Хитойдаги йиғин доирасида Ўзбекистон миллий жамоаси бугун, 13 октябр куни ўртоқлик учрашувида Виетнам устидан ғалабага (2:0) эришди.
«Футболиум» каналининг ёзишича, Виетнамга қарши ўйин бош мураббий Сречко Катанец учун миллий жамоа бошқарувидаги 23 учрашувга айланган. Словениялик мутахассис бу борада 24та ўйинга эга Самвел Бабаянга яқинлашди. У йил якунига қадар статистикада икки мураббийни ортда қолдириб, тўртликка кириш имкониятига эга.
Ўзбекистон миллий жамоасида энг кўп ўйин ўтказган мураббийлар:
1. Миржалол Қосимов – 54та ўйин
2. Вадим Абрамов – 44та
3. Рауф Инилеев – 29та
4. Равшан Ҳайдаров – 25та
5. Самвел Бабаян – 24та
6. Сречко Катанец – 23та.
Миллий жамоа мураббийи сифатида эришилган ғалабалар сони бўйича эса Катанец Рауф Инилев ва Равшан Ҳайдаровни ортда қолдирди ва энди январгача бу кўрсаткич бўйича ҳам 3-ўринга кўтарилиб олиши мумкин.
Ўзбекистон миллий жамоасида энг кўп ғалабали ўйин ўтказган мураббийлар:
1. Миржалол Қосимов – 22та ғалаба
2. Вадим Абрамов – 20та
3. Самвел Бабаян – 16та
4. Сречко Катанец – 14та
5. Равшан Ҳайдаров – 13та
6. Рауф Инилеев – 13та.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси январда Қатарда бўлиб ўтадиган Осиё кубогида иштирок этади. Вакилларимизни 16 октябр куни Хитойга қарши яна бир ўртоқлик баҳси кутиб турибди.