Про лига 21-тури доирасида «Динамо» Самарқандда «Ғиждувон»ни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, бир йиллик танаффусдан кейин расман Суперлигага қайтди.
Вадим Абрамов шогирдлари бир йиллик мағлубиятсиз сериясини давом эттириб, «Ғиждувон» устидан ғалабага эришди.
Шу тариқа, «Динамо» 41 очко жамғариб, турнир якунига яна бир тур қолганда муддатдан аввал расман Суперлигага қайтди. Вадим Абрамов шогирдлари 19 октябр куни «Насаф»га қарши Ўзбекистон кубоги яримфиналида тўп суради. Финал йўлланмаси учун баҳс Қаршида ўтади.
Учрашувдан кейин Самарқанддаги стадион ва унинг ташқарисида байрамона муҳит ҳукмронлик қилди. Мухлислар томонидан стадион ичида ва ташқарисида мушакбозлик қилинди. Мухлислар ва футболчилар рақсга тушиб, хурсандчилик қилишди.
Кўҳна шаҳарда мавсумдаги сўнгги ўйиндан кейин вилоят раҳбарияти номидан Самарқанд вилоят ҳокимлиги ташкилий кадрлар гуруҳи раҳбари Бекзод Раҳматуллаев жамоани Суперлигага қайтгани билан табриклаб, 19 октябр куни Қаршидаги Ўзбекистон кубоги яримфинал баҳсида «Динамо»ни қўллаб-қувватлаш учун энг фаол мухлисларнинг бориб келишига автобуслар ажратилишини маълум қилди.