп суриб, ғалабани қўлдан чиқаришди. Энди «Насаф» келаси икки турда «Сўғдиёна»ни қабул қилиб, ОКМК майдонига сафар қилади. Энди «Насаф» «Сўғдиёна» ва ОКМКни мағлуб этиш билан бирга, энг аввало «Пахтакор»нинг сўнгги икки ўйинида воҳадоши «Сурхон»дан ва ўтган йилгидек «Бунёдкор»дан умид қилишига тўғри келади. Акс ҳолда сўнгги тур расмиятчилик учун ўтиши мумкин.

Сўнгги ўйинлар:

25-тур. «Насаф» – «Сўғдиёна» (24 ноябр)

26-тур. ОКМК – «Насаф» (2 декабр)

Ўзбекистон кубоги. Финал (12 ноябр).

«Насаф» - ОКМК

ОЧЛдаги ўйинлари:

4-тур. «Насаф» – «Шаржа» (6 ноябр)

5-тур. «Насаф» – «Ал-Файсали» (27 ноябр)

6-тур. «Ас-Садд» – «Насаф» (4 декабр).

3. «Навбаҳор» – 43 очко

Самвел Бабаян шогирдлари сўнгги турда «Насаф»га ютқазиб, чемпионликдан умидни деярли узганди. Аммо пешқадамлар бугун очко йўқотгач, Наманган клуби математик жиҳатдан яна 1-ўрин учун имкониятга эга бўлиб турибди. Наманганликларнинг чемпионатдаги тақвими ҳам рақобатчиларидан кўра оғирроқ – «Нефтчи» Наманганда меҳмон бўлади, сафардаги икки ўйин эса Тошкентда – «Бунёдкор» ва «Олимпик»га қарши ўтади. Бу орада жамоа ОЧЛда «Нассажи Мозандарон»га қарши Эронда тўп суради, ноябр охирида эса «Нефтчи» билан муҳим баҳсдан аввал «Ал-Ҳилол»ни Наманганда қабул қилади. Самвел Бабаян жамоаси қийин тақвимдан йўқотишларсиз ўта олган тақдирда ҳам «Пахтакор» ва «Насаф»нинг сўнгги икки турдаям очко йўқотишини кутишга мажбур. Акс ҳолда ўтган йилгидек фақат кумуш медали учун кураш кечади.

Сўнгги ўйинлар:

24-тур. «Навбаҳор» – «Бунёдкор» (11 ноябр)

25-тур. «Олимпик» – «Навбаҳор» (24 ноябр)

26-тур. «Навбаҳор» – «Нефтчи» (2 декабр)

ОЧЛдаги ўйинлари:

4-тур. «Нассажи Мозандарон» – «Навбаҳор» (6 ноябр)

5-тур. «Навбаҳор» – «Ал-Ҳилол» (28 ноябр)

6-тур. «Мумбай Сити» – «Навбаҳор» (4 декабр).

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар