18.10.2023 16:46
9289
Теглар
Чемпионлик 22 йил ўтиб, пойтахтдан ташқарига чиқадими? Бош совринга қайси жамоа асосий даъвогарлиги ҳақида

ФИФА кунлари доирасида миллий жамоалар иштирокидаги ўйинлардан кейин ушбу ҳафтадан асосий эътибор яна чемпионат баҳсларига қаратилади. Пешқадам «Пахтакор»нинг кетма-кет сўнгги 3 ўйинда очко йўқотишидан кейин Суперлигада интрига яна жонланди. Турнир якунига 5 тур қолганда амалдаги чемпион билан фарқ бор йўғи 3 очкони ташкил этмоқда. Чемпионлик учун курашаётган топ-4ликдаги жамоаларнинг тақвимига назар ташлаб, қайси клуб бош совринни пойтахтдан ташқарига олиб чиқишга асосий даъвогар эканини таҳлил қилдик. 

1. «Пахтакор» – 43 очко

Максим Шацких мураббийлигидаги «Пахтакор»нинг кетма-кет сўнгги 5 ўйинида, Суперлигада эса охирги 3 ўйинда ғалаба қозона олмаётганига қарамай, ҳамон пешқадамлик қилаётгани кўпроқ рақобатчиларнинг кутилмаганда очко йўқотиши билан боғлиқ. Тошкент клуби мавсумнинг иккинчи қисмидаги жами 12 ўйиндан бор йўғи 3тасида ғалаба қозона олди, 6 ўйинда мағлубиятга учради, 3 ўйинда эса дуранг қайд этди. Бу эса амалдаги чемпион жамоада муаммолар борлигини кўрсатиб турибди.

Ҳа, Шацких таркиб бўйича ҳам муаммоларга дуч келди – аксарият ўйинчилар терма жамоаларга чақирилгани учун ёрдам бера олмади, муҳим паллада жамоа етакчиси Драган Черан жароҳат олди. Шунга қарамай, «Пахтакор»ни икки фронтда қийин тақвим кутмоқда: ОЧЛдаги кетма-кет икки мағлубиятдан кейин навбатдаги турларда ғалабадан бошқа натижа қониқтирмайди, Суперлигада эса 5 ўйиннинг 4тасини Тошкентда ўтказса-да, «Насаф» ва «Бунёдкор» билан баҳслар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Энг тиғиз паллада эса жамоа аъзоларини ФИФА кунлари кутаётганини ҳам унутмаслик лозим.

Сўнгги 5 турдаги ўйинлари:

22-тур. «Пахтакор» – «Турон» (20 октябр)

23-тур. «Бухоро» – «Пахтакор» (29 октябр)

24-тур. «Пахтакор» – «Насаф» (3 ноябр)

25-тур. «Сурхон» – «Пахтакор» (24 ноябр)

26-тур. «Пахтакор» – «Бунёдкор» (2 декабр)

ОЧЛдаги ўйинлари:

3-тур. «Пахтакор» – «Ахал» (24 октябр)

4-тур. «Ахал» – «Пахтакор» (7 ноябр)

5-тур. «Ал-Айн» – «Пахтакор» (28 ноябр)

6-тур. «Пахтакор» – «Файҳа» (5 декабр).

2. «Навбаҳор» – 40 очко

«Навбаҳор» Андижондаги ўйинда кутилмаган мағлубиятни қабул қилиб олганидан сўнг, Суперлига ва ОЧЛда ҳеч кимни аяб ўтирмади - «Турон», «Бухоро» ва «Мумбай Сити» йирик ҳисобларда мағлуб этилди. Аммо Самвел Бабаян шогирдларини олдинда қийин тақвим кутиб турибди. Сабаби «лочинлар» «Пахтакор»дан фарқли ўлароқ уч фронт – Суперлига, Ўзбекистон кубоги ва ОЧЛда курашмоқда. Наманганликларнинг чемпионатдаги тақвими ҳам рақобатчиларидан кўра оғирроқ – «Насаф» ва «Нефтчи» Наманганда меҳмон бўлади, сафардаги учта ўйин эса Тошкентда – «Сурхон», «Бунёдкор» ва «Олимпик»га қарши ўтади. Бу орада жамоа кубок яримфиналида Олмалиқда меҳмон бўлса, ОЧЛда «Нассажи Мозандарон»га қарши водий ва Эронда тўп суради, ноябр охирида эса «Нефтчи» билан муҳим баҳсдан аввал «Ал-Ҳилол»ни Наманганда қабул қилади. Самвел Бабаян жамоаси октябр ва ноябр ойидаги ушбу зич ва қийин тақвимдан йўқотишларсиз ўта олса, марра уларники бўлишига ишониш мумкин.

Сўнгги 5 турдаги рақиблари:

23-тур. «Сурхон» – «Навбаҳор» (27 октябр)

22-тур. «Навбаҳор» – «Насаф» (30 октябр)

24-тур. «Навбаҳор» – «Бунёдкор» (2 ноябр)

25-тур. «Олимпик» – «Навбаҳор» (24 ноябр)

26-тур. «Навбаҳор» – «Нефтчи» (2 декабр)

Ўзбекистон кубоги

Яримфинал. ОКМК – «Навбаҳор» (19 октябр)

Финал (12 ноябр)

ОЧЛдаги ўйинлари:

3-тур. «Навбаҳор» – «Нассажи Мозандарон» (23 октябр)

4-тур. «Нассажи Мозандарон» – «Навбаҳор» (6 ноябр)

5-тур. «Навбаҳор» – «Ал-Ҳилол» (28 ноябр)

6-тур. «Мумбай Сити» – «Навбаҳор» (4 декабр).

3. «Насаф» – 39 очко

Рўзиқул Бердиев шогирдлари август ойида Ўзбекистон Суперкубогида «Пахтакор»ни мағлуб этгач, охирги 8 ўйиндан 7тасида зафар қучишга эришди. «Насаф» ОЧЛда кетма-кет ғалабаларни қўлга киритгани Қарши клубига Чемпионлар лигасидаги гуруҳда пешқадамлигини таъминламоқда. «Нефтчи» билан «6 очколик ўйин»да эса Фарғона клубини чемпионатдаги илк мағлубиятини тан олишга мажбур қила олгани Бердиев шогирдларини Суперлигада чемпионлик курашига қайтарди. Воҳаликлар ҳам уч фронтда курашаётгани ва Суперлигада тақвими анча қийинлиги сабабли жамоанинг чемпионлик учун имкониятини юқори баҳолаш қийин. Сабаби «Насаф» кубок яримфиналида бу мавсумда ҳали мағлуб бўлмаган ягона жамоа – «Динамо»га қарши саф тортса, сўнг ОЧЛ 3-тури доирасида «Шаржа» майдонига сафар қилади. Чемпионлик курашида эса қашқадарёликлар Наманганда «Навбаҳор» меҳмони бўлади, шунингдек «Пахтакор»га қарши Тошкентдаги баҳсда ҳам кўп нарсага ойдинлик киритилади. «Сўғдиёна»га қарши учрашув ва сўнгги турда ОКМК майдонидаги сафар ўйини «Насаф» учун қийин имтиҳон саналади. Бу ўйинлардан келиб чиқилса, воҳа клубининг чемпионликни илк марта Қаршига олиб келиши учун имкониятини юқори баҳолаш қийинроқдек кўринмоқда.

Сўнгги 5 турдаги рақиблари:

23-тур. «Насаф» – «Металлург» (27 октябр)

22-тур. «Навбаҳор» – «Насаф» (30 октябр)

24-тур. «Пахтакор» – «Насаф» (3 ноябр)

25-тур. «Насаф» – «Сўғдиёна» (24 ноябр)

26-тур. ОКМК – «Насаф» (2 декабр) 

Ўзбекистон кубоги

Яримфинал. «Насаф» – «Динамо» (19 октябр)

Финал (12 ноябр)

ОЧЛдаги ўйинлари:

3-тур. «Шаржа» – «Насаф» (23 октябр)

4-тур. «Насаф» – «Шаржа» (6 ноябр)

5-тур. «Насаф» – «Ал-Файсали» (27 ноябр)

6-тур. «Ас-Садд» – «Насаф» (4 декабр).

4. «Нефтчи» – 37 очко

Турнир жадвалига назар ташлаганда, 4-ўриндаги «Нефтчи»нинг чемпионлик учун имконияти рақобатчиларига нисбатан пастроқ кўринади. Аслида эса Виталий Левченко мураббийлигидаги жамоанинг чемпионлик учун имконияти рақобатчиларидан асло кам эмас. Аксинча, фарғоналиклар топ-4ликдаги рақибларидан фарқли ўлароқ, уч фронтда эмас, фақат Суперлига учун курашаётганини инобатга олсак, айнан «Нефтчи» 22 йил ўтиб, чемпионликни Тошкентда ташқарига олиб чиқиш учун асосий даъвогардек гавдаланмоқда. «Нефтчи»даги яна бир устунлик захира ўйинидир – вилоятдоши «Турон»га қарши ноябрдаги ўйингача Яйпан клуби Суперлигани расман тарк этиши ва Левченко шогирдлари учун бу 3 очко «совға»дек олиниши мумкин. Тожикистонлик мутахассис қўл остидаги водийликлар қолган 6 ўйиндан 3тасида ўз майдонида «Сурхон», «Олимпик» ва «Қизилқум»ни қабул қилади, сафарда эса «Бунёдкор» ва «Навбаҳор»га қарши ўйинлар муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Левченко рақобатчилари – Шацких, Бабаян ва Бердиевдан фарқли ўлароқ Осиё Чемпионлар лигаси, Ўзбекистон кубоги ҳақида бош қотирмай, бор эътиборини Суперлигага қаратади. Мавсумнинг энг тиғиз ва муҳим палласидаги ушбу жиҳат «Нефтчи»нинг энг катта устунлигидир. Яна бир тарафи ФИФА кунларида Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 саралаши доирасида 16 ноябрда Туркманистонга сафар қилади, 21 ноябрда эса Эронга қарши саф тортади. Бу йиғинда Сречко Катанец «Пахтакор», «Навбаҳор» ва «Насаф» ўйинчиларини миллий жамоага чақиради ва уларнинг клубга қандай ҳолатда етиб келиши сўроқ остида. «Нефтчи» эса сўнгги турлар арафасидаги энг муҳим паллада таркибини фақат ва фақат Суперлига учун тайёрлайди. Бу ҳам Левченко учун яна бир устунлик беради. Шундай экан, 22 йиллик танаффусдан сўнг чемпионлик соврини пойтахтдан ташқарига чиққан тақдирда, Наманган ёки Қаршига олиб кетилишидан кўра, Фарғона томон йўл олиши яқинроқдек кўринмоқда.

Сўнгги 5 турдаги рақиблари:

22-тур. «Нефтчи» – «Сурхон» (22 октябр)

23-тур. «Бунёдкор» – «Нефтчи» (28 октябр)

24-тур. «Нефтчи» – «Олимпик» (3 ноябр)

19-тур «Турон» – «Нефтчи» (9 ноябр)

25-тур. «Нефтчи» – «Қизилқум» (24 ноябр)

26-тур. «Навбаҳор» – «Нефтчи» (2 декабр).

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар