Англия Премьер-лигаси Фаластин ва Исроилдаги воқеалар юзасидан баёнот билан чиқиб, навбатдаги тур ўйинлари бир дақиқалик сукут билан бошланишини маълум қилди.
«Премер-лига Исроил ва Ғазо секторида кучайиб бораётган қонли воқеалардан чуқур қайғуда ва тинч аҳоли вакилларига нисбатан даҳшатли ва шафқатсиз зўравонлик ҳаракатларини кескин қоралайди. Биз тинчлик ўрнатилишига умид қиламиз ва вафот этганларнинг оилаларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
Бу воқеалардан жабрланганларга ҳурмат белгиси сифатида Премер-лига футболчилари, мураббий ва мутасаддилари 21-23 октябр кунлари бўлиб ўтадиган ўйинлар учун қора боғичлар тақиб, бир дақиқалик сукут сақлайдилар.
Шунингдек, лига муҳтожларга ёрдам бериш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун Британия Қизил ярим ой жамиятига хайрия қилади», - дейилади АПЛ баёнотида.
Маълумот учун, ҲАМАС аъзолари 7 октябр куни Исроилга ҳужум қилганди. Бунга жавобан Исроил Ғазо секторидаги ҲАМАС қароргоҳларига авиазарбалар бера бошлади. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳар икки томонда ҳам қурбонлар сони 1300 кишидан ошган. Яна минглаб одамлар яраланган.