Хитой ва Ўзбекистон миллий жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйинидан аввал Сречко Катанец ва Отабек Шукуров матбуот анжуманида қатнашди.
- Жамоа ўйинга тайёр. Барча футболчиларимиз шай ҳолатда. Жароҳат ёки бош муаммолар йўқ.
Биз учун энг муҳими футболчиларимизнинг жароҳат олмаслигидир. Майдонга чиқдим, бундай майдон жуда хавфли ҳисобланади. Бу оддий ўртоқлик учрашуви, натижа ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Шу сабаб ҳам биз бошқача услубда ўйнашимиз мумкин. Кўп футболчиларга имкон бериш, ҳар хил тактикаларни синаб кўриш эҳтимолимиз бор. Энг асосийси, футболчиларимизнинг кейинги муҳим ўйинларга тайёрлаш.
- Хитойга қарши ўтказилган 2019 йилги учрашув ҳақида...
- Бу ўйин ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасман, ҳатто у даврда жамоани ким бошқарганидан ҳам хабарим йўқ, бу умуман аҳамиятсиз нарса. Энг асосийси, бугунги тайёргарлигимиз. Хитой миллий жамоаси ҳақида ҳам ҳеч нарса дея олмайман. Энг муҳими саралаш ўйинларига яхши кайфиятда этиб келишимиз керак.
- 2026 йилги жаҳон чемпионатига йўлланмаларнинг оширилгани Ўзбекистон миллий жамоасига ҳам фойдага ишлайдими?
- Албатта, барча миллий жамоа учун ҳам кўпроқ имконият беради. Бироқ, саралаш босқичи қандай ўтишини олдиндан айтиб бўлмайди. Кимгадир осон, кимгадир қийин бўлиши мумкин. Буни вақт кўрсатади. Лекин, таъкидлаганимдек, барча миллий жамоаларнинг имкониятлари юқорироқ бўлади.
- Жамоа сардори Элдор Шомуродов нега Хитойга олиб келинмади?
- Элдорга шунчаки дам беришга қарор қилдим. Бошқа ҳеч қандай сабаб йўқ, - дейди Сречко Катанец.
Отабек Шукуров:
- Ўйинга тайёрмиз. Тўғри, бу ўртоқлик ўйин, аммо бу биз учун жуда муҳим ўйин. Миллий жамоанинг ҳар бир ўйини муҳим ҳисобланади. Мухлисларимиз биздан фақат ғалаба кутишади. Футболчиларда ҳам кайфият аъло, ўйинга тайёрмиз, - дейди Шукуров.
Маълумот учун, Далян шаҳридаги ўйин бугун, соат 16:35да бошланади.