30.09.2023 23:37
686
Теглар
Кураш Ўзбекистон учун максимал натижа билан бошланди, енгил атлетикада илк медал, шахматда дуранглар — Осиё ўйинлари дайжести

Осиё ўйинлари қизғин паллага кирмоқда. 30 сентябр куни кураш баҳсларига старт берилди ва 3та вазнда ўтган беллашувлар якунида ҳам Ўзбекистон мадҳияси янгради. 

Эркаклар ўртасида -66кг вазнда Артём Штурбабинга тенг келадигани топилмади. Артём финалда қўлидан жароҳат олганига қарамай эронлик рақибини мағлуб этди.

+90 кг вазнда Муҳсин Ҳисомиддинов 2-бор Осиё ўйинлари ғолибига айланди. 

Қизлар ўртасида -52кг вазнда олтин ҳам, кумуш ҳам вакилларимизга насиб этди. Ўзбекча финалда Ҳилола Ортиқбоева Ситора Элмуродовадан устун келди. 

Енгил атлетикада биринчи медал бронза бўлди. Босқон улоқтиришда Суҳроб Хўжаев Хитой ва Қатар атлетларидан сўнг 3-ўринни қўлга киритди. 

Боксда Абдумалик Ҳалоков (-57 кг) чоракфиналга, Баҳодир Жалолов (+92кг) эса 2-раунддаги техник нокаут эвазига яримфиналга чиқди. -71 кг вазнга ўтган жаҳон чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев қозоғистонлик Асланбек Шимбергеновга ютқазиб, мусобақа билан хайрлашди. Қизлардан -54кг вазнда Нигина Ўктамова япониялик рақиби устидан иродали ғалабага эришиб, яримфиналга чиқиш билан бирга Париж олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритди.

Шахматда жамоавий баҳсларда йигитлар жиддий рақиб Ҳиндистон билан муроса йўлини танлашди, қизлар ҳам дуранг қайд этди — Филиппин билан (2:2). 

Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар жамоаси Хитой Тайпейини (2:1) қўшимча бўлимларда мағлубиятга учратиб, яримфиналга йўл олди. Кейинги рақиб — Шимолий Корея.

Байдаркада эшкак эшишда қизлардан Екатерина Шубина ва Арина Танатмишева, йигитлардан Денис Онуфриев ва Озод Амриддинов жуфтлиги 500 метрга сузишда финалга йўл олишди. Каноэда эса йигитлардан Артур Гулиев вв Камрон Аҳтамов жуфтлиги саралашда биринчи бўлиб, ҳал қилувчи баҳсларда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Шунингдек, яккаликда 1000 метрлик масофада Шаҳриёр Маҳкамов (байдарка) ва Владлен Денисов (каноэ) финалга чиқишди. 

Чим устида ҳоккей (Бангладешга 2:4)  сув полоси (Сингапурга 11:14), 3х3 баскетболда (Таиландга 7:19) навбатдаги мағлубиятлар қайд этилди.

Ўзбекистон ҳисобидаги олтинлар 10тага, жами медаллар 37тага етди. Умумжамоа ҳисобида 5-ўринга жойлашганмиз.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар