Италия миллий жамоасининг икки футболчиси ўйинларга пул тикканликда гумон қилинмоқда.
11 октябр куни «Ювентус» ва Италия миллий жамоаси яримҳимоячиси Николо Фажоли ноқонуний пул тикишда айбланиб, тергов остида эканлиги маълум бўлганди.
Хабар қилинишича, «Ньюкасл» яримҳимоячиси Сандро Тонали ва «Астон Вилла» вингери Николо Дзаньоло ҳам терговда. Полиция вакиллари бу футболчилар билан суҳбатлашди. Турин прокуратураси уларни иш материалларига қўшиб қўйди.
Италия футбол федерацияси (FIGS) Тонали ва Дзаньоло миллий жамоанинг Мальта ва Англияга қарши бўлажак ўйинларини ўтказиб юборишини, улар ўз клубларига қайтишини маълум қилди.
«12 октябр куни тушдан кейин Турин прокуратураси миллий жамоа билан машғулот ўтаётган футболчилар Сандро Тонали ва Николо Дзаньолога нисбатан тергов ишлари бўйича ҳужжатларни юборган.
Ушбу футболчилар яқин кунларда режалаштирилган мажбуриятларини бажариш учун мос ҳолатда эмаслигини ҳисобга олиб, федерация уларни ҳимоялаш учун ҳам ўз клубларига қайтишларига рухсат беришга қарор қилди», — дейилади FIGC баёнотида.
Маълум қилинишича, айби тасдиқланган Фажоли спорт кодексининг 24-моддасини бузгани учун камида 3 йиллик дисквалификация, шунингдек, 25 минг евро ва ундан ортиқ жаримага тортилиши мумкин.